Ўзбекистон | 15:31 / 09.02.2019
12686
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура солиқ имтиёзлари қўлланилмаган ҳолатларни аниқлади

Фото: Depositphotos

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура томонидан ногиронлиги бўлган фуқароларнинг мол-мулки ва ер участкасига нисбатан солиқ имтиёзларининг қўлланиши аҳволи ўрганилганда 2 944 нафар (2,4 %) ногиронлиги бўлган шахсларга солиқ имтиёзлари қўлланилмасдан қолгани маълум бўлган​. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Сурайё Раҳмонова Kun.uz'га хабар берди. 

Ўзбекистон Солиқ кодексига кўра, I ва II гуруҳ ногиронларининг 60 кв.м.гача бўлган мол-мулкига солиқ солинмайди ҳамда улар ер солиғидан тўлиқ озод қилинган.

2018 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, Республикада ногиронлиги бўлган шахсларнинг жами 699 900 нафари қайд этилган, шундан I гуруҳ-64 176, II гуруҳ-464 254, III гуруҳ-71 492, 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар-99 978 нафарни ташкил этади. Уларнинг 528 430 нафар​и солиқ имтиёзига эга.

«Солиқ кодексига асосан 121 493 нафар ногиронлиги бўлган шахсларга мол-мулк солиғи бўйича имтиёз қўлланилиб, 116 629 нафари ер солиғидан озод қилинган. Ўрганиш давомида 2 944 нафар (2,4 %) ногиронлиги бўлган шахсларга солиқ имтиёзлари қўлланилмасдан қолганлиги аниқланди», —​ дейилади Бош прокуратура ахборотида.

Бош прокуратура ушбу ҳолатнинг келиб чиқишига:

– солиқ, молия, кадастр идоралари, пенсия жамғармалари ва тиббий-меҳнат эксперт комиссияларининг солиқ имтиёзига эга бўлган ногиронлиги бўлган шахслар ҳақида ўзаро маълумот алмашинуви тўғри йўлга қўйилмаганлиги;

– солиқ имтиёзлари билан билан боғлиқ тарғибот тадбирларининг етарлича ўтказилмаганлиги сабаб бўлганини таъкидламоқда.

«Ўрганиш натижасида 2 944 нафар ногиронлиги бўлган шахсларга 143,1 млн. сўм мол-мулк солиқ имтиёзи, 2 694 нафарига 184,0 млн. сўм ер солиғидан озод қилиниши, жами 2 944 нафар ногиронлиги бўлган шахсларга 327,1 млн. сўмлик солиқ имтиёзлари қўлланилиши таъминланди», —​ дея таъкидланади Бош прокуратура ахборотида.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид