17:44 / 05.03.2019
5356

Бобожонова: журналистларнинг ҳуқуқлари кўп ҳолларда инобатга олинмаяпти 

Фото: iStock

Журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори Гулнора Бобожонова журналистларнинг ҳуқуқлари кўп ҳолларда инобатга олинмаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Бобожонова 5 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган давра суҳбатида айтиб ўтган.

«Уларнинг (журналистлар - таҳр.) мақомини мустаҳкамлаш учун Журналистлар касаба уюшмасини ташкил этиш керак. Улар маданият ходимлари касаба уюшмасига бириктириб қўйилган. Ваҳоланки, журналистика касбининг хусусиятлари маданият ва таълимдан фарқ қилади», — дея қайд этган марказ директори.

Журналистика соҳасига оид ҳуқуқий-норматив актларга ўзгартириш киритиш орқали уларни такомиллаштириш бўйича ташкил этилган давра суҳбатида Бобожонова «кўп ҳолларда журналистларга ҳам ҳуқуқий саводхонлик» етишмаслигини таъкидлаган. 

Унинг айтишича, журналистлар қонунлар билан таниш эмас. Бу борада журналистлар малакасини оширишга кўпроқ эътибор қаратиш керак, деб ҳисоблайди Журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори.

Аввалроқ, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори  ОАВ фаолиятига асоссиз аралашувидан огоҳлантириш, ОАВ ҳамда давлат идоралари, жисмоний, юридик шахслар ўртасидаги низоли ҳолатларни ҳал қилиш билан шуғулланувчи Медиа-омбудсмен институти ташкил этилишини билдирганди.

Top