Жаҳон | 11:22 / 09.03.2019
32641
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Рамзон Қодировнинг активларини қидириб топиш талаб қилинди

Фото: AFP

АҚШ Вакиллар палатасининг ташқи ишлар бўйича қўмитаси Борис Немцовнинг ўлдирилиши учун санкциялар тўғрисидаги резолюция лойиҳасини маъқуллади. Унда Америка ижро ҳукуматига Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировнинг БАА ва Саудия Арабистонидаги активларини топиш ҳақида талаб ҳам киритилди. Бу ҳақда «Америка овози» хабар берган.

Чеченистон раҳбарининг ишбилармонлик ва молиявий фаолияти, шунингдек, у Россиядан ташқарида назорат қилувчи барча корхоналар юзасидан суриштирув ўтказиш учун эҳтимолий чоралар кўриш ҳақида Нью-Жерсидан конгрессмен демократ Том Малиновский таклиф билан чиқди.

Текширувлар мақсади - Магнитский қонуни бўйича бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Қодировга қарши амалда бўлган санкцияларнинг бузилиш ҳолатларини аниқлаш.

2017 йилда Чеченистон етакчиси Магнитский қонунига биноан АҚШ активлар ва Қўшма Штатларга кириш имконияти бўйича санкциялар жорий этган шахслар рўйхатига киритилди. АҚШ Молия вазирлигининг Қодировга қарши санкциялар бўйича қарорида, у «қотилликлар, қийноқлар ва инсон ҳуқуқларини поймол этишга доир бошқа ҳолатларга жавобгар» экани айтилади.

Вакиллар палатаси томонидан қабул қилиниш таклиф этилаётган ушбу резолюцияда Рамзон Қодиров Борис Немцовнинг ўлдирилиши учун судланган Заур Дадаевни «ҳақиқий ватанпарвар», марҳум мухолиф сиёсатчини эса - «Россия душмани», деб атагани айтилади.

Шунингдек, Малиновскийнинг таклифига кўра, резолюцияга Борис Немцовнинг ўлдирилиши учун расман судланганлар билан алоқадор бўлган шахслар рўйхатига Давлат думаси депутати, Рамзон Қодировнинг энг яқин сафдоши ҳамда Чеченистон ҳукумати раисининг собиқ ўринбосари Адам Делимханов киритилди.

Бундан олдин, Қодиров халақит бермаслик ва кўпроқ пул ажратишни сўраганди.

Мавзуга оид