Жаҳон | 10:40 / 05.02.2019
5041
2 дақиқада ўқилади

Сальвадорлик сайловчилар фаластинлик номзодга овоз беришмоқда

Фото: Jose Cabezas / Reuters

4 февраль куни Сальвадорда президентлик сайловларининг илк тури бўлиб ўтди. Мамлакат тарихида илк бор ўтган асрнинг 80-йиллари – фуқаролар урушидан буён сиёсий ҳаётда етакчи икки партияга аъзо бўлмаган номзод давлат раҳбари бўлиши мумкин. Сўровномаларга кўра, мустақил номзод, этник фаластинлик Нойиб Букеле сайловларда ғалабага яқин турибди.

Сальвадордаги Франсиско Гавидиа университети, Consulta Mitofsky Мексика компанияси ва Сальвадор технологик университети ўтказган ижтимоий сўровга кўра, биринчи турда янги тўлқин сиёсатчиси Нойиб Букеле ғалабага эришиши прогноз қилинмоқда. Сўровномалар асосида 58 фоиз, 57 фоиз ва 55 фоиз натижа билан Букеленинг ғалабаси тахмин қилинган.

Нойиб Букеле — президентлик сайловларида қатнашаётган энг ёш номзод, у 37 ёшда. Келиб чиқиши Фаластиндан (Сальвадорда 100 мингга яқин этник фаластинлик яшайди, эътиқоди асосан христианлик бўлган фаластинликлар мамлакатга XX аср бошида кўчиб келган).

Букеле 18 ёшидан тадбиркорлик билан шуғулланади. El Faro газетаси маълумотларига кўра, Нойиб Букеле Yamaha фирмаси товарлари дистрибуцияси билан шуғулланувчи компания ва Obermet реклама агентликларининг эгасидир. 2012 йилда у Нуэво-Кусклатан шаҳарчаси мэри, сўнг 2015 – 2018 йилларда Сальвадор пойтахти Сан-Сальвадор мэри сифатида фаолият олиб борган.

Букеле ижтимоий тармоқлардан жуда фаол фойдаланади. Facebook’да унинг саҳифасини 1,45 миллион фойдаланувчи кузатиб боради. У президентликка ўз номзодини қўймоқчилиги ҳақида ҳам айнан Facebook орқали эълон қилган ва видеоролик 1 миллион мартадан ортиқ кўрилган.

Маълумот учун, Сальвадор Республикаси Марказий Америкадаги давлат бўлиб, шимоли-шарқда Ҳондурас, ғарбда эса Гватемала билан чегарадош. Майдони 21,5 минг кв км бўлиб, аҳолиси 6,3 миллион кишидан зиёддир. Амалдаги президенти Сальвадор Санчес Серен ҳисобланади.

Мирзаёр Эркинов
Тайёрлаган Мирзаёр Эркинов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид