11:10 / 28.02.2019
3712

Сенат: 2019 йилда 112,2 трлн. сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиши кутилмоқда

2019 йилги инвестиция дастури асосида барча манбалар ҳисобидан 112,2 трлн. сўмликдан зиёд ёки 2018 йилга нисбатан 16 фоиз кўп инвестицияларни ўзлаштириш мўлжалланмоқда, деб хабар бермоқда Сенат ялпи мажлисида иштирок этаётган Kun.uz мухбири.

28 февраль куни ўз ишини бошлаган Олий Мажлис Сенатининг XVIII-ялпи мажлисида мазкур капитал қўйилмаларининг 34 трлн. сўмликдан кўпроғи тўғридан-тўғри хорижий инвестиция эканлиги маълум қилинди.

Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошевнинг таъкидлашича, 2019 йилнинг «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб номланиши замирида ҳам ана шу вазифа бажарилишини сўзсиз таъминлаш мақсади ётибди.

«Қолаверса, мамлакатимиз йил бошидаёқ ушбу йўналишдаги оламшумул ютуққа эришиб, ўзининг молиявий тарихидаги янги саҳифасини очди: 13 февраль куни Ўзбекистон илк бор1 млрд. долларлик давлат облигацияларини Лондон фонд биржасига муваффақиятли жойлаштирди. Натижада мамлакатимизнинг давлат халқаро евробондларига талаб 8 млрд. доллардан ошиб кетди», - деб фикр билдирди раис.

Эслатиб ўтамиз, 2019-2021 йиллар давомида Ўзбекистонда умумий қиймати 1,5 млрд. долларга тенг 800га яқин лойиҳалар амалга оширилиши кутилмоқда. Давлат раҳбари 2019 йил 1 январга қадар муддатда инвестиция киритиш учун энг қулай шароитлар яратишга қаратилган, инвестиция фаолияти соҳасидаги унификация қилинган қонун ҳужжати лойиҳасини ишлаб чиқиш ва киритиш вазифасини топширганди.

Шунга монанд, Ўзбекистонда «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилди.

Top