Жамият | 17:09 / 07.04.2019
7344
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 7,5 тонна минерал ўғитнинг ноқонуний олди-сотдисига чек қўйилди 

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан ҳамкорликда Чироқчи туманида тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир натижасида 7,5 тонна минерал ўғитнинг ноқонуний олди-сотдисига чек қўйилди, деб хабар берди Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Аниқланишича, Қашқадарё вилояти “Агрокимёҳимоя” ҳудудий акциядорлик жамиятининг Касби туманидаги филиалларидан бирида  мудир лавозимида ишлаб келган Қ.Ш. ўзининг жавобгарлиги остида бўлган 7,5 тонна “сульфат аммоний” минерал ўғитини фаолиятини тугатганига икки ой бўлган фермер хўжаликларидан бирининг раиси М.А. ва бошқалар билан тил бириктириб, сохта ҳужжатлар асосида Самарқанд вилоятига олиб кетаётганида Чироқчи туманида тўхтатиб қолинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қ.Ш. ва унинг шерикларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов идораларига юборилди.

Таҳлилларга кўра, вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 5 та ҳолатда 40,7 тонна аммиакли селитра минерал ўғитининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид