Жаҳон | 09:11 / 16.03.2019
31817
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Кореяда махфий инқилобий ташкилот борлиги аниқланди

Фото: REUTERS

Шимолий Кореяда Cheollima Civil Defense махфий ташкилоти бор, у Free Joseon деб ҳам аталади ва амалдаги ҳукуматга қарши курашади. Бу ҳақда Washington Post ўз манбаларига таянган ҳолда хабар қилмоқда.

Нашр суҳбатдошлари сўзига кўра, ташкилотнинг мақсади - Шимолий Кореяда Ким Чен Ин ва унинг диктаторлик режимини ағдариш. Март ойида гуруҳ мурожаат билан чиқди, унда мамлакат ичкариси ва ундан ташқаридаги аҳолига ҳукуматга қарши исталган усулда кураш олиб бориш чақириғи бор. Ташкилот аъзолари Пхеньяндаги режим ағдариб ташланганидан кейин фаолият кўрсатадиган вақтинчалик ҳукуматни шакллантиришган.

Cheollima аъзолари 22 февраль куни Мадриддаги КХДР элчихонасига ҳужум қилишди. Номаълум шахслар бинога бостириб кириб, ходимларнинг қўл-оёқларини боғлаб ташлашган ва техникани олиб, иккита машинада воқеа жойидан яширинишган. Испания матбуотида пайдо бўлган маълумотга кўра, бунинг ортида МРБ турибди, аммо нашр суҳбатдошлари билдиришича, гуруҳ ўз ҳаракатларини ҳеч бир ҳукумат билан мувофиқлаштирмаган ва мустақил равишда ҳаракат қилган. Бундан ташқари, АҚШ бунда иштирок этишдан манфаатдор бўлмаган, сабаби президент Дональд Трамп ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ўртасида музокаралар бўлиб ўтиши керак эди.

Нашрнинг билдиришича, ҳужум натижасида гуруҳ элчихона ходимлари телефонлари ва компьютерларидаги қимматли маълумотларга эга бўлган. У ерда КХДРнинг Европадан қимматбаҳо маҳсулотларни санкцияларни четлаб ўтган ҳолда олиб киришга уринишини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам бўлиши мумкин.

Cheollima гуруҳи 2017 йилдан ўз фаолиятини бошлади. Ўшанда унинг иштирокчилари мамлакатдан Ким Чен Намнинг ўғлини олиб чиқиб кетишган. Уларга АҚШ, Хитой ва Нидерландия ёрдам берди. 

Бундан олдин, КХДР АҚШ билан музокараларни давом эттириш истаги йўқлигини маълум қилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид