Ўзбекистон | 22:54 / 13.02.2019
19114
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон учун тожик электр энергияси нархи ошиши мумкин 

Тожикистон ва Ўзбекистон электр энергия компаниялари келаётган баҳор-ёз мавсумида тожик электр энергиясининг Ўзбекистонга етказиб берилиши бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Asia-Plus нашри хабар берди. 

“Ўзбекистонлик ҳамкасблар билан бу масалада музокаралар олиб борилмоқда. Мавжуд масалалар икки давлат делегацияларининг навбатдаги учрашувида ҳал қилиниши ва тегишли келишув имзоланиши кутилмоқда”, деб айтган “Барқи точик” энергетика компанияси раҳбари ўринбосари Мадумар Асозода.

Унинг таъкидлашича, барча томонлар Ўзбекистон тожик электр энергиясини сотиб оладиган нарх бўйича келишишмоқда.

“Барқи точик” раҳбари Мирзо Исмоилзоданинг таъкидлашича, Тожикистон жорий йилда ўз электр энергияси учун ўтган йилга нисбатан юқорироқ нарх таклиф қилмоқда. 

Ўтган йил Ўзбекистон тожик электр энергиясининг ҳар бир киловатти учун 2 цент тўлаган. Шу билан бирга Тожикистонда электр энергия нархи ўртача 17 дирам (1,8 цент), таннархи эса 16 дирамни (1,7 цент) ташкил қилган.

Асозоданинг айтишича, жорий йилда Ўзбекистонга 1,6 млрд кВт-соат, яъни 2018 йилдагига нисбатан деярли 200 млн кВт-соат кўпроқ электр энергия етказиш режалаштирилмоқда. 

2018 йилда Ўзбекистонга 1 млрд 480 млн кВт-соат электр энергия етказиб берилган.

Тожикистон 9 йиллик танаффусдан кейин 2018 йил апрелидан Ўзбекистонга электр энергия етказиб беришни қайта бошлаганди.

Мавзуга оид