Спорт | 11:20 / 02.02.2019
17693
12 дақиқада ўқилади

Ҳафта ўйинлари анонси. «Сити» «Арсенал»га қарши, «МЮ» жиддий синов арафасида

Дам олиш кунларида Европа чемпионатларида навбатдаги тур учрашувлари бўлиб ўтади. «Трибуна» шанба ва якшанба кунларининг асосий учрашувлари анонсини тақдим этади.

БАРСЕЛОНА – ВАЛЕНСИЯ (2 февраль, 22:30)

Испанияда, агар «Барселона»нинг ишончли сериясини ҳам эътиборга олсак, чемпионлик интригаси қолмади ҳисоб. Каталонияликлар Ла Лигада охирги марта 11 ноябрь куни мағлубиятга учрашган. Испания Кубогида эса Валверде жамоаси жавоб ўйинида талофатни бартараф эта олишмоқда. Севильядаги 0:2 ҳисобидаги омадсиз ўйин «Камп Ноу»даги 6:1 ҳисоби билан мантиқий якун топди. Айниқса, сўнгги нуқтани қўйган Мессининг голи роса томоша қилишга арзийди, кўрмаган бўлсангиз, кўриб олинг.

Айнан мана шундай ўйинлар ва голлар туфайли биз «Барселона»ни томоша қилаверамиз, Бу сафар рақиб – «Валенсия», ўз тарихига эга, узоққа бормайлик, жамоа шу йили ҳам Чемпионлар Лигасида қатнашди. Валенсияликлар жуда яхши кайфиятда Барселонага ташриф буюрмоқда. «Кўршапалаклар»нинг Испания кубогидаги сўнгги баҳси янада драматик кечди.

Марселино шогирдлари «Хетафе»га сафар ўйинида 0:1 ҳисобида ютқазишганди. Жавоб ўйинида эса, илк сонияларидаёқ гол ўтказиб юборишди. Энди «Валенсия»дан учта гол уриш талаб этиларди. 61-дақиқада Родриго ҳисобни тенглаштирди. Кейин эса, ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Родриго яна иккита гол уриб, жамоаси ғалабасини таъминлади.

«Барселона» билан ўйинга қайтадиган бўлсак, 2016 йилнинг апрелида «Валенсия» «Камп Ноу»да ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққанди. Шундан бери 7 ўйинда «Валенсия» ғалаба қозона олмай келяпти, фақат «Месталья»да икки бор дуранг қайд этилди, холос. Жами бўлиб, охирги 20 ўйиннинг 12тасида «Барселона»нинг қўли баланд келган. Шунингдек, каталонияликларнинг бугунги устози Эрнесто Вальверденинг ҳам мураббий сифатида «Валенсия»га қарши шахсий серияси бор – 9 мағлубиятсиз ўйин.

Таркиблар борасида жароҳат олган Усмон Дембеледан ташқари, дисквалификация туфайли Серхио Бускетс ҳам жамоасига ёрдам бера олмайди. «Валенсия»да эса, аҳвол анча оғирроқ. Эзикиел Гарай, Франсис Коклен, Жофри Кондогбия, Хавьер Хименес – барчаси асосий таркиб ўйинчилари ва улар Марселинога бугун ёрдам бера олишмайди. Гонсало Гуэдеш машғулотларга қайтган бўлса ҳам, ҳали қандай ҳолатда экани маълум эмас.

ЛЕСТЕР – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (3 февраль, 19:05)

Оле-Гуннар Сульшернинг Манчестердаги ғалабали серияси ниҳоясига етди ва энди, жамоанинг бу ҳолатга қандай реакция бериши қизиқ. Моуриньо кетишидан сўнг ҳосил бўлган позитив муҳит инерцияси эдими ёки ростан ҳам мураббий «МЮ» ўйинини тубдан ўзгартирдими? Лестердаги ўйин мана шу муҳим саволга жавоб беради ва айтиш мумкинки, Чемпионлар Лигаси ўринлари учун катта аҳамиятга эга.

«Лестер» эса, мана шундай синов учун жуда муносиб жамоадир. «Тулкилар» бироз беқарор бўлишса-да, салоҳият жиҳатидан ҳар қандай натижани кутиш мумкин. «Манчестер Сити» ва «Челси» устидан қозонилган ғалабаларга кўп бўлмади, ўтган турда эса, «Ливерпуль» чемпионлик пойгасида илгарилаб кетишига йўл қўйилмади. «Юнайтед» билан ўйин ҳам мезбонлар учун ўзига хос аҳамиятга эга бўлади.

Ўзаро ўйинларга келсак, «МЮ»да «Лестер»га қарши анча ижобий серия бор. Эсингизда бўлса, тўрт йил олдин Луи ван Гаал бошчилигидаги «иблислар» Лестерда 3:1 ҳисобида олдинда бориб, якунда ўйин 5:3 ҳисобида мезбонлар ғалабаси билан тугаганди. Бу «камбэк» «Лестер»нинг АПЛда «МЮ» устидан қозонган сўнгги ва ягона ғалабаси бўлиб турибди. Ўтган йили шу стадионда ўтган ўйин ҳам анча қизиқарли кечган – сўнгги дақиқаларда Магуайр томонидан урилган гол «Лестер»ни мағлубиятдан қутқариб қолганди.

Яна бир қизиқ жиҳат, агар «МЮ» ғалаба қозонадиган бўлса, бу жамоанинг сафардаги қаторасига бешинчи ғалабаси ҳисобланади. Бундай натижага клуб охирги марта 2012 йилда, яъни Алекс Фергюсон даврида эришганди.

Таркибларга назар ташласак, машғулотлардаги жароҳат туфайли «Бёрнли»га қарши ўйнай олмаган Антони Марсиял сафга қайтди. Сўнгги ўйинни бироз оқсоқланиб тарк этган Пол Погба ҳам сўнгги хабарларга қараганда, ўйинга тайёр. Мезбонлар таркибида фақат Даниел Амарти жамоадошларига ёрдам бера олмайди. Унинг майдонга қайтиши шу ойнинг охирига мўлжалланган. 

МАНЧЕСТЕР СИТИ – АРСЕНАЛ (3 февраль, 21:05)

Ўтган тур инглиз топ-клублари учун жуда оғир келди. Фақат «Арсенал» ва «Тоттенҳэм» ўз ўйинларини қийин ғалабалар билан якунлай олди холос. Айниқса, аутсайдер майдонида кутилмаганда, уч очко йўқотган «шаҳарликлар»га жуда алам қилгани аниқ. Маълум бўлишича, Пеп Гвардиолага бу мағлубият жуда қаттиқ таъсир қилган ва ўйиндан кейин ярим соатдан кўп вақт давомида футболчиларни кийим алмаштириш хонасида ушлаб турган. Айтишларича, Пепга шогирдларининг мезбонларга етарлича босим кўрсата олишмагани ёқмаган.

Уларнинг бахтига, «Ливерпуль» ҳам бу турда очко йўқотди, Клопп жамоаси «Лестер» билан сафарда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади ва мағлубият «Сити» учун камроқ талофат билан ўтди. Аммо кейинги ўйинларда жамоанинг очко йўқотишга ҳаққи йўқ, тақвим эса, жуда қийин. Бир ҳафта ичида «Манчестер Сити» «Арсенал» ва «Челси» билан ўз майдонида, сафарда эса «Эвертон» билан ўйнаши лозим. Бу ўйинлардаги юз фоизли натижагина Гвардиола жамоаси чемпионлик баҳсини давом эттиришга имконият яратади. Кевин де Брюйненинг йўқлиги айниқса, сўнгги турларда билиняпти, жамоада етакчиликни қўлга оладиган футболчи етишмаяпти. «Манчестер Сити» охирги 9 ўйиндан 4тасини бой берди – таққослаш учун, ундан олдинги 72 ўйинда жамоа шунча мағлубият аламини тотганди.

«Арсенал»нинг ҳам ўз кураши бор. Эмери жамоаси «Челси» ва «Манчестер Юнайтед» билан бирга кучли тўртлик учун курашади. Анча танаффусдан сўнг, ниҳоят бу сафар «тўпчилар» тўртликка кириб олган бўлсалар-да, рақиблар у қадар узоқ эмас. Шунингдек, «Арсенал»нинг сўнгги йилларда «Манчестер Сити»га қарши у қадар муваффақиятли ўйнай олмаётганини таъкидлаш керак. «Этиҳад»даги сўнгги 11 ўйиннинг 7тасида «Арсенал» очкосиз майдонни тарк этган. Умуман, «Арсенал»нинг сафар ўйинлари статистикасига ҳавас қилиб бўлмайди – сўнгги 19 ўйинда 11 мағлубият.

Таркибдаги йўқотишлар борасида меҳмонларнинг, айниқса ҳимоя чизиғининг муаммолари катта. Ҳолдинг, Сократис, Косьелни, Баллерин каби ҳимоячилар жамоага ёрдам бера олишмайди. Шунингдек, Уэлбек мавсум охиригача сафдан чиққан, Мхитаряннинг қачон тайёр бўлиши маълум эмас. Мезбонларда эса, Менди ва Компани жамоага ёрдам бера олишмайди. 

РОМА –МИЛАН (4 февралга ўтар кечаси, 00:30)

Ҳозирда турнир жадвалида қўшни бўлиб турган ва Чемпионлар Лигаси йўлланмасини берувчи тўртинчи ўрин учун курашаётган бу икки жамоа ўйинга икки хил кайфиятда етиб келишмоқда.

«Милан» – тушунарли, мамлакат кубоги баҳсида «Наполи» устидан сўнгги беш йилда қозонилган илк ғалабага эришди. Эришибгина қолмай, бу қай тарзда амалга оширилгани ҳам муҳим, Миланда янги қаҳрамон пайдо бўлгандек. Женоадан ташриф буюрган Кшиштоф Пёнтек дебют ўйинида дублга эришди ва «Наполи» устидан қозонилган ғалабанинг бош сабабчиси бўлди.

«Рома» эса, тескари кайфиятда. Сўнгги ҳафтада иккита жуда аянчли учрашув ўтказишди. Аввалига «Атланта»га қарши ўйинда 3:0 ҳисобида олдинда бораётиб, ғалабани қўлдан чиқаришди. Уч кун ўтиб, Италия кубоги ўйинида «Фиорентина»га 1:7 ҳисобида мағлубиятга учрашди. Изоҳга ҳожат йўқ.

Сафарда ўтган бу икки ўйин учун мухлислардан узр сўрашнинг ягона йўли – «Милан»ни ютиш бўлади, албатта. Жамоалар ўртасидаги ўйинлар доимо муросасизлиги билан эътибор қозонган. Буни статистика ҳам кўрсатиб турибди – охирги 15 ўйиннинг 6тасида «Рома», 5тасида «Милан»нинг қўли баланд келган.

ЛИОН – ПСЖ (4 февралга ўтар кечаси, 01:00)

Агар Францияга мурожаат қилиб, «ПСЖ» ўйинларига аҳамият қаратадиган бўлсак, албатта, «Лион»га қарши ўйин парижликларнинг энг қийин ўйинлари бўлса керак. Турнир жадвали, ораларидаги очко фарқидан қатъи назар, «Лион» алоҳида ўйинда, айниқса, ўз майдонида топ-клубга қаршилик қила олади. Чемпионлар Лигасида «Манчестер Сити»га қарши тенгма-тенг ўйинлар ҳам бунга далил бўла олади.

«ПСЖ» билан Лиондаги ўйинлар статистикаси ҳам бу ўйиннинг анча шиддатли ўтишига далолат қилади. Сўнгги 6 ўйиннинг 3тасида мезбонлар ғалаба қозонишган. Айниқса, ўтган мавсумдаги ўйин кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Ўшанда Мемфис Депайнинг узоқ масофадан урган голи сўнгги дақиқаларда мезбонларга ғалаба олиб келган эди. Ўзаро охирги 24 ўйиннинг 16тасида Париж жамоаси устун келган, 4 ўйин дуранг билан якунланган бўлса, 4 ўйинда «Лион»нинг қўли баланд келган.

Жамоаларнинг спорт формаси борасида ҳам муаммо йўқ. «ПСЖ» умуман мавсумни бир текисда ўтказмоқда. «Лион» эса чемпионатда етти ўйиндан бери мағлубиятга учрагани йўқ. Охирги уч ўйинни ғалаба билан якунлади.

Жароҳатлар борасида «Лион»нинг барча етакчилари сафда. «ПСЖ»да узоқ муддатга сафдан чиққан Неймардан ташқари, Верраттининг ҳам майдонга тушмаслиги аниқроқ. Бу ўйиндан бир ҳафта ўтиб «ПСЖ» Манчестерга, ЕЧЛдаги муҳим ўйинга сафар қилишини эътиборга олсак, Тухель Франция чемпионати ўйинларига бироз енгилроқ қарашни бошлашини тахмин қилиш мумкин, зеро турнир жадвалидаги ҳолат ва катта фарқ билан таъқибчилардан ўзиб кетилгани ҳам бунга имконият беради.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

2 февраль «ТОТТЕНҲЭМ» – «Ньюкасл» (17:30), «Айнтрахт» – «БОРУССИЯ» Д (19:30), «Байер» – «БАВАРИЯ» (19:30), «ЧЕЛСИ» – «Ҳаддерсфилд» (20:00), «НАПОЛИ» – «Сампдория» (22:00), «ЮВЕНТУС» – «Парма» (3 февралга ўтар кечаси, 00:30)

3 февраль. «ИНТЕР» – «Болонья» (22:00), «РЕАЛ» – «Алавес» (4 февралга ўтар кечаси, 00:45)

4 февраль. «Вест Ҳэм» – «ЛИВЕРПУЛЬ» (5 февралга ўтар кечаси, 01:00).

Қаҳрамон Асланов
Тайёрлаган Қаҳрамон Асланов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид