Жаҳон | 20:40 / 27.02.2019
7050
2 дақиқада ўқилади

Эрон президенти Ташқи ишлар вазирининг истеъфосини қабул қилмади

Фото: Reuters

Эрон президенти Ҳассан Руҳоний мамлакат Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зарифнинг истеъфосини қабул қилмади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги вакили Баҳром Қосимий маълумотига асосланган ҳолда «Пресс-ТВ» телеканали хабар тарқатган.

«Эрон президенти маъмурияти раҳбари бугун маълум қилдики, истеъфо қабул қилинмаган. Ташқи ишлар вазирининг инстаграмдаги постидан кейин берилган турли шарҳлар ва тахминлар асоссиз», деган Қосимий.

Жавод Зариф 26 февраль куни инстаграмдаги саҳифаси орқали лавозимни тарк этаётганини ёзганди. У мамлакат фуқароларидан ўз фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар учун узр сўраган, жамоасини ўзи билан бирга ишдан кетишга чақирганди.

Жавод Зариф Эрон ташқи ишлар вазирлигига 2013 йилдан бери раҳбарлик қилиб келади. Айнан у 2015 йилда Барак Обама президентлиги вақтида ядровий битимни имзолаган. Кейинги йилларда у жаҳон аренасидаги таниқли шахслардан бирига айланган.

Халқаро кузатувчиларнинг фикрича, унинг истеъфо сўраши Эрон раҳбариятида консерваторлар ҳамда ислоҳот тарафдорлари ўртасида қизғин кураш кетаётганидан далолат беради.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид