22:59 / 16.02.2019
13446

Аҳолини янги турар-жойга кўчириш бўйича мобиль гуруҳ ташкиллаштирилиши мумкин

Тошкент шаҳрида янги қурилиш ишлари, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Аммо бу борада бир қатор муаммоларга ҳам дуч келинаётгани шаҳар ҳокимияти ўтказган матбуот анжуманида таъкидланди. 

Хусусан, ҳокимият аппарати вакилларининг айтишича, эски уйлар бузилиб, аҳолини янги турар-жойга кўчиришда фуқаролар ўртасида норозилик ҳолатлари ҳам учрамоқда. Бундай эътирозлар асосан уй нархининг белгиланиши, компенсация тўлови, кафолат хати, кўчишни истамаслик кабилар билан боғлиқ.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бу борада шаҳар кенгаши депутатларидан қўллаб-қувватлашни сўради.

«16 нафар одамдан 14таси янги уйга кўчишга рози. Лекин иккитаси кўчмайман, бу менинг ота уйим, деб оёқ тираб туради. Компенсация тўланишига ҳам, уйнинг ошириб баҳоланишига ҳам рози бўлмай тураверади. Бундай вазиятда биз нима қилишимиз керак?! Бу борада тушунтириш ишларини олиб боришда депутатларнинг фаолроқ бўлишини истардим. Чунки уларни халқнинг ўзи ишониб сайлаган», — деган у.

Йиғилишда аҳолини янги турар-жойларга кўчиришда муаммолар юзага келганда махсус ишловчи мобиль гуруҳни ташкиллаштириш таклиф қилинди. Таклифга кўра,  бу гуруҳга шаҳар ҳокимияти, туман кенгаши депутати, маҳалла фуқаролар йиғинидан вакиллар киритилади. 

Хонадон эгалари янги турар-жойга кўчишни истамаганда, уйни баҳолашда зиддиятлар юзага келганда, ҳужжатлар билан боғлиқ келишмовчиликларда мобиль гуруҳ ишга аралашади ва муаммони бартараф этишга ёрдам беради.

Мазкур таклиф шаҳар ҳокимияти аппарати ҳамда анжуман иштирокчилари томонидан маъқулланди. У тез орада амалиётга жорий этилиши ҳам мумкин.

Top