Жамият | 16:38 / 26.03.2019
28118
5 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон тарихи (1917–1991 йиллар)» китоби чоп этилди

Фото: Фанлар Академияси матбуот хизмати

Фанлар академияси (ФА) ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши аъзолари, ФАнинг Тарих институти, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ ҳамда олий таълим тизимида фаолият олиб бораётган етакчи олимлар томонидан икки китобдан иборат «Ўзбекистон тарихи (1917–1991 йиллар)» фундаментал тадқиқоти чоп этилди. Мазкур фундаментал китоб муаллифлар жамоасининг узоқ муддатли изланишлари натижаси бўлиб, унда катта ҳажмдаги тарихий материаллар илк бор илмий муомалага киритилди. 

ФА матбуот хизматида хабар берилишича, Ўзбекистоннинг совет даври тарихини англашнинг янги парадигмаларини ўзлаштириш жуда мураккаб кечган. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейинги ўтган чорак аср давомида яратилган тарихий асарларнинг катта қисмида даврнинг мураккаб жараёнларини тўғри англашда, зиддиятли, баъзан қарама-қарши йўналишларни баҳолашда холис бўлишга қаратилди.

Бу тадқиқотнинг совет даврида нашр этилган шундай асарлардан асосий фарқли жиҳати шундаки, муаллифлар жамоаси Ўзбекистоннинг коммунистик тузум даври воқеаларига баҳо беришда ҳар қандай мафкуравий ғоялардан ҳоли равишда соф илмий асосда ёндашишга ҳаракат қилишган. Қолаверса, даврнинг мураккаб воқеаларини четлаб ўтмасликка, уларни фақат тарихий фактларга асосланган ҳолда баён қилишга алоҳида аҳамият берилди. Воқеаларни баҳолашда фикрлар хилма-хиллиги ва соф илмий­ принципларга таяниш, тарих фанининг замонавий ютуқларидан фойдаланишга ҳам ҳаракат қилинди, дейилади манбада.

Биринчи китоб 1917–1939 йиллар воқеаларига бағишланган. Бу даврнинг асосий хусусияти шундаки, ҳокимиятга келган большевиклар инсоният тарихида миқёси бўйи­ча энг кенг, натижалари бўйича энг баҳсли экспериментни амалга оширди. Ўзбекистонда ҳам улар томонидан ўтказилган ислоҳотлар натижасида янги ижтимоий-иқтисодий муносабатларга асосланган жамият шаклланди. 

Иккинчи китоб 1939–1991 йиллар воқеаларини ўз ичига олади. Манбада келтирилишича, бу даврнинг энг йирик ва фожиали воқеалари аввало, Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ бўлиб, уларни ёритишда республикамиз ва Россия архивларида сақ­ланаётган ноёб материаллардан фойдаланилди ҳамда уларнинг кўпчилиги илк бор илмий муомалага киритилди. Китобдан қатағоннинг янги тўлқини, совет сиёсий режимининг нисбатан либераллашуви даври, Ўзбекистон тарихининг мураккаб даври бўлган 1964–1983 йиллардаги (Бир томондан, шу йиллари республикамизда жуда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалди. Бошқа томондан, пахта яккаҳокимлиги кучайиб, 1980-йиллари бошланган «пахта иши» совет режали иқтисодиёти ва умуман совет тузумининг инқирозини яққол акс эттирди) жараёнлар ёритилган. 1985 йили бошланган қайта қуриш сиёсати кутилган натижаларни бермади. Шу даврда Ўзбекистон мустақиллик сари дадил қадамлар ташлади ва ўз мустақиллигини эълон қилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг Ўзбекистон таркибидаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнлари ва маданий ҳаёти алоҳида бобда ёритилган.

Иккинчи китобнинг якунида келтирилган библиографик рўйхат кенг қамровли бўлиб, унга: эълон қилинган ҳужжат ва материаллар тўплами ҳамда съезд, конференция ва пленумларнинг резолюсия ва қарорлари, стенографик ҳисоботлари; статистик ва демографик нашрлар; архив ҳужжатлари; даврий матбуот материаллари; сиёсат ва давлат арбобларининг асарлари; хотира ва эсдаликлар; совет ҳокимияти йилларида чоп этилган илмий адабиётлар; хорижий адабиётлар (инглиз, турк, немис, француз, итальян ва бошқа тилларда); мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида нашр этилган илмий адабиётлар; МДҲ давлатларида нашр қилинган тарихий адабиётлар; турли маълумотнома, солнома, луғат ва қомуслар; диссертация ва авторе­фератлар; интернет сайтларидан иборат жуда катта ҳажмдаги адабиётлар ва материаллар ҳақида маълумотлар киритилган.

ФА сайтида Ўзбекистоннинг совет даври тарихи турли мафкуравий қарашлардан холи, тарихийлик ва холислик тамойиллари асосида тадқиқ этилган мазкур китобдан олимлар ўзининг илмий фаолиятида, шунингдек, ўқув адабиётларини яратишда, оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб этишда фойдаланиш мумкинлиги таъкидланади. 

Мавзуга оид