Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Бунёдкор» бош директори: «Клубнинг аввалги мавқейини қайтаришга ваъда берамиз»
«Бунёдкор» бош директори вазифасини бажарувчи Улуғбек Мирзаев янги мавсум арафасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Авваламбор, турли миш-мишларга қарамасдан «Бунёдкор» Суперлигадаги ўз ўрнини сақлаб қолганлиги билан клуб мухлисларини, ишқибозларини табриклайман. Тан олиш керак, мавсумлар оралиғидаги танаффус биз учун жуда оғир кечди. Хабарингиз бор, сўнгги вақтларда клуб атрофидаги салбий миш-мишлар, турли гап-сўзлар меъёридан ҳам ортиб кетди. Кўпчилик футбол мухлисларида жамоамиз бу йил Суперлигада иштирок этмас экан, деган фикрлар уйғонган эди. Бироқ, шукрки, ундай бўлиб чиқмади. Бунинг учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Профессионал футбол лигасига алоҳида миннатдорчилик билдирамиз. Сабаби «Бунёдкор»нинг тарихи, клубнинг мавқеи, унинг халқаро аренадаги обрўсини ҳамда сўнгги вақтларда клубда амалга оширилган ижобий ўзгаришлар ва бажарилаётган ишларни инобатга олган ЎФА Клубларни лицензиялаш бўлими Суперлигада иштирок этадиган 14 жамоа сафига киритди.
Ўйлайманки, аввал бўлгани каби бундан кейин ҳам «Бунёдкор» регламентда белгиланган вазифалар ва талабларга жиддий эътибор қаратади ҳамда бошқа клубларга бу борада ўрнак бўлиб намуна кўрсатишга ҳаракат қилади. Клубимиз нафақат назарий жиҳатдан, балки амалий жиҳатдан ҳам доимий тарзда ўз сўзини айтишга интилади. Шунингдек, Вадим Абрамов бошчилигида яшил майдондаги натижаларимиз билан «Бунёдкор»нинг аввалги мавқейини қайтариб, мухлисларни хурсанд қилишга ваъда берамиз.
Ҳозирги кунда таркибимиз анча ёшарган, тажрибали футболчиларимиз клубни тарк этди. Бироқ, биз шу ёшларимиз билан ҳам «Бунёдкор»нинг шарафини муносиб ҳимоя қиламиз.
Қуръага келадиган бўлсак, Суперлига икки даврада ўтказилади, икки давра давомида барча клубларга қарши икки мартадан ўйнаймиз. Шу сабабдан ҳам Суперлигани кимга қарши бошлаб, кимга қарши тугатиш унчалик муҳим эмас. Муҳими – биз яна Суперлигадамиз! Ва яна бир бор Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Профессионал футбол лигасига «Бунёдкор»да олиб бораётган ишларимизни ижобий баҳолаб, ишонч билдиргани ва жамоамизни Суперлига жамоалари қаторида кўргани учун миннатдорчилик билдираман», – деган Мирзаевнинг сўзларини келтирмоқда клуб матбуот хизмати.
Маълумот учун, «қалдирғочлар» қуръага асосан Суперлиганинг дастлабки бешта турини мос равишда «Сўғдиёна», «Пахтакор», «Бунёдкор», «Андижон» ва ОКМК клубларига қарши ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, қуръа олдидан Kun.uz билан суҳбатда бўлган Улуғбек Мирзаев «Бунёдкор»нинг бугунги ҳолати, Комилов ва Ашурматовларнинг трансфер нархлари, Симоненкога тўланган 50 минг доллар ва клуб мавсумни қайси стадионда бошлаши каби мавзуларда маълумот берганди.
Мавзуга оид
19:59 / 14.05.2026
«Бунёдкор» – Ривалдо можароси. Шартнома яна бузилди
21:36 / 07.05.2026
“Ҳамма бўйнигача қарз” – “Бунёдкор”да юзлаб ишчилар офсайдга тушиб қолди
12:23 / 24.04.2026
«Бунёдкор» ва Ривалдо можароси. Қарзни ким тўлайди?
17:07 / 20.04.2026