Ўзбекистон | 12:21 / 04.02.2019
8287
3 дақиқада ўқилади

Ҳукумат қарори: пуллик хизмат кўрсатувчи спорт тўгараклари ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат таълим муассасаларининг спорт иншоотларида пуллик хизмат кўрсатувчи спорт тўгаракларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан белгиланишича, 2019 йил 1 февралдан бошлаб:

қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқ жисмоний тарбия соатларидан бўш вақтларида спорт иншоотларида тренерлар томонидан аҳолига, шу жумладан, ўқувчи-ёшлар ва талабаларга кўрсатиладиган жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт хизматлари пуллик асосда амалга оширилади;

давлат таълим муассасаларининг спорт иншоотларида тренерлар томонидан кўрсатилган хизматлар учун тушган тўловнинг 20 фоизи коммунал хизматлар харажатларига йўналтирилади, қолган қисми давлат таълим муассасаси ва тренерлар ўртасида тенг миқдорда тақсимланади.

Давлат таълим муассасаларининг спорт иншоотларида пуллик хизмат кўрсатувчи спорт тўгаракларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, шуғулланувчилар томонидан  спорт тўгаракларига қатнашиш учун таълим муассасаси раҳбарига ариза ва бошқа тегишли ҳужжатлар тақдим этилади.

Аризаларни кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузилади ва улар томонидан шуғулланувчиларнинг лаёқати аниқланади.

Шунга кўра, таълим муассасаси раҳбари ва шуғулланувчилар ўртасида спорт тўгарагига қатнашиш бўйича белгиланган тартибда шартнома тузилади.

Пуллик хизмат кўрсатганлик учун тўлов миқдори тренер томонидан таълим муассасаси раҳбарияти билан келишилган ҳолда белгиланади.

Тўловлар ҳар ойда келгуси ойнинг 10-санасидан кечикмасдан амалга оширилади.

Кам таъминланган оилалардан бўлган шуғулланувчилар пуллик хизмат кўрсатилганлиги учун белгиланган тўловларни имтиёзли равишда 50 фоиз миқдорида амалга оширади. Бунда оиланинг кам таъминланганлиги тўғрисида маҳалла томонидан бериладиган маълумотнома таълим муассасаси раҳбарига тақдим этилади.

Бир оиладан икки ёки ундан ортиқ фарзанд иштирок этган тақдирда, пуллик хизмат кўрсатилганлиги учун белгиланган тўловларни имтиёзли равишда ҳар бири учун 70 фоиз миқдорида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

бир ой муддатда спорт турлари, энг аввало, оммавий спорт турлари бўйича янги қўшимча секция ва гуруҳларни ташкил этиш ҳисобига спорт иншоотларидан фойдаланиш даражасини ошириш чораларини кўради;

пуллик хизмат кўрсатиладиган спорт иншоотларининг манзили, иш вақти, кўрсатиладиган хизмат турлари ва нархлари ҳақидаги маълумотлар Интернет жаҳон ахборот тармоғида доимий равишда кенг ёритилишини йўлга қўяди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид