Ўзбекистон | 15:20 / 23.02.2019
15257
10 дақиқада ўқилади

Олий малакали илмий кадрларни тайёрлаш тўғрисидаги низом тасдиқланади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Низомга кўра, докторантларни идора ичида ва идоралараро мақсадли тайёрлаш учун докторант, буюртмачи ва қабул қилувчи ташкилотлар ўртасида уч томонлама шартнома тузилади.

Мақсадли докторантурага тавсия қилинадиган номзодлар буюртмачи ташкилот томонидан шакллантирилади. Кириш имтиҳонлари қабул қилувчи ОТМ ёки ИТМда ўтказилади.

Мақсадли докторантурага қабул қилинган шахсларга таянч докторантура ва докторантурага қабул қилинган изланувчилар каби қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда стипендия тўланади хамда таътил берилади.

Давлатлараро мақсадли докторантура халқаро шартномалар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга асосан тартибга солинади.

Мақсадли докторантура бўйича ҳисобот олиб бориш мақсадли докторантурани амалга ошираётган ташкилот зиммасига юклатилади.

Мақсадли докторантурага кирган мутахассислар докторантура даврида диссертация ишини ҳимоя қилиши ва уларни ўқишга юборган олий ўқув юрти, илмий муассаса ва ташкилот ихтиёрига қайтишлари шарт. Мақсадли докторантурани тугатиб диссертация ишини ҳимоя қилмаган изланувчилар юборган ОТМ, ИТМ ва ташкилотга ишга қабул қилинмайди.

Мақсадли докторантурани очиш, тугатиш, унга қабулни ташкил этиш, ўқиш муддати, докторантурадан четлатиш, илмий раҳбар (илмий маслаҳатчи) тайинлаш ва четлатиш, улар фаолияти самарадорлигининг мониторингини юритиш, ҳужжатларни расмийлаштириш ва ҳисобот тақдим этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 304-сон қарори билан тасдиқланган «Олий ўқув юртидан кейинги таълимга қўйиладиган давлат талаблари», «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тўғрисида»ги Низомда белгиланган таянч докторантура ва докторантурага қўйилган талаблар ва муддатлар асосида амалга оширилади.

Юборувчи томон тегишли мутахассисликлар бўйича олий малакали кадрлар - фалсафа докторлари (PhD) ва фан докторлари (DSc) ҳамда замонавий илмий-тадқиқот базасига эга бўлган ИТМ ва ОТМларига тегишли ихтисослик бўйича мақсадли докторантурага қабул қилиш бўйича хат йўллайди. 

Қабул қилувчи ташкилот сўралаётган мутахассислик бўйича олий малакали кадрлари ва тегишли моддий-техник базасини мавжудлигини ўрганиб мақсадли докторантни қабул қила олиш ёки олмаслиги тўғрисида ёзма жавоб йўллайди.

Томонлар ўзаро келишувга эришгач мақсадли докторантурага қабул қилувчи ташкилот ҳар йили 1 майгача «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тўғрисида»ги Низомда кўрсатилган тартибда ва муддатларда таянч докторантурага, докторантурага сўралган Ўзбекистон Республикаси давлат бюджет маблағлари ҳисобига ўқитиш учун қабул квоталари доирасида мақсадли докторантурани қабул квоталарини бўйсунувчи вазирлик, идора ва ташкилотига йўллайди.
           
Докторантурада ўқишга талабгорлар ОТМ ёки ИТМга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги 304-сон “Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳужжатлари билан бирга юборувчи ташкилот биринчи раҳбари имзолаган тавсиянома хатини  тақдим этади.

Мақсадли докторантурага юборувчи ташкилот йўллаётган номзодларни ихтисослиги бўйича танлов бўлишини таъминлаган ҳолда юборади.

Докторантурага кириш имтиҳонларини топширувчи шахсларга имтиҳонларга тайёрланиш ва топшириш учун ўн беш календарь кун муддат билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади, ўқув юртлари жойлашган ерга бориш ва қайтиб келиш вақти ҳисобга кирмайди.

Мақсадли докторантураси мавжуд ОТМ, ИТМ ва идоралар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

илмий раҳбарнинг докторантни хорижий етакчи илмий марказларга илмий хизмат сафарига юбориш тўғрисидаги илтимосномаси асосида қабул қилувчи томоннинг таклифномаси мавжуд бўлган ҳолда Коллегиал органда илмий хизмат сафарига юборишнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш;

шахсий иш режаларини бажармаган ёки илмий этика, маънавий ва ахлоқ-одоб нормаларини бузган докторантни докторантурадан четлатиш ва бу ҳақда мутахассисни ўқишга йўллаган ОТМ, ИТМ ёки ташкилотга хабар бериш;

докторантларни шартнома (идоралараро, давлатлараро) асосида ўқитиш учун тушадиган (шу жумладан валютада) маблағларни белгиланган тартибда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва чет элларда ўз мутахассисларининг малакасини оширишга сарфлаш.

