17:24 / 06.02.2019
18929

Евроиттифоқнинг Ўзбекистон билан музокаралар бўйича режалари ошкор этилди

Фото: Reuters/Yves Herman

Евроиттифоқ Ўзбекистон билан янги кенг қамровли битим бўйича музокараларни имкон қадар тезроқ якунлашни режалаштирмоқда. Унинг имзоланиши сармоялар учун қулай муҳит яратишга, шунингдек, ташқи сиёсат масалалари бўйича ҳамкорликни таъминлашга имкон беради, деб ҳисобланмоқда. Бу ҳақда РИА Новости ЕИ тузилмаларидаги манбаларга асосан хабар берди.

ЕИ делегацияси Ўзбекистонда томонлар ўртасида кенгайтирилган шериклик тўғрисидаги янги битим бўйича музокараларнинг биринчи босқичини ўтказмоқда. Битим 1999 йилдан буён амалда бўлган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги ҳозирги келишувни алмаштиради.

ЕИнинг битим бўйича музокаралар позицияси ўтган йил июль ойида тасдиқланган эди. Кутилишича, бўлажак битим сиёсий мулоқот ва ислоҳотлар, қонун устуворлиги, адлия, эркинлик ва хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари, коррупция билан кураш, миграция ҳамда савдо, шунингдек, иқтисодий ва барқарор ривожланиш каби соҳаларни қамраб олади.

Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги кенгайтирилган битим туфайли ЕИ Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни, хусусан, демократлаштириш ва бозор иқтисодиётига оид сўнгги қадамларни, шунингдек, минтақавий ҳамкорликнинг янги динамикани янада яхшироқ қўллаб-қувватлай олади.

Top