Жамият | 18:00 / 03.04.2019
8936
5 дақиқада ўқилади

Ахборот агентлигига нега илмий нашр мақоми берилди? ОАК раҳбариятига саволлар

Кейинги пайтларда Олий аттестация комиссияси фаолиятига оид турли фикрлар кўпайиб кетди. Булар орасида менинг таклифларим ҳам бор.

Ўзим илм соҳаси вакили бўлганим, соҳадаги ислоҳотларга бефарқ бўлмаганим учун ҳам ўз фикр ва таклифларимни бериб боришга ҳаракат қиламан.

2 апрель куни ОАК сайтида берилган янгилик мени таажжубга солди. Унга кўра, Олий аттестация комиссияси раёсатининг қарорига биноан, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг диссертациялар асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатига киритилган.

Бу ўринда биринчи навбатда хаёлга келадиган савол: ОАК илмий журналлари рўйхатига қўшилиш жараёни шунчалик осонлашдими ёки яна қандайдир имтиёзлар усулидан фойдаланиляптимикан?

Хабарда айтилишича, «Бундан буён ЎзА веб-сайтида филология, тарих, иқтисодиёт, юридик, фалсафа, тиббиёт ва техника фанлари бўйича ўрнатилган тартибда эълон қилинган илмий мақолалар (камида (0,25 б.т.) ОАКда ҳисобга олинади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси тўғрисидаги низомга кўра, бўлажак докторлик диссертациялари ҳимоялари тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги веб-сайтида эълон қилиш амалиёти 2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб жорий этилди».

Навбатдаги саволлар туғилади: ЎзАда бундай мақолаларни тақриз қилиш учун алоҳида таҳририят тузилдими? Тузилган тақдирда унинг таркибидан кимлар жой олган? Масалан, тиббиёт ва техника соҳасида йўналишлар шундай кўпки, бир йўналишдаги мутахассис бошқа йўналишдаги илмий мақолани объектив тақриздан ўтказиши амримаҳол. Саволлар кўп, жавоб йўқ. Айрим ҳамкасбларим ижтимоий тармоқларда ҳайратини яширмаяпти. Айрим мулоҳазалар қисқача шаклда minbar.uz’да ҳам берилди.

Энди нега мени бу янгилик менда иккиламчи туйғу уйғотганини очиқласам. ЎзАда ОАК ҳақида танқидий чиқишлар кетма-кет эълон қилингач, бу чиқишларга муносабат сўрашди (ЎзАдан), муносабатни жўнатдим, лекин ҳафта ўтса ҳамки чиқишидан дарак бўлмади. Шундан кейин мақолам дастлаб Xabar.uz, кейин Kun.uz сайтида берилди. ОАК томонидан ЎзАга кўрсатилган «эҳтиром» (ишонч)ни кўриб, ичимдаги турли гумонларга эрк бермай, балки бу тасодифдир деб қўяқолдим. Лекин янгиликнинг кейинги қисми яна хаёлимни бузди. Бу диссертация ҳимояларининг ОАВда берилиши шарт бўлган эълонига боғлиқ қисми. Ҳимоя ҳақидаги эълонлар олдин 6та нашрда эълон қилиниши кўзда тутилган бўлса, энди булар сафига ЎзА ҳам қўшилибди. Бунгача бундай эълонлар асосан «Маърифат» газетасида чоп этилган, гарчи рўйхатда яна 5та нашр мавжуд бўлса ҳам. Буям тасодиф, янаям тўғрироғи, диссертантларнинг «сарафан радиоси» орқали бир-бирига тавсияси сабабли бўлса керак. ОАКнинг ўтган йилги 9 ойлик ҳисоботига кўра, 758та илмий даража ҳимоялари бўлиб ўтган. Демак, шунча эълон берилган. Ҳар бир эълон учун 80 минг сўмдан тўланган бўлса («Маърифат»да тўлов шунча) қарийб 60 миллион сўм пул бўлади. Бу ердан энди қандайдир коррупцион схема излаш тирноқдан кир қидиришга ўхшаб қолса керак. Янгиликдаги мазмунга қараганда энди диссертантлар ЎзАга боришади. ЎзА бу «бонуслар» эвазига ОАК ҳақида танқидий чиқишларни тўхтатди, деб ўйласак тўғри бўлмаса керак, балки туҳмат ҳам бўлиб чиқар. Шунинг учун, бундай дейишдан ўзимни тияман.

Шу кунларда ОАК бўйича мажлис бўлар экан. Яхши хабарлар кутиб қоламиз. Илм соҳаси одами сифатида соҳадаги ҳар қандай ижобий ўзгаришни мамнуният билан қарши оламан.

Шу ўринда бир фикрни яна таъкидлаб ўтмоқчиман. Бизда илмий даражадан турли ғаразли манфаатлар учун фойдаланиш имконини йўқотишга ҳаракат қилишимиз керак. Шунда турли коррупцион йўллар билан илмий даража олишга интилаётган псевдо-олимлар сони камайган бўларди. Бунинг учун турли лавозимларга тавсия қилишда илмий даражанинг ҳозирги муҳим ролини пасайтириш, илмий даража туфайли ойлик маошларни фарқлантириш тенденциясини меъёрда ушлаш, ОТМ ва ИТИларда илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланаётган ва халқаро базаларга (Scopus, Web of Science) киритилган журналларда илмий мақола чоп этганларни рағбатлантиришни кенг йўлга қўйиш керак. Қувонарлиси, бундай ишлар ҳозирданоқ айрим ОТМларимизда йўлга қўйилган, мисол учун Тошкент Ахборот Технологиялари Университетида шундай рағбат бор экан.

Эркинжон Каримов,

Ўзбекистон республикаси Фанлар академияси, В.И.Романовский номидаги Математика институти катта илмий ходими, физика-математика фанлари номзоди

Мавзуга оид