Мақсадли докторантурага эга ОТМ, ИТМ ва идоралар қуйидаги мажбуриятларга эга:

докторантларнинг малакавий имтиҳонларини топшириши, умумназарий тайёргарлиги ва илмий тадқиқотлар ўтказиши учун зарур шароитларни яратиб бериш, шунингдек тажрибали олимлардан илмий раҳбар ва маслаҳатчилар тайинланишига алоҳида эътибор бериш;

докторантлар фаолиятини мунтазам назорат қилиш, Коллегиал орган (Илмий кенгаш, илмий-техникавий кенгаш)ларда илмий раҳбар ва маслаҳатчиларнинг ҳисоботларини эшитиш. Докторантлар фаолиятини бир йилда икки марта мониторингдан ўтказиш ва тегишли қарор қабул қилиш;

докторант билан илмий раҳбар, маслаҳатчи ўртасида илмий изланишлар бўйича жиддий келишмовчиликлар юз берганда Коллегиал орган (Илмий кенгаш, илмий-техникавий кенгаш ва б.қ.)ларда докторантнинг илмий раҳбарини ёки маслаҳатчисини алмаштириш тўғрисидаги асосланган аризасини кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш.

Мақсадли докторантурага юборувчи ОТМ, ИТМ ва идоралар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
            
докторантнинг илмий фаолиятини назорат қилиш ҳамда аттестация материалларини сўраб олиш;
            
докторант шартнома шартларини бажармаганда (диссертация ишини муддатида ҳимоя қилмаган ёки ҳимоя қилиб юборувчи ташкилотга ишга қайтиб бормаганда) уни докторантурада тайёрлаш билан боғлиқ сарф-харажатлар қопланишини ўрнатилган тартибда талаб қилиш.
            
Мақсадли докторантурага юборувчи ОТМ, ИТМ ва ташкилотлар қуйидаги мажбуриятларга эга:

мақсадли докторантурага қабул жараёнида илмий тадқиқот олиб бориш қобилиятига эга бўлган номзодларни танлов асосида боришини таъминлаш;

докторантурага қабул қилинган шахслар билан докторантурага қабул қилинганлик тўғрисидаги буйруқ ёки ундан тасдиқланган кўчирма асосида меҳнат шартномасини бекор қилиш;
            
Докторант қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ОТМ, ИТМ ва идоранинг ускуна, лаборатория, кабинет, ахборот-ресурс маркази ва бошқалардан фойдаланиш;

мутахассислиги бўйича илмий экспедиция, конференция, семинар ва бошқаларда иштирок этиш;

илмий хизмат сафарларига, шу жумладан хорижий мамлакатларга бориш;

илмий-тадқиқотлар бўйича зиддиятлар юзага келган ҳолда илмий раҳбарни ёки маслаҳатчини алмаштириш тўғрисида Коллегиал орган (Илмий кенгаш, илмий-техникавий кенгаш)га асосланган ариза бериш;

мақсадли докторантура муддати давомида тадқиқот мавзуси доирасида эълон қилинган танловларда, давлат ва нодавлат грантларида ҳамда хўжалик ҳисобидаги илмий ишларни бажаришда иштирок этиш.

Докторант қуйидаги мажбуриятларга эга:

ОТМ, ИТМ ёки идоралар Коллегиал орган (Илмий кенгаш, илмий-техникавий кенгашлари) томонидан тасдиқланган шахсий иш режаси бўйича илмий-тадқиқот олиб бориш ва уни тўла бажариш;

кафедра, бўлим, лаборатория ва сектор мажлисларида шахсий иш режасининг бажарилиши тўғрисида мунтазам равишда (йилда камида икки марта) ҳисобот бериб бориш ва аттестациядан ўтиш;

ОАК томонидан тасдиқланган талабларга мувофиқ равишда ўз вақтида малакавий имтиҳонларини топшириш ва диссертация мавзуси бўйича илмий мақолалар чоп эттириш;

чуқур касбий билимлар, мустақил илмий-тадқиқот ва педагогик иш олиб бориш малакаси, илмий-тадқиқотларни ўтказиш услубиятини эгаллаш;

фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSс) диссертациясини муддатида ҳимоя қилиш ёки Илмий кенгашда диссертацияни ҳимояга қабул қилиниши учун тақдим этиш;

ОТМ ёки ИТМ ички меҳнат тартиби ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш. Ички меҳнат тартиби ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаганлик учун интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин. Интизомий жазо қўлланилишидан олдин докторантдан тушунтириш хати олинади. Қўлланилган интизомий жазо докторантга тилхат олиш орқали маълум қилинади.
            
Илмий раҳбар ва маслаҳатчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
            
Коллегиал орган (илмий кенгаш, илмий-техникавий кенгаш ва б.)га докторантни хорижий етакчи илмий марказларга хизмат сафарига юборишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида асосланган ёзма илтимоснома билан мурожаат қилиш.

Илмий раҳбар ва маслаҳатчи қуйидаги мажбуриятларга эга:
            
докторантнинг илмий ишига самарали илмий раҳбарлик ёки маслаҳатчилик қилиш;
            
докторантнинг тасдиқланган шахсий иш режасини бажаришини мунтазам назорат қилиш;
            
диссертация ишининг ОАК талабларига мувофиқ равишда сифатли, ўз вақтида тугалланиши ва ҳимояга тақдим этилишини таъминлаш;

ҳар йили Коллегиал орган (илмий кенгаш, илмий-техникавий кенгаш ва б.қ.) олдида докторант билан бирга ҳисобот бериш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид