Шахмат тахтасида навбатдаги юриш. Македония нега НАТОга кирмоқда?
Ёш йигитлар гаплашиб туришса бир-бирларига «Мессими ё Роналду?», «Реал»чимисан ё «Барселона»чими?», дея савол беришади. Шундай интригали саволлардан сўнг суҳбат ўз-ўзидан қизиб кетади. Каттароқ давраларда эса юқоридаги иккита варианти бор савол бошқача кўриниш олади: Россиями ёки Америка? Бу икки йирик давлат узоқ йиллардан буён деярли барча соҳада рақобатлашиб келади. Машҳур асарда ёзилганидек: «Улар ҳоккей жамоалари ўртасидаги ўзаро учрашувда киритилган шайбага ҳам сиёсий ютуқ сифатида баҳо беришади». Бу давлатлар шунчалик қудратлики, бошқа мамлакатларда ҳам одамлар «америкачи» ёки «россиячи»га бўлинишади.
Бу «рақобатда» бизда устунлик ким томонда деб ўйлайсиз? Шубҳасиз, устунлик «россиячилар» томонда. Биринчидан, Россия собиқ «катта оға», иккинчидан, миллионлаб ватандошларимиз Россияда меҳнат қилиб рўзғор тебратяпти, тўйлар қиляпти.
Яқинда бир таксичи амаки билан гаплашиб қолдим. Гапдан гад чиқди-ю, АҚШ жуда ажойиб давлат экани, шунчалик ажойибки, бутун дунёда миллионлаб одамлар у ерга бориб ишлашни орзу қилишларини айтдим. Шунда ҳамсуҳбатим жаҳл билан шундай деди: «Ука, сен ўзи телевизор кўрасанми? Рассия (ҳа, айнан Рассия) Америка соҳилларига сув ости кемаларини обориб териб қўйган, лекин улар билмайди. Сен бўлсанг Американи мақтайсан?». Марказий разведка бюроси агентлари ҳам билмайдиган маълумотларга эга бўлган одам оддий такси ҳайдаб юрганидан ҳайрон бўлдим-у, ортиқ тортишмадим.
Бу икки давлат қуролларини бир-бирининг «бурнига тираб қўйиши» ҳақидаги «афсоналар» бежизга пайдо бўлмайди. Кубада Россиянинг машҳур ҳарбий радиоэлектрон маркази борлиги сир эмас. Фидель Кастро ҳам Россияга келганида бежизга «Вива, Ленин!» деб хитоб қилмасди. Лекин икки мамлакат ўртасидаги сиёсий шахмат ўйинида энг кучли юришни барибир Америка қилади. 1949 йил Вашингтонда НАТО деган ҳарбий ташкилотга асос солинади. Бу ташкилот расман Американики эмас, лекин альянс Россия ҳудудлари томон кенгайиб бормоқда. Тез орада «наточилар» сони яна биттага ортади.
НАТОга шу вақтгача 29 мамлакат аъзо бўлганди. 12 февраль куни уларнинг сони яна биттага кўпайиши маълум бўлди. Македония шу куни мамлакат номини Шимолий Македония деб ўзгартирди ва эндиликда жанубий-шарқий Европада жойлашган бу мамлакатнинг Европа Иттифоқи ҳамда НАТОга киришига ҳеч нарса халақит бермайди.
Гап шундаки, Греция 1991 йилдан буён Македониядан мамлакат номини ўзгартиришни талаб қилар ва Македония Грециянинг тарихий шаҳри номи эканини иддао қиларди. Бирор мамлакатнинг Европа Иттифоқи ҳамда НАТОга аъзо бўлиши учун эса аъзо давлатларнинг барчаси бунга рози бўлиши керак. Македония номи фақат ўзига тегишли эканини таъкидлайдиган Греция Македониянинг ташкилотларга киришига бу мамлакат номини ўзгартиргандан кейингина рози бўлишини билдириб келарди.
Македония ўзининг Европа Иттифоқига аъзо бўлишига қарши чиқаётган Греция устидан Ҳаагадаги халқаро судга мурожаат қилади. Суд Греция Македониянинг ЕИ ҳамда НАТОга киришига қаршилик кўрсатишга ҳақли эмаслиги ҳақида қарор қабул қилади. Бироқ расмий Афина қаршилик қилишда давом этди. Охир-оқибат тақдирга тан берган Македония комромиссга боришга мажбур бўлади.
Преспа келишуви
2018 йилнинг 12 июнида томонлар узоқ давом этган музокаралардан сўнг бир тўхтамга келишди ва Македония ўз номини Шимолий Македония деб ўзгартиришга рози бўлди. 5 кун ўтиб, 17 июнь куни икки мамлакат ўртасида жойлашган Преспа кўли соҳилида тантанали маросим ўтказилиб, томонлар келишув шартномасини имзолади. «Преспа шартномаси» номини олган келишувга кўра, Македония ўз номини ўзгартириш бўйича жараённи бошлайди. Ўтган йил сентябрида Македонияда референдум ўтказилади, унда қатнашганларнинг 91 фоизи икки давлат ўртасидаги келишувга розилиги сўралган бюллетенларда «Ҳа» деган жавобни белгилаган. Қизиғи, сайлов бюллетенларида «Сиз мамлакат номи Македониядан Шимолий Македонияга ўзгаришига розимисиз?», деб эмас, «Сиз Македония ва Греция ўртасидаги келишувга кўниш асносида мамлакатнинг Европа Иттифоқи ва НАТОга қўшилишига розимисиз?», деб сўралган. Бу эса Македония ўз номини ўзгартиришни унчалик истамагани, бироқ мамлакат манфаати учун бунга мажбур бўлганини англатади.
«30-снаряд»
НАТО Македониянинг альянсга кириши учун ҳеч қандай муаммо йўқлигини маълум қилди. Демак, бемалол дунёдаги энг йирик ҳарбий блок иштирокчилари сони 30тага етди десак бўлади. 6 февраль куни Брюсселда Македониянинг НАТОга кириши борасида ҳужжат имзоланди. Бюрократик жараёнлар якунланса, яъни қолган 29 аъзо ҳужжатни расман тасдиқласа, Македония шу йилдаёқ расман альянс аъзосига айланиши мумкин.
Қайд этиш керакки, НАТО бунгача Россияга яқинлашиш учун икки марта дадил қадам ташлаган. 1999 йил альянс ўз таркибига Венгрия, Польша ва Чехияни қўшиб олганди. Бу Россия чегаралари сари ташланган йирик қадам эди. Чунки, Польша Россиянинг тўғридан-тўғри қўшниси бўлса (кўп ўтмай Польшанинг Эльблонг шаҳрида НАТОнинг ҳарбий базаси очилади. У Россиянинг Калининград вилоятидан атиги 50 км масофада жойлашган), Чехия ташкилотга қўшилган илк славян давлати бўлганди. Бу учта мамлакат 1999 йил 12 мартда НАТОга қўшилишади. Бу эса 1999 йилнинг 9 августида Россияда ҳукумат тепасига келган Владимир Путин учун «ажойиб совға» бўлганди.
5 йил ўтгач, яъни 2004 йилда НАТО Россия томонга янада дадилроқ қадам ташлайди. Ташкилот Латвия, Литва, Эстония, Болгария, Руминия, Словакия, Словения каби давлатларни ўз сафига қўшиб олади. 2009 йилда Албания ва Хорватия билан «бойиган» НАТО сафига кейинги 8 йил ичида янги аъзо қўшилмади. 2017 йилдан эса кенгайиш давом этди, Черногория альянснинг 29-аъзоси бўлди. Ташкилотга қўшилган охирги учта аъзо славян давлатларидир. Бежизга славян давлатларнинг НАТОга қўшилишига алоҳида урғу бермаяпмиз. Чунки, Россия ҳам славян давлат ҳисобланади.
Македониянинг НАТОга қўшилиши стратегик жиҳатдан муҳим ҳисобланади. Альянс шу тариқа собиқ Югославияни (кўпчилик наздида бир вақтлар ўзи ер билан яксон қилган Югославияни) «эгаллаб олиш» йўлида яна бир қадам ташлади. Ташкилот Босния ва Сербияни ҳам ўз сафига қўшиб олиш учун ҳаракатларни бошлаган. Албатта, Россиянинг яқин ҳамкори ҳисобланган Сербияни қўшиб олиш осон бўлмайди, лекин ҳозир ҳамма нарса бўлиши мумкин.
Америкада нима гаплар?
Америкадаги Bloomberg нашрида эълон қилинган мақолада айтилишича, Қўшма Штатлар Македония каби кичик давлатнинг НАТОга қўшилиши учун «ўлиб тирилгани йўқ». Нашрнинг ёзишича, Македония шунчаки АҚШ учун янги «нонхўр» бўлди. Чунки Америка ташкилотдаги кичик давлатларга молиявий ёрдам кўрсатади. Етмаганига бу давлатларга ҳужум қилинса, яна АҚШ ёрдамга чопиши керак. Бироқ Америка дунёдаги ҳеч бир давлатни ўзидан катта деб билмаслик баробарида, дунёдаги ҳеч бир давлатни эътибордан четда қолдирмайди.
Бонусига Европа Иттифоқига аъзолик
Македония учун НАТОга кириш ҳаёт-мамот масаласи эмас. Лекин Европа Иттифоқига киришни ҳар қандай давлат хоҳласа керак. Айниқса Македония каби кичик мамлакатлар. Қолаверса, Македония қитъанинг энг қашшоқ давлатларидан ҳисобланади. Шу жиҳатдан 2 миллиондан кўпроқ аҳолиси бўлган кичик давлат учун Европага очилган йўл айни муддао.
«Бу яриморолдаги барқарорлик учун муҳим қадам бўлди»
Македония, дарвоқе, эндиликда Шимолий Македония Мудофаа вазири Радмила Шекеринская хонимнинг (Ғарбда аёлларнинг мудофаа вазири бўлиши янгилик эмас. Айниқса, халқаро ҳарбий амалиётларда қатнашмайдиган мамлакатларда бунга оддий ҳол деб қараш мумкин) мамлакатнинг НАТОга кириши ҳақида шундай дейди: «Барқарор ва ривожланган Болқонсиз барқарор Европани тасаввур қилиб бўлмайди. Македониянинг НАТОга қўшилиши ҳудуддаги тинчлик учун муҳим қадам бўлди. Бу Болқон мамлакатларининг олдинга қадам ташлаётганидан дарак беради. НАТО бизнинг узоқ йиллик ҳамкоримиз. НАТОга аъзо бўлмаган вақтимизда ҳам 4 000 нафардан ортиқ аскаримизни ташкилотнинг турли миссияларига юборганмиз. Бу эса армиямизнинг ярми деганидир. Шундай экан, бизни кичик давлат деб беписанд бўлишлари тўғри эмас. Кичик давлатлар ҳам ташкилотга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин».
Ғарб талвасаси ўзини оқламади
Ғарбда Россияга нисбатан фавқулодда нафрат борлигини кўпчилик билади. Гўёки, дунёдаги барча қабиҳликлар айнан руслар томонидан қилинаётгандек тасаввур шаклланган. Лекин бундай қарашлар асосли эмас. Ғарб нашрлари Македония ва Греция ўртасидаги келишмовчиликлардан ҳам Россияни қоралаш учун фойдаланиб кўрди. Аввалига, Грецияга россиялик дипломатлар боргани ва улар икки мамлакат ўртасига нифоқ туширишни мақсад қилгани айтилди. Кейинроқ, Македониядаги россияпарастлиги айтиладиган «Ягона Македония» партиясининг (шунчаки маълумот учун, Россиядаги ҳукмрон партиянинг номи ҳам «Ягона Россия») мамлакатдаги вазиятни издан чиқаришга уринаётгани Россиянинг аралашуви билан боғланди.
«Ягона Македония» чиндан ҳам мамлакатнинг НАТОга қўшилишига қарши чиқиб, намойишлар ўтказди, лекин бундай фикрдаги одамлар оддий халқ орасида ҳам бор эди. Охир-оқибатда, Россия Македония ва Греция ўртасига нифоқ солади деган талвасалар ўзини оқламади. Америкалик журналистларнинг айтишича, Россия бутун бошли АҚШнинг президентлик сайловларига аралашган. Нафақат аралашган, балки унинг натижаларига ҳам таъсир кўрсатган. Энди ўйлаб кўринг, дунёнинг энг қудратли ва энг ҳимояланган мамлакати сайловларига аралашган Россия кичик бир давлатдаги референдум натижаларига таъсир қила олмасмиди?
НАТО учун ҳар бир янги аъзо шубҳасиз, сиёсий ютуқ ҳисобланади. Лекин руслар Македониянинг ташкилотга қўшилишига унчалик эътибор беришгани йўқ. Афтидан, бу мамлакатнинг эндиликда «Россия душманлари сафида бўлиши» унчалик аҳамиятли эмас. Руслар балки гап Сербия ҳақида кетганида масалага жиддийроқ қарашарди. Аммо ҳозирча Россия ва Сербия ўртасидаги муносабатлар чакки эмас.
Ўткир Жалолхонов
Мавзуга оид
08:30
Болтиқбўйи давлатлари НАТОдаги иттифоқчиларини Киевга ёрдамни кучайтиришга чақирди
20:43 / 12.11.2024
НАТО бош котиби Украинадаги можаро «траекториясини» ўзгартиришга чақирди
16:07 / 12.11.2024
Greenpeace: НАТО ҳарбий жиҳатдан Россиядан сезиларли даражада устундир
01:18 / 10.11.2024