Ўзбекистон | 23:52 / 12.02.2019
8755
2 дақиқада ўқилади

Мудофаа вазирлиги марказий аппарати офицерлари Катта Чимёнда машғулотлар ўтказишди

Фото: Мудофаа вазирлиги

Мудофаа вазирлиги тоғ тайёргарлиги ўқув-машқлар маркази ҳамда Тошкент ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмда 3 кун давомида “Ўзбекистон Қуролли Кучларида тоғ тайёргарлиги тизимини янада такомиллаштиришнинг истиқболли йўналишлари” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Унда Мудофаа вазирлиги марказий аппарати офицерлари, ҳарбий округлар қўмондонларининг ўринбосарлари, олий ҳарбий таълим муассасалари тоғ тайёргарлиги йўриқчилари ҳамда тегишли вазирлик ва идораларининг соҳа мутахассислари иштирок этди.

Анжуман аввалида, Сурхондарё вилоятида 2000 йилги жанговар ҳаракатларда мардларча ҳалок бўлган ўғлонлар ёдга олиниб, хотира мажмуасига гулчамбар қўйилди.

Шундан сўнг, етакчи мутахассислар томонидан Қуролли Кучларда тоғ тайёргарлиги тизимини янада такомиллаштиришнинг истиқболли йўналишлари, етакчи хорижий давлат армияларининг ҳарбий альпинизмдаги тажрибаси, ҳарбий хизматчиларни тайёрлашнинг замонавий услублари ҳақидаги маърузалар тингланди.

Кунинг иккинчи ярмида ҳарбий қисм ва муассасаларда тоғ тайёргарлиги назарий ва амалий машғулотларини янгича ёндашув асосида ташкил этиш ва ўтказиш бўйича услубий кўргазмали машғулотлар бўлиб ўтди. Анжуман қатнашчилари машғулотлар давомида тоғ йўналишлари бўйлаб 20 км масофага марш уюштирди.

Катта Чимён ҳудудида тоғ тўсиқларини ошиб ўтишни тезлаштирувчи ва енгиллаштирувчи воситалардан фойдаланиш усуллари, экстремал шароитларда яшовчанликни ошириш, жароҳат олганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва уларни тоғли ҳудудларда хавфсиз жойга кўчириш, баланд тоғ ҳудудларида ўқотар қуроллардан фойдаланиш каби ўқув жойларида кўргазмали амалий машғулотлар ташкил этилди.

Тадбир сўнгида илмий-амалий анжуманда фаол иштирок этган ҳарбий хизматчиларга Мудофаа вазирлиги томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Мавзуга оид