Ўзбекистон | 14:34 / 21.03.2019
16739
10 дақиқада ўқилади

Янги таҳрирдаги Шаҳарсозлик кодексининг лойиҳаси тақдим этилди

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексининг лойиҳаси жойлаштирилди.

Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари шаҳарсозликнинг асоси бўлиб, улар Ўзбекистон Республикаси ва унинг қисмлари ҳудудларини ривожлантириш ва қуришни режалаштириш, бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларнинг лойиҳалаштирилиши, қурилиши ва реконструкцияси, бинокорлик материаллари ва буюмларини ишлаб чиқариш соҳалардаги нормалар ва қоидаларни белгилайди.

Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари шаҳарсозлик сохасидаги регламентлар ва давлат қурилиш стандартлари талабларида ҳам ифода этилади.

Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширувчи давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан ижро этиши учун мажбурийдир.

Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари шаҳарсозлик соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Шаҳарсозлик воситалари орқали шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари аҳолисининг қулай яшаш шароитларини таъминлаш, хўжалик ва бошқа фаолиятнинг атроф муҳитга етказадиган зарарли таъсирига йўл қўймаслик, экологик ҳолатни яхшилаш, аҳоли пунктларининг ва уларга туташ ҳудудларнинг муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларини ривожлантириш, маданий мерос объектларини сақлаш, шунингдек шаҳарсозлик фаолиятидаги очиқлик ва шаффофлик жамиятнинг шаҳарсозлик соҳасидаги манфаатларидир.

Аҳоли пунктларини ва аҳоли пунктлараро ҳудудларни барқарор ривожлантириш учун шароитларни таъминлаш, муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларнинг давлат тизимлари иш олиб бориши, табиий ресурсларни сақлаш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, шунингдек манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик давлатнинг шаҳарсозлик соҳасидаги манфаатларидир.

Шаҳарсозлик соҳасида жамият ва давлат манфаатларини уйғунлаштириш давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмалари томонидан таъминланади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг шаҳарсозлик соҳасидаги манфаатларига уларнинг шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган манфаатлари тааллуқлидир.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг шаҳарсозлик фаолияти, башарти бундай фаолият чегарадош ер участкалари ва бошқа кўчмас мулк объектларининг мулкдорлари, эгалари ҳамда мазкур участка ва объектлардан фойдаланувчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари амалга оширилишига монелик қиладиган бўлса, чекланиши керак.

Жамият, давлат, юридик ва жисмоний шахсларнинг шаҳарсозлик соҳасидаги манфаатлари шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, бошқа қонун ҳужжатлари, шаҳарсозлик ҳужжатлари талаблари бажарилиши, шунингдек бу талабларга риоя этилишини назорат қилиш орқали таъминланади.

Агар шаҳарсозлик фаолияти жамият, давлат, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларига зид бўлса, бундай фаолият тугатилиши керак.

Ҳар бир фуқаро қулай яшаш ва фаолият кўрсатиш муҳити билан таъминланиш ҳуқуқига эга.

Шаҳарсозлик фаолиятининг амалга оширилишида фуқароларнинг қулай яшаш ва фаолият кўрсатиш муҳити билан таъминланиш ҳуқуқи:

шаҳарсозлик фаолиятининг давлат томонидан тартибга солиниши;

ҳудудлар ва аҳоли пунктларини ривожлантиришнинг шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштирилиши;

фуқароларнинг шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда иштирок этиши;

бинокорлик материаллари ва қурилиш соҳасидаги буюмларнинг сертификатланиши;

шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш устидан давлат ва жамоат назорати;

шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик натижасида фуқароларга етказилган ҳамда уларнинг яшаш ва фаолият кўрсатиш муҳити ёмонлашувига сабаб бўлган зарарни белгиланган тартибда компенсация қилиш, шунингдек фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш;

шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш орқали таъминланади.

Шаҳарсозлик фаолиятининг асосий талаблари қуйидагилардан иборат:

шаҳарсозлик фаолияти барча субъектлари томонидан шаҳарсозлик фаолиятни амалга ошириш учун қонунчиликда белгиланган тартибда ваколатли органларнинг рухсатномаларини олиниши ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши;

ҳудудлар ва аҳоли пунктларини табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизлик талабларига, шунингдек санитария нормалари ва қоидаларига риоя қилиш;

маданий мерос объектларини ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни сақлаш талабларига риоя этиш;

аҳоли пунктларини аҳоли пунктининг мазкур тури учун шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган аҳолига хизмат кўрсатиш даражасидан кам бўлмаган муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилма объектлари, рекреация ва соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган объектлар, шунингдек ҳудудларни ободонлаштириш объектлари билан таъминлаш;

ногиронларнинг ижтимоий инфратузилма объектларидан (уй-жой, жамоат, ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари, дам олиш жойлари, маданий-томоша муассасалари ва бошқа объектлардан) монеликсиз фойдаланиши учун шароитлар яратиш;

шаҳарсозлик фаолияти соҳасида қарорларнинг муҳокамаси ва қабул қилинишида фуқаролар, жамоат бирлашмалари иштирок этиши учун шароитларни таъминлаш;

шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши;

шаҳарсозлик фаолияти барча субъектлари томонидан шаҳарсозлик фаолиятни юридик ва жисмоний шахсларнинг қонуний манфаатларига зид ҳолда амалга оширмаслиги.

Агар ҳудуддан фойдаланишнинг махсус қоидаларини жорий этмай туриб, шаҳарсозлик соҳасида жамият, давлат, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини таъминлаш мумкин бўлмаса ёки қийин бўлса, шаҳарсозлик фаолияти алоҳида тартибга солинади.

Алоҳида тартибга солиниши лозим бўлган шаҳарсозлик фаолияти объектлари умумдавлат ва маҳаллий аҳамиятга молик бўлиши мумкин. Мазкур объектларни умумдавлат ва маҳаллий аҳамиятга молик объектлар жумласига киритиш қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

Шаҳарсозлик фаолияти қуйидаги ҳолларда алоҳида тартибга солиниши лозим:

ҳудудлар ва аҳоли пунктлари табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятларнинг таъсирига учраганда;

ҳудудлар концентрацияси йўл қўйиладиган даражадан ортиқ кимёвий ва биологик моддалар, зарарли микроорганизмлар, йўл қўйиладиган даражадан ортиқ миқдордаги радиоактив моддалар билан ифлосланганда;

мазкур фаолият муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда амалга оширилаётганда.

Шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган объектлари қуйидагилардан иборат:

ҳудудий алоҳида тартибга солинадиган объектлар;

алоҳида тартибга солинадиган аҳоли пунктлари.

Алоҳида тартибга солинадиган аҳоли пунктлари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси пойтахти - Тошкент шаҳри;

Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти - Нукус шаҳри;

вилоятларнинг маъмурий маркази бўлган шаҳарлар;

ҳудудида маданий мерос объектлари бўлган шаҳарлар;

курорт-шаҳарлар;

қўриқхона-шаҳарлар;

яшаш ва фаолият кўрсатишнинг алоҳида режими белгиланган аҳоли пунктлари (ҳарбий шаҳарчалар ва ўзга режимли ҳудудлар, давлат қўриқхоналаридаги, табиат боғлари ва бошқа муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардаги аҳоли пунктлари);

алоҳида (экстремал) табиий-иқлим шароитидаги аҳоли пунктлари.

Шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган объектлари чегаралари маъмурий-ҳудудий тузилмалар чегараларига тўғри келмаслиги мумкин ҳамда улар қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Ҳудудий алоҳида тартибга солинадиган объектлар қуйидагилардан иборат:

табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар таъсирига учраган ҳудудлар;

кимёвий ва (ёки) биологик моддалар, зарарли микроорганизмлар билан йўл қўйиладиган чекланган концентрациялардан ортиқча, радиоактив моддалар билан йўл қўйиладиган чекланган даражалардан ортиқча миқдорда ифлосланган ҳудудлар;

қўриқланадиган табиий ҳудудлар;

сув ресурслари зоналари;

қўриқланадиган ноёб ландшафтларга эга бўлган ҳудудлар;

курорт мақсадлардаги ҳудудлар;

рекреация мақсадлардаги ҳудудлар;

маданий мерос объектларга эга бўлган ҳудудлар;

Тошкент ва Нукус шаҳарларига ҳамда вилоятлар ва туманларнинг маъмурий марказлари бўлган шаҳарларга туташ зоналар.

Ҳудудлар ва аҳоли пунктларида шаҳарсозлик фаолиятини алоҳида тартибга солиш ҳудудлардан фойдаланишнинг қуйидагилар қамраб олинган махсус қоидаларини жорий этиш йўли билан амалга оширилади:

махсус шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари;

аҳоли пунктлари ва аҳоли пунктлараро ҳудудларни ривожланишини ва қуришни режалаштириш шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашнинг алоҳида тартиби;

объектлар қурилишига махсус рухсатномалар бериш.

Табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятларнинг таъсирига учраган ҳудудлар ва аҳоли пунктларида шаҳарсозлик фаолиятини алоҳида тартибга солиш:

ҳудудлар ва аҳоли пунктларини мазкур таъсирдан ҳимоя қилишнинг махсус тарҳлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

аҳоли пунктлари ва аҳоли пунктлараро ҳудудларни ривожланишини ва қуришни режалаштириш шаҳарсозлик ҳужжатларини комплекс муҳандислик қидирувлари натижаларини ҳисобга олмасдан туриб ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга оширишни тақиқлаш орқали амалга оширилади.

Концентрацияси йўл қўйиладиган даражадан ортиқ кимёвий ва биологик моддалар, зарарли микроорганизмлар, йўл қўйиладиган даражадан ортиқ миқдордаги радиоактив моддалар билан ифлосланган ҳудудлар, агар бундай ҳудудларда аҳолининг яшаши хамда хўжалик ва бошқа фаолият олиб бориши инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдираётган бўлса, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда консервация қилиниши ва уларга махсус ишлов берилиши лозим. Мазкур ҳудудларнинг ифлосланиш даражасига ҳамда уларни соғломлаштириш усулига қараб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан улардан фойдаланишнинг алоҳида режими жорий этилиши ёки бошқа функционал мақсади белгиланиши мумкин.

Маданий мерос объектлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари бўлган ҳудудларда ва аҳоли пунктларида муҳофаза зоналарининг чегаралари аҳоли пунктлари ва аҳоли пунктлараро ҳудудларни ривожланишини ва қуришни режалаштириш белгиланиб, улар доирасида маданий мерос объектларига, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга зарар етказадиган ёки уларнинг ҳолатини ёмонлаштирадиган ҳамда уларнинг яхлитлигини ва сақланишини бузадиган хўжалик ҳамда бошқа фаолият чекланади ёки тақиқланади.

Маданий мерос объектларининг, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг муҳофаза зоналари чегаралари шаҳарсозлик ҳужжатлари билан белгиланади ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланади.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.

Мавзуга оид