11:40 / 09.03.2019
18929

Лондонда ЕЧЛ учун жанг. Ҳафтанинг асосий ўйинлари анонси

«Трибуна» 9-10 март кунлари Европа яшил майдонларида бўлиб ўтадиган энг асосий ўйинлар анонсини келтиради.

9 март, шанба
«Барселона» – «Райо Вальекано». 22.30. «Камп Ноу» стадиони. 
«Монако» – «Бордо». 00.00. «Луи II» стадиони. 
10 март, якшанба
«Жирона» – «Валенсия». 20.15. «Мунисипаль де Монтиливи» стадиони. 
«Арсенал» – «Манчестер Юнайтед». 21.30. «Эмирейтс» стадиони. 
«Вальядолид» – «Реал». 01.45. «Хосе Зоррилья» стадиони.

Эмери Сульшерга қарши
Дам олиш кунларининг энг ёрқин ўйини якшанба куни Англияда бўлиб ўтади. Лондондаги «Эмирейтс» стадиони Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун асосий рақобатчилар - «Арсенал» ва «Манчестер Юнайтед» ўйинини кутмоқда. Бу Унаи Эмери ва Оле Гуннар Сульшернинг кейинги бир ярим ой ичидаги иккинчи дуэли бўлади. Январь ойи охирида Англия Кубоги доирасидаги ўйинда норвегиялик мутахассиснинг қўли баланд келганди (3:1). Аммо Англия Премьер-лигаси ўйинига бутунлай бошқа эътибор билан қаралади.

Ўтган турда «қизил иблислар» «канонирлар»ни кучли тўртликдан сиқиб чиқаришганди. Манчестерликлар сафида юқори спорт формасига чиққан Лукаку «Саутҳемптон»га қарши ўйин охирида ғалаба голини урган (3:2), «Тоттенҳэм»га қарши Лондон дербисида эса «Арсенал» ҳужумчиси Пьер Эмерик Обамеянг пенальтидан гол уролмаганди (1:1).

Сульшер бошчилигидаги «МЮ» шу ҳафтада Чемпионлар лигасида мўъжиза кўрсатди - «ПСЖ» охирги дақиқаларда урилган гол эвазига керакли ҳисобда мағлуб этилди (3:1), жамоа турнирнинг кейинги босқичига йўл олди. Энди манчестерликлар барча турнирлар доирасидаги кетма-кет 9та сафар ўйинида ғалаба қозонган жамоа бўлиб турибди. Лондонга сафар ҳам ғалаба билан якунланса, бу серия 10 ўйинга етади. Якшанба кунги ўйинда Поль Погба жамоага ёрдам бериши мумкин (у Париждаги ўйинни дисквалификация туфайли ўтказиб юборганди), Марсиял ҳам жароҳатини тузатиб сафга қайтган. «Арсенал» эса ўтган ҳафтада «Тоттенҳэм»га қарши ўйиндаги қўполлиги учун майдондан четлатилган Лукас Торрейрадан 3 ҳафтага айрилган. Бундан ташқари, Европа Лигасида иштирок этган Эмери шогирдларида дам олиш учун бир кун камроқ вақт бўлди, қолаверса еврокубокда «Ренн»га қарши сафар ўйинида ютқазган (1:3) жамоанинг кайфияти ҳам зўр эмас.

Қайтаётган «Монако»
Монегаскликлар ўтган турда «Анже»га қарши сафар ўйинида ирода кўрсатиб, мағлубиятдан қутилиб қолганди (2:2). Қайд этиш керакки, Леонарду Жардим қайтиши билан жамоа натижалари нисбатан яхшилана бошлади. «Монако» охирги 5 ўйинда мағлуб бўлмади - 3 ғалаба ва 2 дуранг. Охирги ўйинда эса икки тўп фарқи йўққа чиқарилди.

Энди 16-ўринга кўтарилган жамоа бу турда 13-ўриндаги «Бордо»га қарши ўйнайди. «Бордо» кейинги 7 ўйинда атиги бир ғалабага эришди, бир бор дуранг ўйнади ва 5 марта мағлуб бўлди. Натижада, жирондаликлар бош мураббийни ўзгартиришди - жамоани Паулу Соуза қабул қилиб олди.

Биринчи давра ўйинида «Бордо» ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда гол уриб, монегаскликларга навбатдаги оғир зарбани берганди. Жардим қасос тўғрисида ўйлаётгани тайин.

«Валенсия»нинг серияси
«Валенсия» барча турнирлар доирасидаги ўйинларда январь ойи охиридан буён мағлуб бўлмади - 7 ғалаба ва 5 дуранг. Бу орада жамоа Испания Кубоги финалига чиқди, Европа Лигаси нимчорак финалида «Краснодар»га қарши биринчи ўйинда ғалабага эришди. Энди Марселино шогирдларини «Жирона»га қарши сафар ўйини кутиб турибди. Каталонлар яқинда «Реал»ни «Сантьяго Бернабеу»да мағлуб этишган ва бу жамоа Ла Лигадаги ҳар қандай клубга хавф сола олади. Айниқса, ўз майдонида. Биринчи даврадаги ўйинда «Жирона» «Месталья»да мезбонларга жиддий муаммо туғдирган ва сафардан ғалаба билан қайтганди (1:0). Валенсияликлар айни вақтда 7-ўринда ва еврокубокка йўлланма берувчи олтинчи ўриндан 1 очко ортда.

Top