Йўқотилаётган авлод: нега жамият ўсмирларни қўлдан бой беряпти?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистон ўз ҳаётига нуқта қўйишга уриниш кўрсаткичи бўйича жаҳонда 104-ўринда туради, аниқроқ қилиб айтганда, ҳар 100 минг кишидан 9таси бу ишга қўл уради. Шунингдек, бундай хатти-ҳаракат асосан 15-29 ёш оралиғидаги авлод вакилларида кузатилиши қайд этилган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси тақдим этган маълумотга кўра, 2018 йилда вояга етмаганларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари 2017 йилга қараганда 10тага камайган.
Лекин ҳолатнинг асосий сабаблари — ўзгаларга таъсир ўтказиш истаги, оиладаги келишмовчилик, ота-онанинг хорижга ишлаш учун кетганлиги оқибатидаги соғинч, ишқий муносабатлар, содир этган ножўя қилмишидан уялиш, шаън ва қадр-қимматнинг камситилиши каби маиший ва ҳал этиш мумкин бўлган омиллар эканлигини инобатга олсак, инсон ўз ҳаётини барбод қилишга арзимайди.
Ўзбекистонда ўсмирлар орасидаги суицидга айни пайтда таълим муассасаларида психолог мутахассисларнинг ролини ошириш орқали ечим изланмоқда. Хусусан,
- мактабларда психолог штатларини ўқувчилар сонига мувофиқ 1 нафардан 3 штат бирлигигача ошириш;
- улар учун алоҳида дастур асосида малака ошириши курсларини ташкил этиш;
- олийгоҳларда «социал психология» йўналиши бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш;
- юқори синфлари ўқув дастурига “Оила психологияси” фанини киритиш;
Халқ таълими вазирлиги томонидан Ташхис марказида муаммоси мавжуд вояга етмаганлар ва ёшлар учун аноним ишонч телефони ва маслаҳатхона ташкил этиш кабилар белгиланган.
Аммо фақатгина психолог ёрдамини кучайтириш билан муаммо ҳал бўладими? Ҳаммасига балогардон Халқ таълими вазирлигими?
Мактаб ўқувчилари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари қайд этилганда, анъанавий қарашга мувофиқ, Халқ таълими вазирлиги ҳодисага бош айбдор сифатида кўрилади: улар болага тўғри тарбия бермаган, ўз вақтида бохабар бўлмаган.
Ваҳоланки, бу фақатгина таълим муассасасининг роли билан ҳал бўладиган масала эмас.
«Суицид оила, боланинг тиббий ҳолати, ижтимоий ҳолати ва мактабга боғлиқ ҳолда юзага келади. Афсуски, жамиятимизда оила болани фақатгина моддий таъминлаш функцияси билан чекланяпти, тарбия мажбурияти мактаблар чекига тушмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, МДҲ давлатларида суицидни коррекциялаш вазифаси психолог елкасига юклаб қўйилган. Аслида бу масала психологиянинг объекти эмас. Бу психиатриянинг муаммоси», — дейди Халқ таълими вазирлиги ходими, руҳшунос Акобир Абдуллаев.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, баъзи хасталиклар одамда чуқур депрессияни келтириб чиқаради. Масалага ёндашувда физиологик ҳолатларни ҳам инобатга олиш керак.
«Муаммо билан кўпроқ ижтимоий инстанциялар шуғулланяпти, ваҳоланки бунга тиббий муносабати ҳам лозим. Масаланинг координатори Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлиши керак. Психиатрлар хизматини йўлга қўйиш лозим», — дея таъкидлайди руҳшунос.
Ҳамма гап ахборот тарқатувчилардами?
Ёшлар ўртасида салбий характердаги хулқ-атворнинг сабаблари ҳақида сўз юритар экан, Ўқувчи ва ёшлар ташкилотлари билан ишлаш бошқарма бошлиғи ўринбосари Акобир Абдуллаев қуйидаги фикрларни илгари сурди:
– Оммавий ахборот воситаларида суицид ҳақидаги ахборотларнинг берилиши ўсмир руҳиятига акс таъсир кўрсатади.
