Жаҳон | 22:30 / 13.03.2019
7785
2 дақиқада ўқилади

Финляндияда дунёдаги энг катта миллий байроқ ўрнатиш режалаштирилмоқда   

Фото: Getty Images

Финляндиянинг Хамина шаҳрида яқин орада дунёдаги энг катта миллий байроқни кўтаришга тайёрланилмоқда. Бу ҳақда шаҳар маъмурияти хабар берди.

Финляндия улкан байроқни ўз мустақиллигининг 100 йиллигига деярли 30 та давлатдан совға сифатида олган. Байроқнинг ўлчами 26 метрга 16 метр бўлиб 416 квадрат метрни ташкил қилади, у деярли баскетбол майдончасидек келади.  Бундай совға ғояси ортида Финляндияга барча қўшни давлатлар ҳамда ундан анча олисда жойлашган Австралия турган. 

Шаҳар узра байроқни кўтариш бир неча марта кейинга қолдирилган. Дастлаб уни 2018 йил майида ўрнатмоқчи бўлишган, бироқ ўшанда маблағ етмагани сабаб бу ғоя амалга ошмай қолган. Сўнгра байроқни декабрда кўтариш режалаштирилган, бироқ маросим ҳукуматнинг конструкция хавфсизлигини ва Россияда тайёрланган флагштокнинг Европа стандартларига мослигини текшириш истаги сабабли яна қолдирилган

Маъмуриятда таъкидланишича, байроқни кўтаришдан олдин уни кўтариш ва тушириш бўйича қўшимча синовлар ўтказилади. Флагштокка (байроқ кўтариладиган устун) электрон тизим ўрнатилган бўлиб, у кучли шамол вақтида байроқни йиртилиб кетмаслиги учун пастга туширади. Байроқни ўрнатиш санаси бўйича яқин орада қарор қабул қилинади. Тахмин қилинишича, байроқ 2018 йил майида Хаминада очилган байроқлар боғининг бир қисмига айланади. Байроқ шаҳар узра узукун ҳилпираб туради ва фақатгина сервис хизмат кўрсатиш вақтида олиниб туриши мумкин. Ҳукумат ушбу байроқ ва умуман олганда, бутун байроқлар боғи мамлакатга келувчи меҳмонлар учун қизиқарли бўлиши ва шаҳарга кўпроқ сайёҳлар жалб қилишига умид қилмоқда. 

2018 йил 28 май куни Финляндия роппа-роса 100 йил аввал парламент давлат байроғини расман тасдиқлаганининг 100 йиллигини нишонлаганди. Ўз вақтида байроқ қандай кўринишда бўлиши борасида ўнлаб йиллар давомида муҳокама кетган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид