Ўзбекистон | 09:34 / 23.02.2019
12285
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон мажбурий меҳнат бўйича яна бир ҳужжатни ратификация қилмоқчи

Фото: Shutterstock

Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида тегишли қонун лойиҳаси жойлаштирилган.

Ратификация қилиниши таклиф этилаётган Халқаро меҳнат ташкилотининг Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-Конвенциясига (1930 йил) Баённома Женевада 2014 йил 11 июнда қабул қилинган, деб ёзади Norma.  

29-Конвенциянинг ўзи Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган (Олий Мажлиснинг 30.08.1997 йилдаги 492-I-сон қарори). Унда уни ратификация қилган ХМТ аъзоларининг зўраки ёки мажбурий меҳнатни қўллашнинг барча шаклларини бекор қилиш мажбурияти қайд этилган. Шунингдек Конвенцияда «зўраки ёки мажбурий меҳнат» атамасининг моҳияти очиб берилган. У ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф этмаган ҳар қандай шахсдан ҳар қандай жазолаш таҳдиди остида талаб қилинадиган ҳар қандай иш ёки хизматни англатади.

Баённома 29-Конвенция қоидаларини тўлдиради ва зўраки меҳнатнинг олдини олиш мақсадида қабул қилиниши зарур бўлган қуйидаги чора-тадбирларни назарда тутади:

• шахслар зўраки меҳнат қурбонларига, иш берувчилар эса – бундай амалиёт иштирокчиларига айланишига йўл қўймаслик учун уларни ўқитиш ва хабардор қилиш; 
• меҳнат инспекцияси органлари ва зўраки меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижро этилиши учун масъул бўлган бошқа хизматларни мустаҳкамлаш;
• меҳнат мигрантларини жалб қилиш ва ёллаш жараёнида фирибгарлардан ҳимоя қилиш;
• зўраки ёки мажбурий меҳнатнинг бош сабабларини ҳамда хавфини оширадиган омилларни аниқлаш ва б.

Баённома зўраки меҳнат қурбонларига етказилган зарар қопланишини таъминлашга, шунингдек бундай меҳнатда иштирок этиш асносида содир этган ғайриҳуқуқий қилмишлари учун уларни жавобгарликка тортмасликка ва санкцияларни қўлламасликка чорлайди.  

Бундан ташқари, Баённома билан Конвенциядан бир қатор қоидалар чиқариб ташланган. Чунончи, 1-моддасидан жамоат мақсадларида ва истисно тариқасида зўраки меҳнат қўлланишига рухсат берувчи 2-банд чиқариб ташланган. Шунингдек бундай меҳнатга йўл қўйиладиган шартлар ва кафолатлар ҳам бекор қилинган.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.          

Мавзуга оид