22:59 / 04.04.2019
10562

Япониянинг фазовий қурилмаси астероидга бомба ташлайди 

Япониянинг фазовий зонди “Хаябуса-2” Ер ва Марс сайёралари ўртасида жойлашган Рюгу астероидига бомба ташлаш учун само жисми устида пастлай бошлади.

Япониянинг аэрокоинот тадқиқотлари агентлиги маълум қилишича, “Лочин 2” деб таржима қилинувчи зонд 500 метргача пастлаб, сўнгра астероидга 4,5 кг портловчи моддали блок-бомбани ташлайди.

Зонд портлаш олдидан ҳимояланиш мақсадида астероиднинг қарама-қарши томонига яширинади, бўлаётган воқеаларни эса хавфсиз жойга олиб борилган махсус камера қайд қилади.

Япониялик тадқиқотчилар портлаш орқали астероидда сунъий кратер ҳосил қилишмоқчи. Олимлар кратерда Қуёш тизими шакллангандан бери соф ҳолда қолган жинсларни топишга умид қилишмоқда. Май ойида зонд зарур намуналарни олиш учун кратер ҳосил бўлган жойга қўнади.

Зонд Рюгуга 2014 йил декабрда жўнатилган. Астероидда сув ва органик моддалар излари топилишига катта умид боғланмоқда. Бу коинотда ҳаётнинг тарқалиши сирини топишда ёрдам бериши мумкин, деб ҳисобланмоқда.

Массаси 600 кг бўлган зонд ноябрь ёки декабрда астероид орбитасини тарк этиб, сайёрамиз томон йўл олиши кутилмоқда. Қурилма Ерга 2020 йилда қайтиши керак. 

Top