Ўзбекистон | 07:37 / 30.03.2019
24401
2 дақиқада ўқилади

ТИВ Ёқутистонга кетаётган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат билан чиқди

Фото: Рамиз Бахтияров

Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси Ёқутистонга кетаётган фуқароларга мурожаат билан чиқди.

Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси (консуллик округига Россиянинг Узоқ шарқий федерал округи киради) маълумотига кўра, Саха Республикаси (Ёқутистон) раҳбарининг 2019 йил 27 мартдаги 442-сонли фармони билан 2019 йилда Саха Республикаси (Ёқутистон) ҳудудида фаолият юритувчи хўжалик субъектларига патент асосида меҳнат фаолияти олиб борувчи хорижий фуқароларни 33 хил иқтисодий фаолиятга жалб этиш тақиқланди.

Эслатиб ўтамиз, ҳудуд раҳбари Айсен Николаев бу борада тегишли фармонни имзолади. Унга мувофиқ, Ёқутистонда мигрантларга савдо-сотиқ, йўловчи ташиш, маҳсулотлар, ичимлик ва кийим-кечаклар ишлаб чиқариш соҳасида ишлаш тақиқланди.

Тақиқ қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, овчилик, қайта ишлаб чиқариш, қурилиш, савдо, транспорт, меҳмонхона, илмий-техник фаолият, кўчмас мулк, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳаларидаги 33 та фаолият турига нисбатан жорий этилди.

Патент асосида меҳнат фаолиятини олиб бораётган хориж фуқаролари ҳуқуқ, муҳандислик-техник лойиҳалаш, бухгалтерия, илмий ишлаб чиқариш ва тадқиқотлар соҳаларида ишлаш ҳуқуқига эга бўлмайди.

17 март куни Ёқутистонда қирғизистонлик мигрант маҳаллий аёлга зўрлик ишлатгани маълум бўлганидан сўнг митинг бўлиб ўтди. Шундан сўнг бу ердаги мигрантлар маҳаллий аҳоли томонидан таъқибга олинаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Қирғиз диаспораси эса Ёқутистондаги вазият бўйича баёнот берди. «Қирғизистон бирлиги» минтақалараро жамоат ташкилоти раиси Абдуғани Шокировнинг маълум қилишича, Ёқутистонда муҳожирларга қарши қабул қилинган чоралар «жуда қаттиқдир».

Шокировнинг таъкидлашича, бундай қарор Евросиё иқтисодий иттифоқи келишувлари, шунингдек, Россия қонунчилигига зид келади.

Мавзуга оид