Сайтда ёритилаётган хабарларда арқон, баландликда турган бола, қон, дори каби суратлар илова қилинади. Бундай демонстрация руҳияти инқироз остонасида турган одамга ноқобил қарор учун ипмульс бериши мумкин. Бундай ахборотни узатишда сўзларни тўғри қўллай олиш ҳам жуда муҳим. «Суицид» деган совуқ сўзнинг ўрнига «девиант хулқ-атвор», «ўзига зарар етказиш» каби нейтрал характерли сўзлардан фойдаланиш керак. Оммавий ахборот воситаларида бу нозик масаланинг ёритилиши тартибини қатъий ишлаб чиқиш лозим».
Социолог Завқиддин Гадоев эса оммавий ахборот воситалари бу муаммога жамоатчилик эътиборини қаратиши кераклигини таъкидлайди.
«ОАВ ахборот узатиш орқали жамиятга кўзини кўзини каттароқ очиш кераклигини уқтиради, ечим излашга ундайди. У очиб бераётган муаммоларнинг ечими томон бутун жамият биргаликда ҳаракатланиши, илмий-тадқиқот институтлари бу масала билан шуғулланиши керак. Ўқувчи ўзини осса, мактаб директори, синф раҳбари, маънавиятчи ишдан кетади. Бу билан нима ўзгаряпти? Масалага илмий ёндаша олишимиз, тўғри хулоса чиқара олишимиз керак», — дейди у.
Диний иммунитет мавжудми?
«Инсон умри – тарози. Унинг бир палласида ақл, иккинчисида эса дин туради». Файласуф Артур Шопенгауэрнинг мазкур иқтибоси ҳаётда диний билимларга эга бўлиш ақлли бўлиш каби аҳамиятга эгалигини кўрсатади. Муҳими, бу иккиси ўртасидаги олтин меъёрни сақлаб қола олишдир.
Фикримизча, дин ҳақида етарлича тушунчаларнинг шаклланмаслиги, ҳаётий иммунитетни ҳосил қилишда диннинг роли пастлиги ҳам ўсмирларда турли муаммоларга қарши курашувчанлик ҳиссининг йўқлигига сабаб бўлади.
«Мактабда дин илмий томондан тушунтирилиши керак. Диний ақидаларни эса уйда ота-она ўргатиши керак. Лекин аксарият ота-оналарнинг ўзида бу масалада етарлича тасаввур мавжуд эмас», — дейди социолог Завқиддин Гадоев.
Аҳолининг катта қисмини мусулмонлар ташкил қилувчи Ўзбекистонда кузатилаётган ўз жонига қасд қилиш ҳолати, аслида, Ислом динида қаттиқ қораланади. Хусусан, ўзини ўлдирган одамга жаноза ҳам ўқилмаслиги динда кўрсатилган. Шунга қарамай, диний уламоларнинг ёшлар, вояга етмаганлар билан мулоқоти сустлиги юқоридаги ҳодисаларни келтириб чиқармоқда.
Руҳий инқироздаги ўсмирни қандай таниш мумкин?
«Минг афсуски, сўнгги пайтларда «ўсмир» ва «суицид» сўзлари бирга юрадиган жуфтликка айланиб боряпти. Суицидга қўл урмоқчи бўлган ўсмирда асосий мақсад ўз қадрини ошириш. У ўлим жараёнини узоқ давом этадиган уйқу сифатида тасаввур қилади, ҳамма нохушликлар ўтиб кетгач уйғонаман, деган ўйда бўлади», — дейди амалиётчи руҳшунос Севара Жонузоқова.
Мутахассиснинг маълумот беришича, кучли руҳий инқироз остонасида турган ўсмирни бир қанча ташқи белгилар орқали «таниш» мумкин. Хусусан:
– уйқусизлик;
– иштаҳанинг йўқолиши ёки аксинча кўп овқат ейиш;
– ҳолсизлик, сабабсиз оғриқлардан шикоят қилиш;
– ташқи кўринишига ҳаддан ортиқ кўп эътибор қаратиш;
– кўпроқ ёлғиз қолишга интилиш;
– ўлим билан боғлиқ мавзуларда кўп гапириш;
– келажак учун режаларнинг йўқлиги;
– уйдан қочишга уринишлар;
– ўзига зарар етказишни ифодаловчи расмлар, ёзувларни тасвирлаш;
– сабабсиз йиғлаш, қўпол муомала;
– шахсий буюмларини бошқаларга тарқатиш.
«93 фоиз ҳолатда ўсмирни бу йўлдан қайтариб қолиш мумкин бўлади. Фақатгина ундаги салбий ўзгаришларни ўз вақтида пайқай олиш ва мутахассислик ёрдамини тўғри кўрсата олиш лозим», — дея таъкидлайди руҳшунос.
Ким айбдор: ота-онами ёки мактаб?
Ўсмирлар ҳаёти муаммолари ҳақида гап кетганда дарров айбдорни излашга тушиб қоламиз: Халқ таълими вазирлиги, маҳалла, ота-она... Калтак биринчи навбатда таълим муассасаси раҳбариятининг бошида синади. Айрим вазиятда ўсмир билан юз берган салбий ҳодисанинг сабаби этиб марҳумнинг ўқитувчиси ё дўстлари томонидан ҳақорат қилингани, калтак егани асос қилиб келтирилади.
Бу борада мутахассис социолог Завқиддин Гадоев қуйидаги фикрларни билдирди:
– Ўсмирларнинг ўз жонига қасд қилиш даражасига етиб келишига жамият айбдор. Суициднинг асосий сабаби жамият ташкил қилган қадрият ва анъаналар. Моҳияти мавҳум анъаналарга ёпишиб олганмиз. Социологияда ҳар бир ёш даври ўзининг алоҳида психологик хусусиятга эгалиги белгиланади. Лекин жамият қайси ёшда кимга қандай муомала қилиш кераклигини билмайди. Болага мана бундоқ, ўсмирга эса мана бундоқ гапириш керак, деган тушунча мутлақо мавжуд эмас. Жамият болани шахс сифатида тан олмайди. Улар эшитилмайди. «Йўқ, мумкин эмас», деган тақиқ бизда жуда кучли. Нега айнан ўтиш даврида суицид ҳолатлари кўп кузатилади? Чунки битта шапалоқ, битта олиб берилмаган кўйлак, рад этилган муҳаббат ҳам ўсмирнинг ўта нозик руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Бу даврда ҳар бир кўриладиган фильм, ўқиладиган китоб ўзига хос характерга эга бўлиши керак. Аммо аслида нима бўляпти? У қандай ахборотни қай тарзда қабул қилаётганлиги билан ҳеч кимнинг иши йўқ.
Ўсмирни ота-онаси жеркади. Ўқитувчининг эса у билан шуғулланишга вақти йўқ. Синфларда 40дан ортиқ ўқувчи ўтиради. Бунда бола билан қандай қилиб индивидуал шуғулланиш мумкин?! Муаммо комплекс илдиз отганми, демак, унинг ечимига ҳам мажмуавий ёндашиш керак».
Ўсмир ёшидаги авлоднинг ўз ҳаётига вақтли нуқта қўйишга уриниши фақатгина кечанинг ёки бугуннинг муаммоси эмас. Эртага ҳам бу мавзу ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Аммо бизга аён бўлган масаланинг айрим жиҳати шу бўлдики, қоғоз ва ҳисоботда боланинг «хўжайини», унга қайғуриши лозим ташкилот, инстанция ва субъектлар кўп, амалда уларнинг фойдали иши, натижаси йўқдек.
Мавзуга оид
19:22 / 15.11.2024
Америкалик ҳарбий хизматчилар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ортди
14:06 / 11.10.2024
Рулдаги бола қамалар, Gentra’ни ижарага берган-чи? Ноқонуний машина ижараси ўсмирлар ўлимига сабаб бўлмоқда
15:39 / 26.09.2024
ЖССТ: дунёда ҳар ўнинчи ўсмир ижтимоий тармоқлар ва компютер ўйинларига қарам
21:49 / 17.09.2024