Кун ўйини: Сирли «Реал» тушунарсиз «Барселона»га қарши
Бугун, Тошкент вақти билан 28 февралга ўтар кечаси соат 01:00да Испания Қирол Кубогининг яримфиналида жавоб баҳси ўтказилади. Мадриднинг «Реал» клуби ўз майдонида азалий рақиби «Барселона»ни қабул қилади. Жамоаларнинг Каталонияда ўтказилган биринчи ўйинида 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Чемпионатда «Барселона» катта фарқ билан олдинга ўтиб кетганини инобатга олсак, айнан бугунги ўйин йилнинг марказий класикоси бўлади. Кубок финалига ким чиқаркин?
Сирли «Реал»
«Реал» учун мавсум жуда ёмон бошланди. Аввало жамоа мураббий танлашда хато қилди. Хулен Лопетеги «Реал»дек катта жамоага мос эмаслигини кўрсатиб қўйди. Сантьяго Соларининг келиши эса вазиятни бир қадар яхшилади. Тўғри, «Реал» у келганидан кейин ҳам ўртамиёналарга очко беришда давом этди. Лекин Солари мураббий сифатидаги илк класикосида «Барселона»га қарши жуда яхши тайёрлана олди. «Реал» Лопетеги билан «Барселона»дан 5та гол қабул қилиб олгани ҳолда, у сафардан дуранг билан қайтди. Мавсумнинг биринчи класикосида икки жамоа ўртасидаги фарқ яққол кўриниб қолганди. Кубок ярим финалининг биринчи ўйинида эса яна тенг кучли «Реал» ва «Барселона»ни кўрдик. Демак, бугунги ўйиндан кутиладиган илк нарса шуки, «Бернабеу»да «Жирона»га енгилган ёки «Леванте»ни пенальтилар билан енгган «Реал»ни эмас, класикода биринчи рақамда бўлишни истайдиган «Реал»ни кўрамиз.
Тушунарсиз «Барселона»
Бугунги «Барселона»га тушунарсиз деб таъриф бериш мумкин. Масалан, жамоа «Реал»га қарши олдинги ўйинда ўзи хоҳлагани каби устунлик қила олмади. «Реал» бунга йўл қўймади, тўғрироғи. Вальверде келгач «Барселона» қандайдир хотиржам жамоага айланиб қолгандек кўринмоқда. Ўтган мавсум жамоа учун ёмон ўтмади. Чемпионатдаги гегемонлик буни исботлайди, лекин биргина ўйиндаги руҳан тушкунлик «Барселона» учун мавсумни омадсизга айлантирди. Чунки таркибида Месси бўлган жамоа учун Чемпионлар Лигасидаги ғалабасиз якунланган мавсумни муваффақиятли деб бўлмайди. «Рома»га қарши ўйинда «Барселона»га ўйинни ёндириб юборадиган чўғ етишмаганди. Катта эҳтимол билан Видаль ва Боатенг каби жўшқин футболчилар айнан шунинг учун олиб келинди. Бу мавсумдаги илк класикода «Реал» анча кучсиз эди ва у ўйинда «Барселона» катта босимдан чиқиб кетиб ғолиб бўлмади. Ҳозирча Вальверденинг арсеналида бундай ғалабалар кўп эмас. «Севилья»га қарши ўйинда супер «камбэк» амалга оширилди, лекин уни бир футболчи қилганини ҳам унутмаслик керак... Хуллас, бугун қандай «Барселона»ни кўришимизни тахмин қилиш қийин.
«Реал»нинг аҳволи унчалик ёмон эмас
«Реал» бу мавсумни ёмон ўтказмоқда, Роналду кетди, Зидан кетди, Перес ёмон, жамоа пул сарфламаяпти, дейилмоқда. Лекин бир фактга эътибор беринг: «Реал» ўтган мавсумда Ла Лигада 3-ўринни олган ва «Барселона»дан роппа-роса 17 очко ортда қолган. «Реал» ва «Барселона» учун иккита мақсад бўлишини биласиз. Биринчидан, ўзи қатнашадиган барча мусобақаларни ютиш ва нима қилиб бўлса ҳам азалий рақибидан («Барса» ёки «Реал»дан) юқорида бўлиш. Зидан Чемпионлар Лигасини 3 марталаб ютган бўлса-да, Ла Лиганинг ўтган мавсумида ёмон натижа қайд этди.
Ҳозирги турнир жадвалига қарасангиз, «Реал»нинг аҳволи ўтган йилгига ўхшайди. «Бланкос» айни дамда «Барселона»дан 9 очко ортда қолмоқда. Худди ўтган йилда бўлгани каби учинчи ўринда бормоқда. Яъни, «Реал»нинг муаммоси Зидан давридан буён давом этмоқда ва Роналдунинг кетиши «ярани газак олдирган» холос.
Класикони соғинган Лео
Ўтган ўйиндаги 1:1 «Реал»ни фаворитга айлантиргани рост. Лекин «Барселона»да ҳам битта устунлик бор. Бугун Месси ўйнайди! Охирги иккита класикода «Реал»нинг омади келиб, Лео ёки ўйнамади, ёки жароҳат сабаб озроқ ўйнади. Бир сўз билан айтганда Лео класикони соғиниб қолган...
Мавзуга оид
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
10:01 / 10.11.2024
Винида яна ҳет-трик, лекин Мадридда даҳшатли муаммолар
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
00:08 / 07.11.2024