Жаҳон | 18:55
456
2 дақиқада ўқилади

Испания ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига чеклов қўймоқчи

Ижтимоий тармоқлар қонунларга амал қилинмайдиган, жиноятларга тоқат қилинадиган, дезинформацияни ҳақиқатдан устун қўйиладиган, фойдаланувчилар нафрат билан ҳужум қилинадиган жойга айланди, деди бош вазир Педро Санчес.

Фото: Getty images

Испания ҳукумати 16 ёшгача бўлган ўсмирлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлашни кўриб чиқишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда бош вазир Педро Санчес маълум қилди.

Мадрид болаларнинг Twitter, TikTok ва Instagram каби платформалардан фойдаланишига чекловлар қўймоқчи, деб хабар берди Bloomberg. Тақиққа риоя қилиш учун ҳукумат платформалардан ёшни текширишни жорий этишни сўрайди.

«Ижтимоий тармоқлар қонунларга амал қилинмайдиган, жиноятларга тоқат қилинадиган, дезинформацияни ҳақиқатдан устун қўйиладиган, фойдаланувчилар нафрат билан ҳужум қилинадиган барбод бўлган давлатга айланди. <...> Болаларимиз ҳеч қачон ёлғиз қолиш учун мўлжалланмаган маконга тушиб қолди... Биз энди бунга чидаш ниятида эмасмиз. <...> Биз уларни рақамли Ёввойи Ғарбдан ҳимоя қиламиз», деди Санчес Дубайда бўлиб ўтган Бутунжаҳон ҳукумат саммитида.

Испания бош вазири сўзларига кўра, келгуси ҳафтадаёқ расмийлар ижтимоий тармоқлар раҳбариятини ноқонуний контент тарқатиш ва нафрат уйғотиш учун жавобгарликка тортишни назарда тутувчи ташаббусни ҳам кўриб чиқади.

Санчес, шунингдек, Испания Рақамли соҳада кўнгиллилар коалициясига (Coalition of the Digitally Willing) қўшилишини эълон қилди. Унинг аниқлик киритишича, унга аллақачон олтита давлат киради, аммо айнан қайсилари - номаълум. Коалиция ижтимоий тармоқларни тартибга солиш масаласида Европа Иттифоқи доирасида трансчегаравий ҳамкорликни таъминлаши керак.

Ўтган ҳафта Франция парламентининг қуйи палатаси 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлашни қўллаб-қувватлади. Агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, режа бўйича тақиқ янги ўқув йили бошидан - 2026 йил 1 сентябрдан кучга кириши керак. Декабр ойида Австралияда 16 ёшгача бўлган ўсмирлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаган дунёдаги биринчи давлат бўлган эди. Аввалроқ Буюк Британия ҳам бундай имкониятни кўриб чиқаётгани хабар қилинганди.

 

 

 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид