18:11 / 04.02.2019
19621

Нега айрим туманлардан абитуриентлар ўқишга кўп қабул қилинмоқда?

Ma’rifat газетаси ДТМ маълумотлари асосида Олий таълим муассасаларига кириш бўйича маълумотларига эътибор қаратди. Уларда республика бўйлаб 199та туман ва шаҳарларда талаба бўлиш истагида ОТМга ҳужжат топширган абитуриентлар ва улар орасидан неча фоизи талабаликка тавсия қилингани ёритиб берилган.

Республикада бу борада Бухоро ва Навоий абитуриентлари етакчилик қилаётгани ҳақида аввал хабар берилган эди.

Абитуриентлар энг кўп талабаликка тавсия этилган ўн туман/шаҳарлардан еттитаси Бухоро вилоятига (Шофиркон, Вобкент, Пешкў, Қоракўл, Ғиждувон, Қоровулбозор туманлари ва Бухоро шаҳри) тўғри келган бўлса, қолгани Навоий вилоятида (Зарафшон, Навоий шаҳарлари, Қизилтепа тумани) жойлашган. Уларда ўқишга кирганларнинг ҳужжат топширганларга нисбати 19,7-22,1 фоиздан иборат.

Шу ўринда савол туғилади – бу ҳудудлар, хусусан Бухоро вилояти қандай қилиб бундай юқори кўрсаткичларга эришган? Албатта, бу борада расмий эълон қилинган бирор ҳужжатни топиш қийин. Лекин айрим омиллар борки, улардан кўз юмиб бўлмайди.

Бухоро шаҳрида, шунингдек вилоятнинг Қоракўл туманида абитуриентларни тайёрлаш бўйича бир неча йиллик анъаналарга эга ниҳоятда кучли тизим шаклланган. Бу ҳудуднинг ўқитувчилари бир неча ўқув марказларида ўқувчилар билан жуда жиддий шуғулланишади. Аввало атрофдаги туманлардан, шунингдек қўшни вилоятлардан, ҳатто пойтахтдан ҳам абитуриентлар бориб, шу ҳудудда таҳсил олишлари айтилади. Бу тизим асосида пойтахтда ҳам бир неча ўқув марказлари фаолият юритади.

Энг қизиғи, бу тайёрлов тизимидан ўтган ва кейинчалик талабага айланган ёшларнинг кўпчилиги кейинчалик йирик шаҳарларда, асосан пойтахтда ўзлари алоҳида репетиторлик билан шуғулланишади.

ДТМ томонидан бу рўйхатнинг эълон қилиниши ҳам қизиқарли, ҳам фойдали албатта. Аввало ҳудудлардаги бу борадаги мавжуд реал ҳолатни кўрсатади. Шунингдек, соғлом рақобат муҳити юзага келади, маълум туманларнинг тажрибаси бошқа жойларга татбиқ этилади.

Шу билан бирга, эълон қилинган маълумотда бир қатор қизиқарли фактлар учрайди.

Масалан – аҳолиси (430 минг) энг зич ва йирик шаҳар, вилоят марказларидан бири бўлган Андижон шаҳридан ОТМга ҳужжат топширган абитуриентлар сони 6314 нафар бўлгани ҳолда уларнинг фақат 493 нафари (7,8 фоизи) талабаликка тавсия этилган. Қиёслаш учун вилоят маркази ёки йирик шаҳар ҳисобланмайдиган Денов туманидан 7239 абитуриент ҳужжат топширган ва уларнинг 578 нафари талабаликка тавсия этилган. Ёки Ургут туманида бу кўрсаткич 6046/481, чўл ҳудуди ҳисобланган Чироқчида 6891/619  бўлгани ҳам андижонликлар ўйлаб кўриши керак бўлган ҳолатдир.

Аброр Зоҳидов

Top