18:58 / 27.02.2019
17753

АҚШ Ўзбекистон билан муносабатларининг асосий параметрларини маълум қилди

Айни пайтда Марказий Осиёнинг тўлиқ салоҳиятини тиклаш вақти келди. Ўзбекистон тарихнинг муҳим бир бурилиш палласида турибди. У Марказий Осиёдаги аҳолиси энг кўп мамлакат, бу ерда нимаики содир бўлса, у нафақат шу халқ, балки бутун минтақа ва ундан ташқаридаги ҳудуд келажагини ҳам белгилаб беради, деб фикр билдирди АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси биринчи ўринбосари Элис Уэллс.

27 февраль куни АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси биринчи ўринбосари Элис Уэллс Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида нутқ сўзлаб, Қўшма Штатлар учун Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси нақадар муҳимлигини тушунтириб ўтди. 

«Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон қандай қилиб энг яхши йўлдан фойдаланиб, биргаликда олдинга силжишини тушуниш учун, бизнинг муштарак устувор вазифаларимиз нималарда кўринишини англаб олмоқ лозим. АҚШнинг Ўзбекистонга нисбатан сиёсати беш устунга асосланиб, улар Президент Мирзиёев Ўзбекистон учун белгилаб берган устуворликлар билан ҳамоҳангдир», – дейди у. 

Элис Уэллснинг айтишича, 1991 йилдан буён бўлгани каби, Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга содиқдир. 

«Америкаликлар учун мустақилликдан ҳам қадрлироқ ҳеч нарса мавжуд эмас, чунки у ҳар бир инсоннинг яшаш, озод ва бахтли бўлишдай ажралмас ҳуқуқини таъминлайди. Ўзбекистонда биз фикрлар ҳамоҳанглигини кўрмоқдамиз – бу халқ ташқи босимларга қарши мардона турган, хорижий кучларга қарамликдан қочган, ўз йўлидан оғишмайдиган, сиёсати ва устуворликларини ўзи белгилайдиган ҳамда иттифоқчиларини ўз хоҳишига кўра танлайдиган халқдир», – дейди АҚШ давлат котиби ёрдамчисининг биринчи ўринбосари.

АҚШ вакили шу маънода Мирзиёевнинг илғор, минтақа учун намуна бўлгулик «энг аввало қўшнилар» сиёсатини юқори баҳолашини билдирди. Уэллс АҚШ Ўзбекистонда барқарор ўсиш ва иқтисодий фаровонликни илгари суришга ҳам содиқлигини тасдиқлади. 

«Биз хорижий сармоя киришига хайрихоҳлик билдириб, уни қўллаб-қувватлайдиган очиқ, шаффоф бозор иқтисодини яратишга қаратилган ислоҳотларни олқишлаймиз. Шуни мамнуният билан қайд этишим керакки, 2018 йил октябрь ойида Ўзбекистонда биринчи бор  USAID ҳомийлигида Марказий Осиё савдо форуми ўтказилиб, унинг натижасида 56 миллион доллардан ортиқ савдо келишувлари имзоланди», – дейди у.

АҚШ Давлат департаменти вакиласи Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишдай интилишларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасида яна муҳим учта шартномага қўшилганини олқишлади. 

«АҚШнинг Ўзбекистондаги сиёсатининг учинчи устуни шуки, ҳар икки мамлакат минтақавий барқарорликни таъминлаш ва терроризмга қарши курашда якдилдир. Шу мақсадда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигимиз кейинги икки йил ичида анча фаоллашди, у 300 дан ортиқ минадан ҳимоя қилувчи автомобиль воситалари етказиб беришдан бошланиб, хавфсизлик соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик ва Президент Мирзиёев ҳукумати учун асос бўлиш йўлида қўйилган муҳим қадам бўлди», – деб қўшимча қилади Уэллс.

Америкалик дипломатнинг таъкидлашича, президентлар учрашуви натижасида АҚШ Мудофаа вазирлиги Ўзбекистондаги хавфсизлик дастурини замонавийлаштиришга ёрдам бериш йўлларини кўздан кечириш мақсадида Ўзбекистонга махсус миссия юборди. Генерал Вотелнинг мудофаа соҳаси раҳбарлари билан учрашувидан сал ўтмай, АҚШ Давлат департаменти делегациясининг ташрифи бошланди. 

«Яқинда биз экстремистлар Марказий Осиё халқларини ўз домига оғдиришга уриниш йўлларини ўрганишга қаратилган лойиҳани ишга туширдик. Биз ҳам икки мамлакат ватандошларини ҳимоя қилиш йўлида ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга умид қиламиз», – дейди АҚШ давлат котиби ёрдамчисининг биринчи ўринбосари.

АҚШ Ўзбекистон билан муносабатларининг тўртинчи устуни сифатида – қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари, асосий эркинликларни ҳурмат қилиш, деб билади. Дипломат инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари, жумладан дин эркинлигини таъминлаш ва мажбурий меҳнатни тугатиш бўйича Ўзбекистон амалга оширган ишларни эътироф этди. 

АҚШнинг Ўзбекистондаги сиёсатига оид охирги устун шуки, Қўшма Штатлар барча давомий ва маъноли муносабатлар оддий халқ ўртасидаги алоқалар устига ўрнатилганини эътироф этади.

«Биз кун бўйи албатта муҳим саналган мураккаб ташқи сиёсат масалалари ҳақида гаплашишимиз мумкин. Кун сўнгида эса англаймизки, икки буюк мамлакатларимизнинг халқлари ўртасида боғлаган ўзаро дўстлик ришталари чиндан ҳам катта аҳамият касб этади. Шу боис ҳам Қўшма Штатлар Ўзбекистон билан таълимий ва маданий алмашувларни кучайтиришга катта куч сарфлайди», – дея таъкидлайди у. 

Уэллснинг айтишича, тинчлик корпусининг Ўзбекистонга қайтиши муҳим ва давомий саналмиш халқлар ўртасидаги алоқаларни кучайтириш ҳамда инглиз тили ўқитишни кенгайтиришга имкон яратган бўларди. 

«Тинчлик корпуси кўнгиллилари оддий америкаликлар бўлиб, улар сизнинг тарихингиз ва маданиятингизни ўрганиш, шу билан бирга америкача маданиятни сиз билан бўлишишга астойдил қизиққан кишилардир.  Бу икки мамлакатларимиз узоқ муддатли дўстлик ва ҳамкорлик учун халқларимиз ўртасида янада кучлироқ алоқаларни ўрнатиш йўлида қўйган кўплаб қадамларнинг биридир», – дейди у.

Top