Жаҳон | 18:20 / 26.03.2019
8391
3 дақиқада ўқилади

Uber ўз рақибини харид қилиб тарихидаги энг йирик шартномани имзолади

Фото: Flickr /Elliott Brown

Uber такси хизмати ўз рақибини 3,1 млрд долларга сотиб олмоқда, бу компаниянинг энг йирик битими ва биринчи минтақавий рақиб харидидир. 

Uber Яқин Шарқ мамлакатларида фаолият юритувчи Careem Networks FZ такси сервисини сотиб олмоқда. Шартнома суммаси - 3,1 млрд доллар. Компания ушбу сумманинг деярли ярмини нақд пул кўринишида, қолганини эса - битим тугагандан кейин конвертация қилинувчи векселлар шаклида тўлайди. 

Bloomberg'да қайд этилишича, Careem'ни харид қилиш — Uber тарихидаги энг қиммат битим. Октябрда навбатдаги инвестициялар раундида Яқин Шарқ сервиси 2 млрд долларга баҳоланди. Унинг инвесторлари қаторида Германиянинг Daimler AG, Хитойнинг Didi Chuxing, Япониянинг Rakuten Inc ва Саудия Арабистоннининг Kingdom Holding компаниялари бор.

Келишувдан сўнг Careem компанияси Uber'нинг шўъба корхонаси сифатида ўз бренди остида ишлашда давом этади. Компаниянинг амалдаги бош директори Мудассир Шайх ўз лавозимини сақлаб қолади. 

Uber бош директори Дара Хосровшахи компания сайтига жойлаштирилган ва ходимларга ёзилган мактубда Яқин Шарқ компания учун жуда муҳим эканини таъкидлади. Uber биринчи марта ўзининг минтақавий рақибини сотиб олмоқда, деб ёзади Bloomberg. Reuters'да таъкидланишича, Careem'ни харид қилиш Америка компаниясига минтақада етакчиликни қўлга олишда ёрдам беради. Америка компанияси 2013 йилдан бошлаб Яқин Шарқда фаолият юрита бошлади. Careem эса бир йил илгари Дубайда иш бошлаган ва CNN'да ёзилишича, рақибидан ўзиш учун маҳаллий спецификага оид билимларидан фойдаланган. Бугунга келиб Careem Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Покистон ва Туркиянинг 98 шаҳрида иш олиб боради. 

Битим, шунингдек, Uber учун ҳам муҳим аҳамиятга эга, зеро компаниянинг қатор мамлакатлардан кетиши унинг халқаро бозорларда рақобатбардош ўйинчи бўлишга доир хусусиятига шубҳа туғдираётган эди. Uber 2016 йилдан бошлаб ўз операцион бизнесини Жануби-Шарқий Осиёда - маҳаллий рақиби Grab'га, Хитойда - Didi Chuxing компаниясига, Россияда эса «Яндекс.Такси»га сотди. 

Шартнома 2020 йилнинг биринчи чорагидан эрта бўлмаган муддатда ёпилади, дейилади Uber'да: уни 15 мамлакатдаги регуляторлар билан мувофиқлаштириш керак. Бу битимнинг Uber'нинг оммавий компания сифатидаги илк ҳисоботларида акс этишини англатади, у  IPO'га аризага киритилиши мумкин, дейилади Reuters'да. Uber'нинг Нью-Йорк фонд биржасига жойлаштирилиши барча даврларнинг энг йирик IPO'лар бешлигига кириши мумкин. Bloomberg агентлигига кўра, компания баҳоси 120 млрд долларга етиши мумкин. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид