Жаҳон | 14:20 / 28.02.2019
17264
2 дақиқада ўқилади

Трамп: КХДР санкциялар бекор қилинишини истади, аммо АҚШ рад этди

Фото: REUTERS/Leah Millis

Шимолий Корея томони Ёнбендаги ядро объектини йўқ қилиш эвазига барча санкциялар бекор қилинишини истади, аммо АҚШни бу ҳолат қаноатлантирмади, деди АҚШ президенти Дональд Трамп Ханойда бўлиб ўтган КХДР-АҚШ саммити якунларига бағишланган матбуот анжуманида.

"Улар барча санкциялар бекор қилинишини исташди, биз рад этдик. Улар Ёнбендаги ядро объектини йўқ қилиш эвазига биз барча санкцияларни олиб ташлашимизни исташди, аммо бизни бу қаноатлантирмайди", - деди Трамп.

АҚШ президенти "АҚШ ва Шимолий Корея ўртасидаги жарликни бартараф этиш учун вақт кераклигини" айтди ҳамда ўтган йилги биринчи учрашувдан буён унинг ва Ким Чен Иннинг қарашлари "анча яқинлашганини" таъкидлади.

Трамп КХДРдан санкцияларни олиб ташлашни ва ушбу мамлакат иқтисодий салоҳиятининг амалга ошишига гувоҳ бўлишни хоҳлашини билдирди.

Вьетнам пойтахти Ханойда бўлиб ўтган икки давлат раҳбарлари учрашувида КХДР етакчиси Ким Чен Ин ядросизланишни амалга оширишга тайёр эканини яна бир маротаба тасдиқлади.

“Агар мен буни хоҳламаганимда, бу ерга келмаган ҳам бўлардим”, - деди у америкалик журналистнинг саволига жавоб қайтариб.

Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс сўзларига кўра, томонлар ядросизланишнинг турли вариантларини муҳокама қилишган, аммо ҳозирча улар келишувга эриша олмаганлар. Шу билан бирга, етакчилар келажакда учрашиш ниятида эканини билдирган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид