Ўзбекистон | 14:22 / 28.02.2019
15204
6 дақиқада ўқилади

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Фото: iStock

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси жойлаштирилди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ушбу Қонунга мувофиқ қабул қилинган, умум мажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжатдир. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонун ҳужжатларидир ва улар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари мажмуини ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар ёки мансабдор шахслар ҳисобланади.

Норма ижодкорлиги фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардир:

қонунийлик;

халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва қоидалари устунлиги;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жамият ва давлат манфаатлари ҳимоя қилиш принципи;

ошкоралик;

илмийлик;

ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг тизимлилиги ва тўлиқлиги;

ҳуқуқий тартибга солишнинг адекватлиги принципи;

ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишда барқарорлик.

Норма ижодкорлиги фаолияти норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қатъий иерархиясини таъминлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар ва мансабдор шахслар ваколатини ҳисобга олиш орқали амалга оширилади.

Норма ижодкорлиги фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.

Норма ижодкорлиги фаолияти халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва қоидалари устунлигини тан олишга асосланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар ва мансабдор шахслар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқилишини илгари суриш, режалаштириш, тайёрлаш, қабул қилиш ва ижросини таъминлашда жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, фуқаролик жамияти институтларининг фикрларини инобатга олади, ижтимоий адолатни таъминлаш ва барқарор ривожланишга эришиш мақсадида уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалга оширилишини ва ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар ва мансабдор шахслар тайёрланаётган ва улар томонидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисида жамоатчиликни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни чоп этиш, ушбу қонун ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган усулларда расмий эълон қилиш орқали хабардор қилишни таъминлайди.

Норма ижодкорлиги фаолияти илмий тадқиқотлар натижаларини таҳлилига, илм-фан ютуқларига, шунингдек олимлар, экспертлар ва мутахассислар фикрига таянади.

Ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг тизимлилиги ва тўлиқлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни туркумлаштириш, бўшлиқлар, умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир этмайдиган нормаларга йўл қўймаслик, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар коллизиялари йўқлиги билан таъминланади.

Ҳуқуқий тартибга солишнинг адекватлиги қонунчиликда турли соҳалардаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш учун ҳақиқатда зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжудлиги, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда жамият ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг объектив эҳтиёжларини акс эттириш орқали ифодаланади.

Ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ваколатига эга бўлган органлар ва мансабдор шахслар томонидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг зарур даражадаги сифатини таъминлаш, турли соҳалардаги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг тўлиқлиги ва самарадорлигини таъминлаш бўйича чораларни кўриш, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тез тузатишлар киритишга йўл қўймаслик орқали таъминланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари қуйидагилардир:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси;

Ўзбекистон Республикасининг конституциявий қонунлари;

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, конституциявий қонунлари ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари қонунлардир.

Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси устуворлиги сўзсиз тан олинади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси олий юридик кучга эга ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қўлланилади.

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида ва уни ижро этиш учун қабул қилинади ҳамда унинг нормалари ва принципларига зид келиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган масалалар бўйича қабул қилинадиган қонунлар, конституциявий қонунлар шаклида қабул қилинади.

Конституциявий қонунлар қонунларга нисбатан юқори юридик кучга эга.

Конституциявий қонунларни Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасида қабул қилиш ва Сенатида маъқуллаш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳамда Сенатнинг умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози талаб қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари энг муҳим ва барқарор ижтимоий муносабатларни, шу жумладан давлат фаолиятининг сиёсий–ҳуқуқий ва ижтимоий–иқтисодий соҳалардаги асосий йўналишларини тартибга солади ва Ўзбекистон Республикасининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинади, Сенати томонидан маъқулланади, Президенти томонидан имзоланади ёки референдум ўтказиш йўли билан қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари ва мудофаа доктринаси тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фақат конун шаклида қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари энг мухим ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг принцип ва нормаларини мустаҳкамловчи ва ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини тўлиқ ҳуқуқий тартибга солишни таъминловчи, тизимлаштирувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўлган кодекслар шаклида қабул қилиниши мумкин.

Қонун лойиҳасининг тўлиқ матни билан қуйида танишиш мумкин.

Мавзуга оид