03:18 / 07.02.2019
22288

“Толибон” ИШИДга қарши курашишдан манфаатдорлигини билдирди

Фото: AFP

“Толибон” ҳаракати Афғонистонда ИШИДга қарши курашдан манфаатдорлигини билдирди. Бу ҳақда Афғонистон президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича собиқ маслаҳатчиси ва бўлиб ўтажак президент сайловларига номзод Муҳаммад Ханиф Атмар журналистларга айтиб ўтди.

Афғонистонда ҳукумат кучлари ва “Толибон” жангарилари ўртасида қарама-қаршилик кетмоқда. Шунингдек, мамлакатда ИШИД гуруҳи таъсири кучайган. Афғонистон мудофаа ва хавфсизлик миллий кучлари бутун мамлакат бўйлаб террорчиликка қарши қўшма операциялар олиб бормоқда. 

Москвада Афғонистон бўйича ўтаётган музокараларда “Толибон” делегациясининг раҳбари Шер Муҳаммад Аббос Стоникзой АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши муддати бўйича қарор ҳали йўқлигини маълум қилган.

“АҚШ кучлари иложи борича тезроқ кетиши лозим, бироқ бирор қарор, бирор келишув йўқ. Биз музокаралар олиб бормоқдамиз”, деб айтган Стоникзой журналистларга. 

Аввалроқ Афғонистон делегациясининг бошқа аъзоси америкаликлар қўшинларининг ярмини апрель охиригача олиб чиқишга ваъда беришганини маълум қилган. 

Шунингдек, Москвадаги анжуманда томонлар кейинги йиғилишни Қатарда ўтказишга келишиб олишган.

Top