Жаҳон | 16:09 / 20.03.2019
35295
2 дақиқада ўқилади

Малайзияда йўқолиб қолган мигрант тимсоҳнинг ошқозонидан топилди

Фото: kemifilani.com

Малайзияда расмийлар мигрантни нобуд қилган одамхўр тимсоҳни топиш ва тутишнинг уддасидан чиқишди. Бу ҳақда Kemifilani ахборот портали хабар бермоқда.

Полиция 10 мартдан буён изсиз ғойиб бўлган индонезиялик ишчи Йосеп Тесуни қидириш ишларини олиб борганди. Ҳамкасби Тесу тушликдан кейинги дам олиш учун дарё қирғоғига бориб, қайтиб келмаганидан кейин у йўқолгани ҳақида маълум қилди. Қидирув амалиётида полициячилар, атрофдаги қишлоқлар аҳолиси, ўт ўчирувчилар, ўрмончилар ва йўқолган шахснинг ҳамкасблари қатнашди.

Бир неча кун давом этган самарасиз қидирувлардан сўнг, полиция ёрдам сўраб шомонга мурожаат қилди. У охирги марта Тесуни кўришган жойдан беш километр нарида, дарё бўйида тимсоҳга тузоқ қўйди.

Судралиб юрувчи 17 март куни тутилган. Полиция тимсоҳни ўлдириб, уни ёриб кўрди ва ошқозонида майдалаб ташланган инсон суяклари ҳамда йиртиқ кийимларни топди. Тахминларга кўра, бу қолдиқлар Тесуга тегишли. Шундан кейин расмийлар қидирувни тўхтатди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид