Ўзбекистон | 19:51 / 27.02.2019
47504
2 дақиқада ўқилади

Бир пайтда «ОВИР» ва хорижга чиқиш паспорти билан ҳаракатланиш мумкинми?

Хорижга чиқиш паспорти ва стикер биргаликда амалда тенг қўлланилмайди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник Санжар Қосимов Kun.uz'га маълум қилди. 

Санжар Қосимов

Қосимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон фуқаролари учун хорижга чиқиш паспорти ва муддати ўтмаган хорижга чиқиш рухсатномаси ёзувлари қайд этилган 2 йиллик стикер билан чет элга чиқиш мумкин эмас. 

«Янги турдаги паспортни олган шахснинг стикери амал қилиш муддати ўтмаган бўлса ҳам “бекор қилинди” муҳри босилади. Шу туфайли, амалда икки ҳужжат билан ҳаракатланиш мумкин эмас», – дейди у. 

Қосимов айрим ҳолларда хорижга чиқиш паспортини рад этиш ҳолатларига изоҳ берди.

«Узоқ муддатга Ўзбекистон ҳудудини тарк этаётган фуқароларгагина ўз вақтида ҳеч қандай чекловларсиз паспорт олишларига шароит яратиб бериляпти. 

Бошқа ҳолларда эса рад этиляпти, чунки ариза топширувчилар ниҳоятда кўп. Ички тартиб бўйича  рухсат бериш стикери муддати тугашига 6 ой қолгандагина хорижга чиқиш паспортини олиш мумкин», – дейди у. 

2019 йил 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда хорижга чиқиш учун 2 йиллик ОВИР стикерлари бериш тўхтатил​ганди. Бунинг ўрнига 10 йил муддатга амал қилувчи хорижга чиқиш паспорти берилади. Ушбу паспортини олиш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 120 фоизини ташкил қилади (243 276 сўм). 16 ёшга тўлмаган шахсларга хорижга чиқиш паспортини бериш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 80 фоизини ташкил қилади (162 184 сўм).

Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган фуқаролиги йўқ шахсларга, шунингдек, 16 ёшга тўлмаган шахсларга хорижга чиқиш паспортини бериш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 100 фоизини ташкил қилади (202 730 сўм).

Мавзуга оид