Бош вазир ўринбосари - Хотин-қизлар қўмитаси раиси фаолиятининг асосий йўналишлари белгиланди
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг функционал вазифалари ва Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш, ФҲДЁ органлари билан ишлаш масалалари котибияти тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг функционал вазифалари тўғрисидаги низомга кўра, бош вазир ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан маъқуллангандан кейин Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикасининг бош вазирига ҳисобот беради.
Бош вазир ўринбосарининг фаолияти хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида уларнинг роли ва фаоллигини ошириш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, хотин-қизларни ишга жойлаштириш ва уларнинг ижтимоий ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, жиноят содир этишга мойил бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш орқали хотин-қизлар орасида ҳуқуқбузарликнинг барвақт профилактикаси, онлайн мустаҳкамлаш, ажралишларнинг олдини олиш, туғилиш ва никоҳни ўз вақтида рўйхатдан ўтказиш, тарғибот ва маърифат чора-тадбирлари масалаларида давлат сиёсати самарали амалга оширилишини таъминлашга йўналтирилган.
Бош вазир ўринбосари мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг аъзоси ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати таркибига киради. Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида бевосита иштирок этади.
Қуйидагилар бош вазир ўринбосари фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:
вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ҳужжатлари. парламент ва депутат сўровлари, Ўзбекистон Республикаси президенти ҳужжатлари ва топшириқлари бажарилиши мониторингини олиб бориш, шунингдек, жойларда ишларнинг реал ҳолатини мунтазам ўрганиш, иқтисодиётдаги ва ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда шу асосда стратегик ва устувор вазифаларни амалга ошириш юзасидан комплекс таклифлар ишлаб чиқиш;
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифалари, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий ислоҳотлар концепцияси, Ўзбекистон Республикасини 2030 йилга кадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепцияси ҳамда ўрта муддатли ва узоқ истиқболда ривожлантиришнинг тасдиқланган тармоқ ва ҳудудий дастурларининг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш чора-тадбирларини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботлар тайёрланишини таъминлаш;
ҳукумат. давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг асосий халқаро рейтингларда Ўзбекистон Республикаси мавқеини яхшилаш бўйича ишлари самарадорлигини ошириш соҳасида комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлаш;
жойларда “халқ билан мулоқот” ва шахсий учрашувлар амалиётини такомиллаштириш чораларини кўриш. ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, шу жумладан аҳолининг бандлиги ва реал даромадлари оширилишини таъминлашни кафолатловчи комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали, шу жумладан, илғор халқаро тажрибани ўрганиш асосида, зарур бўлганда, ушбу мақсадларга хорижий консультантларни жалб этган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, экспертизадан ўтказиш ва кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг марказий аппарати, унинг бўлинмалари ва Ўзбекистон Республикаси президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўмиталари билан яқин ўзаро ҳамкорликни таъминлаш;
котибиятда, шунингдек, мутасаддиликдаги ва ўзаро ҳамкорлик қилиш таъминланадиган ташкилотларда ижро интизоми даражасини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш асосида Ўзбекистон Республикаси президенти ва ҳукуматнинг ҳужжатлари, баённомалари ва топшириқлари, шунингдек, “йўл хариталари”нинг бажарилиши юзасидан тизимли назоратни такомиллаштириш;
ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини юзага келадиган муаммолар сабаблари ва шароитларини бартараф этиш, ишларни ташкил этишнинг замонавий услубларини жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга қайта йўналтириш мақсадида айрим давлат функцияларини хусусий субъектларга бериш орқали ортиқча маъмурий тартибга солишни камайтириш;
давлат бошқарувини номарказлаштириш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг роли ва жавобгарлигини кенгайтириш, марказий ва ўрта бўғин бошқарув ходимлари сонини оптималлаштириш орқали бошқарувнинг вертикал тизими механизмларини ва ижро этувчи ҳокимият органларининг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш;
хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш, ФҲДЁ органлари билан ишлаш масалалари котибиятида кадрлар танлаш, ходимларнинг малакасини оширишнинг самарали услуб ва шаклларини татбиқ қилиш ва кадрларнинг амалий захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш.
Мавзуга оид
18:49 / 29.01.2020
Зўравонликка учраган аёлларга ҳимоя ордери қай тартибда берилиши маълум қилинди
02:25 / 20.12.2019
19 нафар маҳкума аёл Хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги билан озодликка чиқарилди
18:56 / 10.12.2019
Ўзбекистонда хотин-қизларга доир ўн йиллик стратегия ишлаб чиқилмоқда
15:44 / 26.11.2019