Жамият | 20:15 / 06.02.2019
39293
3 дақиқада ўқилади

O'zbekiston 24 айбсизлик презумпциясини четлаб ўтяпти

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси таркибига кирувчи O'zbekiston 24 ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда тайёрланган лавҳада мамлакат қонунчилигида белгилаган айбсизлик презумпциясини четлаб ўтяпти. Бу ҳақда телеканал эфирга узатган лавҳага таянган ҳолда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

«Бели оғримасдан нон ейишни, ўғрилик ортидан даромад топишни касб қилиб олганлардан бири Ҳ.Д.дир (телеканал айбланувчининг исми-шарифини тўлиқ таъкидлаган — таҳр.)», —деб бошланади лавҳа. 

O'zbekiston 24 мухбирлари ҳали суд қарори билан шахснинг жинояти тасдиқланмай, Ҳ.Д.нинг барча шахсий маълумотлари ва юз кўринишини эфир орқали оммага кўрсатган ҳолда уни жиноят содир этганини тасдиқлаган. 

Бош прокуратура матбуот котиби Сурайё Раҳмонованинг Kun.uz'га маълум қилишича, Ҳ.Д.га нисбатан 2018 йил​ 28 декабрда Ўзбекистон Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «​а»​ банди, 227-моддаси 2-қисми «​а»​ бандлари билан айблов эълон қилинган ва унга нисбатан ​юритилган жиноят иши ўтган йилнинг 29 декабрь куни судга юборилган.

Олий суд расмий вакили Азиз Обидовга кўра, Ҳ.Д.​ иши бўйича суд якуний қарорига келмаган ва суд иши ҳали давом этмоқда. Яъни Ҳ.Д.​ ҳаракатлари юзасидан кучга кирган суд ҳукми мавжуд эмас. 

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади. Яъни ҳар ким, жумладан ОАВ ҳам айбсизлик презумпцияси тамойилига қатъий амал қилишга мажбур. 

Дастлабки терговнинг ҳолатлари ва унга жалб қилинган шахслар ҳақида кенг жамоатчиликка турли талқиндаги хабарларни тарқатиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида белгиланган айбсизлик презумпцияси қоидаларига зид ва бундай ҳолатлар ўзгаларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказиши мумкин.​

Мавзуга оид