Спорт | 00:36 / 21.03.2019
3912
2 дақиқада ўқилади

2020 йилги Токио Олимпиадаси машъаласи тақдим қилинди 

Япония пойтахти Токиода 2020 йилги ёзги Олимпия ўйинлари машъаласи тақдим қилинди. Машъала “олтин сакура” рангида алюминийдан ишланган ва 1,2 кг келади. 

Машъаланинг дизайни, агар юқоридан қаралса, Япониянинг рамзларидан бўлган сакура гулидан илҳомланиб бажарилган. Ҳар бир гул япроғидан алоҳида аланга чиқиб, сўнгра бирлашади. Машъаланинг Япония бўйлаб олиб юрилиши 2020 йил мартида сакура гуллаши мавсумида бошланади. 

Машъалани яратишда қўлланган материалнинг бир қисми 2011 йилдаги зилзила ва цунамида зиён кўрган мамлакат шимоли-шарқида барпо этилган вақтинчалик уй-жой қурилишида қўлланган қайта ишланган алюминийдан олинган. Японлар шу тариқа табиий офатдан азият чеккан барчанинг хотирасини ёд этмоқчи ва ҳудуднинг тикланиши жараёнини қўллаб-қувватламоқчи бўлишган.   

Олимпия машъаласи 2020 йил 11 мартида – ўша фожиа юз берган кунда ёқилади. Шундан кейин у Японияга келтирилади ва 26 мартда Фукусима префектурасида унинг эстафетаси бошланади.  

Олимпия ўйинлари Токиода 24 июлдан 9 августгача бўлиб ўтади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид