«Реал» ва «Барселона»: Янги майдондаги рақобат
Келаси ҳафтада нафақат Испания, балки дунёнинг икки энг машҳур клуби қаторасига икки ўйинда орани очиқ қилади. Дастлаб, Испания Кубоги масаласи ҳал қилинса, кейин, Ла Лигадаги рақобатга ойдинлик киритилади. Аммо бу икки клубнинг рақобати фақат майдонда, футбол натижаларида эмаслигини ҳамма билади. Қуйида клубларнинг молиявий майдондаги рақобати ҳақида ҳикоя қилинади.
Football Money League компаниясининг анъанавий йиллик ҳисоботи футбол клублари даромадларини уч асосий манба асосида ажратади: тижорат, трансляциялар ва ўйин кунлари. Matchday тушумлар – яъни ўйин кунларидаги даромад бу учлик ичида энг камтари, одатда умумий даромаднинг 9-25 фоизини ташкил қилади. Аммо айнан мана шу йўналишга эътибор қаратган клублар шу томондан оқсайдиган рақибларини сезиларли ортда қолдириши мумкинлигини ҳам кўрамиз. Масалан, даромадли клублар рейтингида «Арсенал» қўшниси – «Тоттенҳэм »ни айнан Matchday тушумлари ёрдамида ортда қолдирмоқда. 111,6 еврога 85,2 евро. Айнан шунинг учун «Тоттенҳэм» янги стадионни қуриб битиришга шошилмоқда.
Янги арена қуриш ёки эскисини модернизация қилиш фақат сиғимни кўпайтириш билан чекланмайди, шунингдек, томошабинлар учун премиум-зоналар ташкил қилиш, клуб магазинлари ва бошқа ҳудудлардаги шароитларни яхшилаш ҳам аҳамиятга эгадир. «Ливерпуль» «Энфилд» сиғимини қўшимча 8500 ўринга ошириб, ўйин кунги даромадларни 4 миллионга оширди, ҳудудда янги дўконлар ва алоҳида томоша қилиб залларини ташкил қилиб эса, бу даромадни 12 миллионга кўпайтирди. Бошқа клублар, жумладан, Испания грандлари ҳам шу йўналишга кўпроқ эътибор қаратишни бошлади: «Реал» ва «Барселона» учун ўз стадионларини реконструкция қилиш алоҳида рақобат мавзусига айланди ва бир вақтда бу ниҳоясига етиши кутилмоқда.
«Реал»: Янгича вип-ложалар ва киберспорт
Football Money League’нинг янги рейтингида иқтисодий томондан энг муваффақиятли жамоалар руйхатида «Реал» 1-ўринга қўйилди. 2017/18 йилги мавсумда Мадрид клуби 750,9 евро миқдоридаги рекорд даромад қайд этди ва бундан 356 миллиони тижорий даромадлар, яъни ҳомийлик шартномалари ва бренд маҳсулотлар сотувидан келиб тушди. Трансляциялардан тушум бўйича эса, «Реал» «Ливерпуль» билан биргаликда етакчи бўлган. Инглизлар клуби кўпроқ миллий чемпионатда кўпроқ пул топган бўлса, Чемпионлар Лигасини учинчи марта қаторасига ютган «Реал» шу турнирда энг кўп пул топди.
«Реал» фақат учинчи манба бўлмиш, юқорида тилга олинган Matchday тушумлари бўйича иккинчи ўринга (143,4) тушиб қолди, яъни, ўйин кунлари чипталар ва махсус дастурлар, шунингдек, озиқ-овқатлар ҳамда ичимликлар савдосидан келадиган даромадлар бўйича «Барселона»дан (144,8) салга ортда қолган. Бунинг ҳам сабаби маълум, «Реал» уй ўйинларини ўтказадиган «Сантьяго Бернабеу» 81 044 томошабинга, «Камп Ноу» эса, 99 244 томошабинга мўлжалланган.
2018/19 йилги мавсум бошида «Реал» ўзининг асосий юлдузи Криштиану Роналдудан айрилди, балки шунинг учун кейинги ҳисоботларда «Реал»нинг даромадларида пасайиш кузатилади, аммо айнан 2019 йилнинг апрелидан «Реал» катта лойиҳани бошлайди – «Сантьяго Бернабеу» реконструкция қилинади.
Стадион модернизацияси салкам 3,5 йилга чўзилади ва клубга камида 525 миллион еврога тушади. Қизиғи, стадион сиғими эски ҳолатда қолади, фақат ҳудуд кенгайиб, ичкарига янги магазинлар, хусусан асосий ҳомий Adidas’нинг савдо шохобчалари учун жой ажратилади. Бундан ташқари, клуб музейи кенгайтирилиб, ўйингоҳ атрофига кичик отеллар жойлаштирилади. У ерда ўйингоҳ тўлиғича кўриниб турадиган алоҳида номерлар ҳам бўлади. Мана шундай ўзига хос вип-ложалардан келадиган пуллар албатта, қўшимча бир-икки минглик ўриндиқлардан келадиган даромаддан бирмунча кўпроқ бўлади. Шунингдек, фасад остида киберспорт аренаси бўлади – эҳтимол, «Реал» яқин йилларда ўз киберспорт жамоасига эга бўлиши мумкин.
Ташқи кўриниш жиҳатидан энг эътиборли томони – стадион ва унинг атрофидаги янги қурилган объектларини ёпиб турувчи ажойиб фасадни айтиш мумкин. Ташқи қисмда ўзига хос рангли монитор ўрнатилиб, «Реал» тарихидаги нурли ўйинлардан лавҳалар ва албатта, реклама бериб турилади. Gerkan, Marg and Partners немис компанияси айнан визуал эффектлар технологиялари учун 100 миллион евродан кўп пул сарфлайди. «Сантьяго Бернабеу» тарихида илк марта тепадан очилиб-ёпиладиган томга эга бўлади – демак, у ерда нафақат футбол, балки бошқа йирик тадбирларни ҳам ўтказиш имконияти кенгаяди. Флорентино Переснинг айтишича, лойиҳа клуб даромадини йилига 150 миллион еврога оширади ва клуб Криштиану Роналдунинг кетишини молиявий томондан тезроқ «унутиши мумкин».
Энг муҳими, шундай ўзгариш ва қурилишлар даврида ҳам «Реал» бу стадионда ўз ўйинларини бемалол ўтказа олади, яъни жамоа тақвимига ҳеч қандай таъсир ўтказмайди.
«Барселона»: Экотехнологиялар ва 300 миллионлик ном
Юқорида айтилганидек, ўйин кунларидаги даромадлар бўйича «Камп Ноу» соҳиби «Барселона» рейтингда энг юқори кўрсаткични қайд этди. Аммо сўнгги йилларда Испания чемпионатида тенгсиз бўлган ва таркибида Лионель Месси ўйнайдиган жамоа стадиони ўтган мавсумда фақат 69 фоизга тўлди, холос. «Камп Ноу»даги охирги ишлар 1982 йилда, стадионни жаҳон чемпионатига тайёрлаш пайтида амалга оширилганди. Ўтган вақт мобайнида маркетинг жиҳатидан ҳам, клуб сифатида ҳам анча ривожланган «Барселона» учун «Камп Ноу»да модернизация қилиш даври аллақачон келган.
Молиявий инқирозга (2008 йил) «янги Камп Ноу»нинг бош архитектори Норман Фостер бўлиши кўзда тутилганди, аммо якунда 600 миллионлик лойиҳа тендерини Япония компанияси бўлмиш Nikken Sekkei ютиб олди. Японлар Каталониянинг Pascual i Ausió Arquitectes компанияси билан ҳамкорликда иш олиб боради. Стадион сиғими 105 000 ўриндиқдан иборат бўлади, яъни, VIP-ложаларда аввалгидан 5-12 см кенгроқ бўлган алоҳида 6 000 кресло қўйилади. Пастки ярус бурчаги эса, ўйингоҳ янада қулай кўриниши учун янада ўткир қилинади. Ҳозирда том фақат бир трибунани ёпиб турган бўлса, таъмирлаш ишларидан сўнг барча трибуналар ёпиладиган бўлади.
Барселона – шаҳарчилик ва режалаштириш бўйича Европа марказларидан бири бўлгани туфайли, «Камп Ноу»нинг янги лойиҳаси ҳам маҳаллий ҳукумат билан узоқ муҳокама қилинди. Натижада, барча автотураргоҳлар ер остига кўчирилиб, стадион атрофида янги боғлар ташкил қилинадиган бўлди. Футбол мухлислари ва шаҳар меҳмонлари учун яна бир янгилик – аренанинг ташқи тарафида қўшимча яруслар қурилиб, у ердан ўйингоҳ кўринмаса-да, бутун шаҳарни томоша қилиш мумкин бўлади.
Реконструкция ишлари 2019 йилнинг баҳорида бошланиши режалаштирилган. Худди Мадриддаги стадион сингари, бу ерда ҳам ишлар 3,5 йил давом этади ва «Барселона» ҳам бемалол шу даврда уй учрашувларини «Камп Ноу»да ўтказаверади.
Бу харажатларни қопловчи асосий манба стадион номининг сотилишидир. Асосий даъвогар сифатида Каталониянинг Grifols фармецевт компанияси тилга олинмоқда ва Жозеп Бартомеу бу шартнома тахминан 300 миллион еврога баҳоланишини айтиб ўтди.
«Биз бу сумма лойиҳа харажатларининг камида ярмини ёпишидан умидвормиз», – дейди клуб президенти.
Агар бу келишув амалга ошса, футболдаги энг катта шартномалардан бири бўлади, масалан, «Арсенал» 10 йил учун Emirates’дан 200 миллион евро олган. Аммо бу шартномага кўра, пуллар фақат стадион номи учун тўланмаган, лондонликлар жамоа либосларига ҳам ушбу компания логотипларини туширишган.
Ҳаммаси яқин йилларда амалга ошади, «Барселона» мухлислари учун эса, фақат бир юмуш, уларнинг ёқимтойи Лионель Месси ҳам янгиланган «Камп Ноу»да ўйнашга улгуришини орзу қилиш қолди, холос.
Forbes материали асосида
Мавзуга оид
12:28
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
00:08
«Реал» ўз йўлига тушиб олиши учун ҳал қилиниши керак бўлган 6 масала
13:17 / 06.11.2024
ЕЧЛда сенсациялар куни. «Реал» ва «Сити» ютқазди
12:26 / 04.11.2024