Навоий шаҳрида канализация тармоғи ишдан чиққан. «Сувоқова»да эса техника йўқ
Канализация масаласи шаҳар ва туманларда энг муҳим тармоқ ва шу билан бирга энг муаммоли ҳолатлардан бири ҳисобланади. Қишлоқларда эса канализациянинг ўзи йўқлиги кўпчиликка маълум.
Канализация тармоғини қуриш кўп маблағ ва харажат талаб этади. Шу боис бу масала жойларда манзилли дастурлар асосида амалга оширилади.
Аммо Навоий шаҳрида мавжуд канализация тизими ҳам аста-секин ишдан чиқмоқда. Айрим мутасаддиларнинг ўз ишига масъулиятсизларча ёндашган ҳолда чиқарган қарорлари бугунги кунда шундай муаммони келтириб чиқармоқда.
Kun.uz сайтига Навоий шаҳридаги «Гулистон» ва «Истиқлол» маҳаллалари аҳолисидан келган мурожаатни ўрганишимиз давомида ана шунда ҳолатга дуч келдик.
«Маҳаллаларимизда бир неча йилдан буён муаммосиз ишлаб келган канализация тизими уч йилдан буён ишламаяпти. Сабаби, канализация қувури ўтган ерга Навоий шаҳар ҳокимлиги томонидан уй-жой қурилишига рухсат берилган. Икки-уч йилдан буён канализация қувури устида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу эса қувурлар ишдан чиқишига олиб келди. Ушбу маҳаллада 4 мингдан зиёд киши истиқомат қилади. Уч йилдан буён шу муаммо бизни қийнаб келмоқда. Канализация ишламаётгани туфайли ҳовлилардаги канализация қудуқлари тўлиб кетган. Ёз кунлари маҳаллалар буткул бадбўй ҳидга тўлади. Бу масалада вилоят ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда тегишли ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилдик. Аммо ҳаммаси қуруқ ваъдалар билан чекланишади. Амалий ҳаракатдан дарак йўқ», – дейди ушбу маҳаллалар фаоллари биз билан суҳбатда.
Ушбу ҳолатни маҳаллалар бўйлаб кузатдик ва вазиятни ўргандик. Ҳақиқатан ҳам канализация тизимидаги муаммолар туфайли хонадонлардаги канализация қудуқлари тўлиб, хунук манзара ҳосил қилган. Антисанитария ҳолати юзага келган. Шаҳар ДСНЭМ ходимлари бу маҳаллаларга охирги марта қачон келишганини эслай олишмаса ҳам керак. Аҳоли эса бир неча йилдан буён бу муаммо билан курашиб келмоқда.
Маълум бўлишича, махсус техникалар ёллаб, канализация қудуқларини тозалашар экан. Тайёр канализация тизими турганда аҳоли махсус техникаларга пул сарфлашга мажбур бўлмоқда. Шаҳарда бундай махсус техника йўқлиги сабабли аҳоли уни бошқа жойлардан ёллашга мажбур. Бу эса харажатларни янада оширади.
Шунингдек, ўрганишимиз давомида канализация қувурлари устидан янги уйлар қурилганига гувоҳ бўлдик. Икки-уч йиллар аввал ушбу уйларнинг қурилиши маҳаллалардаги канализация тизими ишдан чиқишига олиб келган. Аслида белгиланган меъёрларга кўра, канализация тармоғи устига уй-жой қуриш мумкин эмас. Аммо бу ер шаҳар ҳокимининг қарори билан фуқароларга уй-жой қуриш учун берилган. Албатта, ҳоким қарори тегишли комиссия далолатномасига асосланиши зарур. Ушбу комиссия таркибида турли соҳа вакиллари бор. Улар нега бундай мумкин бўлмаган ҳолатга йўл қўйишган?
Ушбу масалалар юзасидан Навоий шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари билан учрашдик ва мазкур вазият юзасидан изоҳ сўрадик. «Сувоқова» ДУК Навоий шаҳар филиали директори Асрор Ҳамроевнинг изоҳлари «табибимдан ёрдам сўрасам, нетай, табибимнинг ўзи ҳам бемор», қабилида бўлди. Бу корхонада ҳам муаммолар етарича экан.
«Ушбу маҳаллалардаги канализация тизими корхонамизга 2017 йилда тасарруф этиш учун берилган. Шу вақтдан буён биз масъулмиз. Аммо бу маҳаллалардаги канализация муаммоси аввалроқ юзага келган. Муаммодан хабаримиз бор ва бартараф этиш бизнинг зиммамизда. Аммо ниманинг эвазига? Биринчидан, бунинг учун маблағимиз йўқ. Ишонасизми, биз жангдаги қуролсиз одамлар кабимиз. Корхонамизда ҳатто биттагина техника йўқ. Тўлиб қолган канализация қудуқларини муаммо бартараф этилгунча вақтинча тозалаб туриш учун махсус техникаларимиз ҳам мавжуд эмас. Шундай бўлса-да, бошқа жойдан махсус техника ёллаб, баъзида бу ишларни амалга оширмоқдамиз. Гоҳида ўз ҳисобимдан ёқилғи олиб бераман, баъзида хонадон эгаларининг ўзлари бунинг учун пул беришади. Канализация қувурлари устига қурилган уй-жойлар атрофидан янги канализация тармоғини олиб ўтиш учун 300 метр қувур зарур. Муаммони бартараф этишга маблағ керак. Маблағ эса йўқ», – дейди «Сувоқова» ДУК Навоий шаҳар филиали директори Асрор Ҳамроев.
Муаммога шаҳар ҳокимининг 2015 йилдаги қарори билан канализация тармоғи устидан уй-жойлар қуриш учун ер ажратилгани сабаб бўлган.
Ушбу ҳолат юзасидан Навоий шаҳар ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари И.Қодировдан изоҳ сўрадик.
«Бу муаммо мен ушбу лавозимга келгунимга қадар юзага келган. Айрим мутасаддилар ўз ишига масъулиятсизларча ёндашгани туфайли канализация тармоғи устига уй-жойлар қурилган. Бу масалани жойига бориб бир неча бор ўргандик. Муаммони бартараф этиш учун барча зарур чораларни кўрмоқдамиз. Янги қувур ўтказиш масаласини 2019 йилги инвестиция дастурига ҳам киритгандик. Аммо тасдиқланмади. Маблағ йўқлиги сабабли бу муаммо шу кунга қадар ҳал этилмаган. Шаҳар ҳокимлиги даражасида айни вақтда бу муаммони ҳал этишнинг имкони йўқ», – дейди И.Қодиров.
Шаҳар ҳокимлиги даражасида муаммо ечимини имкони йўқ бўлса, вилоят мутасаддилари бу масалага ечим топадими?
Навоий вилояти «Сувоқова» ДУК раҳбари Шахобиддин Шайматов биз билан суҳбатда бу масала бир неча бор манзилли дастурларга киритилиб, тасдиқланмай қолаётгани, зарур маблағ йўқлигини билдирди.
Муаммога ечим борми?
Бу саволга Навоий вилояти ҳокимлигининг капитал қурилиш масалалари котибияти мудири Акбар Ниязов жавоб берди.
«Муаммони ҳал этиш юзасидан барча чораларни кўрамиз. Ушбу масала дастурга киритилмай қолган бўлса-да, зарур маблағни топишга ҳаракат қиламиз. Яқин кунларда бу муаммо ижобий ечим топади», – дейди мутасадди.
Мутасаддилар ваъда беришди. Фақат бу ваъдалар бажарилса, муаммо ижобий ечим топади. Маҳаллалар аҳолиси ҳам шу умидда. Айрим хонадон эгалари айни вақтда канализация қудуқларини кўмиб ташламоқда. Бу эса муаммо кўламини янада оширади ва зарур чоралар кўрилмаса, ушбу маҳаллалардаги канализация тармоғи бутунлай йўқ бўлиб кетади. Канализация тизимини жойларда амалга ошириш катта муаммо бўлиб турганда, борини бутунлай ишдан чиқишига жим қараб туриш мантиққа тўғри келмайди.
Kun.uz мазкур масала ижобий ҳал этилишига ишонч билдиради ва воқеалар ривожини кузатиб боради.
Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.
Тавсия этамиз
Ғарб Исроил Эронга зарба беришидан хавотирда. Бу ҳақда нималар маълум ва оқибатлар қандай бўлиши мумкин?
Жаҳон | 21:01 / 12.06.2025
Қизалоққа қарши армия: Грета Тунберг Ғазога етиб боролмади
Жаҳон | 17:45 / 11.06.2025
Сўм 2 ҳафтада 2 фоизга мустаҳкамланди. Қандай қилиб?
Иқтисодиёт | 18:57 / 10.06.2025
Июнда об-ҳаво нисбатан салқин бўлиши кутилмоқда
Ўзбекистон | 16:47 / 10.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Air Arabia Ўзбекистонга ва яна тўққизта давлатга парвозларни тўхтатди
Жаҳон | 00:25
-
Эрон Исроилга баллистик ракеталарни учирди
Жаҳон | 23:46 / 13.06.2025
-
Ўзбекистон Ғазода урушни тўхтатиш ҳақидаги БМТ резолюциясига қўшилди
Жаҳон | 23:21 / 13.06.2025
-
Эрондаги масжид узра қизил «қасос байроғи» кўтарилди
Жаҳон | 23:12 / 13.06.2025
Мавзуга оид

18:51 / 11.06.2025
Қоғозда ҳаммаси яхши, амалда-чи? Ичимлик суви таъминотида кенг кўламли камчиликлар аниқланди

00:00 / 10.06.2025
Навоий вилояти учун Хитойдан 60 та автобус олиб келинди

09:47 / 17.05.2025
Навоийда вентиляция тармоғи орқали олтин ўғирламоқчи бўлган шахслар ушланди

11:43 / 13.05.2025