Жамият | 09:00 / 24.03.2019
32520
4 дақиқада ўқилади

Халқ таълими вазирлиги Сарвар Отамуродовнинг танқидига жавоб қайтарди

Халқ таълими вазирлиги «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуродовнинг Сирдарё, Самарқанд, Фарғона, Тошкент вилоятларидаги тарбияси оғир болалар учун мўлжалланган тўртта махсус мактабдаги вазият юзасидан билдирган танқидий фикрларига раддия билдирди.

Вазирликнинг маълум қилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган тўртта таълим муассасалари мавжуд. Булар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфидаги Бахт шаҳридаги ўғил болалар махсус коллежи ва Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежи, Халқ таълими вазирлиги тасарруфида Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ўғил болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати ҳамда Чиноз туманидаги 5-сонли қиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатидир.

Мазкур мактаб-интернатларига ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий касаллик билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланишда ўз ёшига нисбатан анча орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг моҳиятини тўлиқ англаб етишга қодир бўлмаган, якка тартибдаги профилактика иши олиб борилаётганлигига қарамай, ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир қилишни давом эттираётган 11—14 ёшли вояга етмаганлар маълум бир муддатга (6 ойдан 3 йилгача, то ахлоқан тузалгунларига қадар) жойлаштирилади. Тарбияланувчилар ахлоқан тузалганларидан сўнг, умумтаълим мактабларида таълим олишни давом эттиради.

Халқ таълими тизимига қарашли Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ўғил болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида жами 113 нафар тарбияланувчига 43 нафар, Чиноз туманидаги 5-сонли қиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида жами 40 нафар вояга етмаган болаларга 20 нафар педагог таълим-тарбия беради.

«Маълумотларда келтирилган жумлалар тўғрисида тўхталиб ўтадиган бўлсак, аввало ‘… ҳомиладор ёш қизлар бор, у шароитларда одам яшай олмайди’ қабилидаги гаплар келтириб ўтилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, вазирлик тасарруфидаги юқорида келтириб ўтилган таълим муассасасида 11—14 ёш қизлар тарбияланади. Тарбияланувчи қизлар орасида эса бу каби ҳолатлар қайд этилмаган», — дейилади баёнотда.

Вазирликнинг эътирозига кўра, халқ таълими тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатларига ўқувчилар суд ажрими ва халқ таълими вазирлигининг йўлланмасига асосан чуқур тиббий кўрикдан ўтказилган ҳолда қабул қилинади. Тарбияланувчиларнинг ҳомиладорлиги ҳақида тарқатилган нотўғри маълумотлар эса 11—14 ёшли қизларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан таҳқирлашга сабаб бўлмоқда.

Сарвар Отамуродов махсус мактаблардаги аҳволни «криминал бўлиб ётибди, давлат бюджетидан ажратилган пуллар талон-тарож. Ўзи шундоқ ҳам хулқи ёмон болалар орасида муҳит жуда ачинарли» деганди.

Вазирликнинг қайд этишича, мазкур ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари 2018 ва 2019 йиллар давомида бир неча бор Бош прокуратура, турли ташкилот ва идоралар ҳамда БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимлари томонидан ўрганилган. Ўрганиш давомида таълим муассасаси фаолияти ва тарбияланувчилар томонидан айтиб ўтилган салбий ҳолатлар аниқланмаган.

2016 йилги Ўзбекистон Президенти сайловида Шавкат Мирзиёевга рақиблик қилган (ва сайловчиларнинг атиги 2,35 фоиз овозини қўлга киритган) «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Сарвар Отамуротов ўз чиқишида Халқ таълими вазирлигини, Маданият вазирлиги ва Ёшлар Иттифоқини танқид қилганди.

Кейинроқ Отамуродовнинг сўзларига жавобан, Маданият вазирлиги вакиллари «тош отишнинг турли йўллари борлигини биз ҳам биламиз» қабилида жавоб қайтарган эди.

Мавзуга оид