Жамият | 21:40 / 08.04.2019
18972
12 дақиқада ўқилади

ОАК раддиясига жавоб. Навбатдаги таклифлар ва баҳсга якун

Ўзбекистон Олий аттестация комиссиясининг уларнинг фаолияти ҳақидаги танқидий фикрларимга раддия тарзида мақола тайёрлаганларининг ўзи мен учун аҳамиятли. Мақолаларда билдирган ҳар бир фикримга имкон қадар батафсил тўхталганларини қадрлайман. Шу билан бирга ўқувчиларда тўлиқроқ тасаввур ҳосил бўлиши учун баъзи фикрларимга изоҳ бериб кетишни ҳам лозим топдим.

1) Менинг икки табақали илмий даража беришнинг камчиликлари борасидаги, хусусан, илмий кенгашлар, экспертлар кенгаши аъзолигига тасдиқланишида фан доктори илмий даражасига эга бўлганларга маълум имтиёзлар борлиги ҳақидаги фикримга «олимларни илмий кенгашлар ва эксперт кенгашларига киритиш борасида ҳеч қандай имтиёзлар мавжуд эмас, аксинча, уларнинг масъулияти кескин оширилади» деб жавоб бериб туриб, давомида айнан менинг устоз ва ҳамкасбларим аъзо бўлган илмий кенгаш ва экспертлар кенгаши мисол тарзида келтирилади. Бу билан ОАК «сенинг ҳамкасбларинг ҳам имтиёзлар орқали аъзо бўлган демоқчимисан?» деган фикрни урғуламоқчи бўлдими, билмадим. Ваҳоланки, мен умумий тенденция ҳақида ёзганман. Мен имтиёз деб назарда тутганимда ЎзР ВМ ҳузуридаги ОАК Раёсатининг 2017 йил 31 майдаги 239/3- сон қарори билан тасдиқланган «Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш тўғрисида низом»ни асос қилиб олгандим. Бу низомнинг 2-боб 6-бандида шундай дейилган: «Фан доктори (DSc) илмий даражасни берувчи илмий кенгаш ҳар бир ихтисослигининг тегишли фан тармоғи бўйича камида 5 нафар фан доктори киритилади. Истисно тариқасида, Илмий кенгаш илмий котиби сифатида фаол илмий фаолият бораётган ва катта илмий-амалий тажрибага эга бўлган фан номзоди ёхуд фалсафа доктори (PhD) ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражага эга бўлган мутахассис киритилиши мумкин. Фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи илмий кенгаш таркибига Илмий кенгаш ҳар бир ихтисослигининг тегишли фан тармоғи бўйича камида 5 нафар илмий даражага эга бўлган мутахассис киритилади. Бунда фан докторлари сони Илмий кенгаш аъзоларининг ярмидан кам бўлмаслиги лозим». Менимча, бу талабларни бемалол фан докторлари учун имтиёз сифатида талқин қилса бўлади.

2) Диссертация мавзуларига қўйилган чекловлар ҳақида ёзган эътирозларимга қарши ўлароқ, ОАК томонидан ҳеч қандай техник чекловлар ўрнатилмагани, мавзу ўзгартириш жараёни техник жараёни соддалаштирилгани, якуний мавзу тадқиқот бошидаёқ ОАК базасига киритилмаса, такрорий ва параллел мавзулар пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тушунтиришлар (асослашлар) берилган. Мен мана шу қисмда аниқ далиллар келтира олмаслигим сабабидан (айнан шундай муаммога дуч келганлар расмий кўрсатма беришдан бош тортади) бу чекловлар ОАК томонидан қўйилган демоқчи бўлганим учун узр сўрашим мумкин. «Дардимизни айтибсиз» деганлардан ҳам ўз вақтида узр сўраб қўйишимга тўғри келади. Лекин реал вазият бу билан ўзгариб қолмайди (балки бундан кейин ўзгарар). Энди амалдаги жараён ОАК кўзда тутган мақсадга жавоб берадими, деган саволга жавоб изласак. ОАК веб-сайтида рўйхатга олинган мавзулар базасини топмайсиз. Уларнинг бир қисми ОАК Бюллетенининг pdf-файллари кўринишида бор, холос. ОАК таъкидлаган такрорий ва параллел мавзулар бўлмаслиги учун энди талабгорлар бюллетеннинг барча сонларини текшириб чиқиши керак бўлади. Мен эса таклифимда ОАКда шундай мавзулар базаси бўлсин, талабгорлар калит сўзлар билан рўйхатдан ўтган мавзуларни топиши осон бўлишини назарда тутгандим. Умуман, мавзуга техник чеклов қўйиилмаса, уларнинг устма-уст тушиб қолиши амримаҳол. Бунинг учун яхшилаб ҳаракат қилиш керак бўлади. Дарвоқе, талабгорлар диссертация мавзулари ОАК рўйхатида бўлмаса малакавий имтиҳонларни яқингача ҳам топшира олмасди. Жавобда «тўртинчидан» деган пунктда шунга урғу берилган. Энди мавзу ОТМ ёки ИТИ илмий кенгашида тасдиқланган бўлса бўлди экан. Эътироф этаман, катта енгиллик.

3) Жавобда автореферат ва диссертацияга қўйилган чекловлар борасидаги фикрларим ҳам тўлиқ инкор қилинган, мавжуд талаблар асослигини исботлашга ҳаракат қилинган. Тўртта пунктдан иборат асосларда бу чекловлар диссертантларга ҳеч қандай чекловлар келтириб чиқармаслиги, уларда директив ҳужжатларнинг келтирилиши эса соҳаларни ривожлантириш бўйича қўйилган вазифаларни ҳал этиш юзасидан ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар мавжудлигини кўрсатаркан. Шу жойида энди тасаввур қилинг (аслида шунга ўхшаш ҳолат реалликда юз берди ҳам) математика бўйича диссертацияда «Президентнинг фалон фармони, Вазирлар Маҳкамасининг пистон қарорида кўрсатиб ўтилган вазифаларни ҳал этиш юзасидан юқори тартибли дифференциал тенгламалар учун чегаравий масалаларнинг бир қийматли ечилиш бўйича фалон-фалон натижалар олинди» деган гапни ўқиган чет эллик ҳамкасб қай аҳволга тушади? Ишонмаганлар бундай талаб оқибатлари қандай бўлганини яқин йилларда ҳимоя қилганларнинг авторефератларини олиб ўқиб кўриб билиб оласизлар.

Авторефератнинг биринчи қисмидаги маълумот диссертациянинг кириш қисмида айнан такрорланиши диссертантларга ҳеч қандай чеклов олиб келмайди, деган таъкид ҳам аксарият ҳолларда асосли эмас. Автореферат ҳажмига қатъий чеклов бўлгани боис, кириш қисмида маълумот қисқароқ берилади, лекин диссертациянинг кириш қисмида бундай маълумотлар батафсилроқ берилишига чеклов бўлиши мақсадга мувофиқ эмас.

4) ОАК томонидан тасдиқланган илмий журналлар рўйхати бўйича раддияда «Рўйхат ОТМ, ИТМ ва бошқа ташкилотлар тавсияси асосида шакллантирилади», деб ёзилган ва бу рўйхат мунтазам равишда янгиланиб борилиши таъкидланган. Шу ўринда, янгиланиш частотаси мазкур йилдан бошлаб ўзгаришни бошлади, унгача йилда бир маротаба янгиланарди. Рўйхатда раддияда таъкидланганидек, 43та илмий базага кирган журналлардан ташқаридаги журналлар киритилиши мақсадга мувофиқлигини айтгандим, ҳозирги рўйхатда бу базаларга кирган журналлар яна алоҳида киритилган. Бундай кераксиз такрорларни ОАК берилган тавсияларни юқоридаги базалар асосида текшириб кейин якуний рўйхатни тасдиқлашини назарда тутгандим. Амалдаги рўйхатдан шундай такрорларнинг бир нечтасини топиш мумкин. Мисол учун, «Украинский физический журнал» SCIMAGO базасида бўлгани ҳолда 51-рақам билан рўйхатга киритилган ва бундай мисоллар кўп. Масъулиятни бошқаларга ўтказишдан кўра, камчиликни тан олиб қўйган яхшироқ, асосийси, фойдалироқ бўлади.

5) ОАК сайтидан илмий даража ва унвонлар ҳақида маълумотларни осонроқ топиш бўйича билдирилган фикрга ОАК сайти шундай қулайликларга эгалиги, қолаверса, яқинда сайт янгиланиши ва сайтга ОАК бюллетенининг барча сонлари юкланиши айтиб ўтилган. Мен назарда тутган сайт мукаммалроқ, камида учта тилдаги версияга эга бўлиши ва маълумотларни pdf-файллардан эмас, балки бевосита базалардан олиш имкони бўлиши ҳақида эди. Лекин подадан олдин чанг чиқармайликда, ОАК сайтининг янги версияси шундай имкониятларни ўз ичига олишини кутайлик.

6) Мақоламда асосий деб ҳисоблаганим икки табақали илмий даража беришдан бир табақаликка ўтиш керак деган фикримга қарши раддияда қизиқ факт келтирилган. Унда «Мисол тариқасида, Англия таълим вазири Жастина Гриннинг интервьюсини келтириш мумкин. Унга кўра, бугунги кунда Англияда умумий ўрта таълим соҳасида ислоҳотлар якунига етказилиб, унинг натижаларига ижобий баҳо берилган. Энди, жумладан олий ўқув юртидан кейинги таълим икки поғонали тизимини жорий этиш юзасидан фикр билдирилган», дейилади. Ҳолбуки, бу маълумот ёлғонлигини мана бу ҳаволадан билиб олсангиз бўлади. Охирги 2 йилда илмий даража олганларнинг сонини келтириш билан нима демоқчи бўлинганини тушуниш қийин. Олдинги бир табақали тизим кўпчилик учун тўсиқ бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Лекин у бир табақали тизим дунёда муқобили йўқ, ўзимизга хос гибрид тизим эди. Мен бир табақали тизимга ўтайлик деганимда дунёнинг аксарият мамлакатларида амалда бўлган ва ўз самарадорлигини кўрсатган тизимни назарда тутганман. Икки табақали тизимдан қайта бир табақаликка ўтишимиз осон кечмас, лекин бу зарурий қадам деб ҳисоблайман. Икки табақали тизим амал қилаётган мамлакатлар сони ва ривожланганлик даражасига бир назар ташлайликда, кейин ўзимизга хулоса қилайлик.

7) Раддияда ЎзА бир нечта йўналиш бўйича илмий мақолалар нашр қилувчи илмий журнал сифатида ОАК рўйхатига қўшилганига бир неча сабаблар келтирилган. Лекин тўғриси, саволларимга жавоб сифатида берилган бу маълумотлардан қониқмадим. ЎзА агентлигининг «Илм-фан» бўлими таҳририяти ҳақида маълумот йўқ, 8та тилда ҳамма рукнлар ҳам тўлиғича нашр этилмаслиги, етакчи олимларнинг тақризлари қандай олиниши ҳақида ҳеч гап йўқ. ЎзА келган илмий мақолаларни шунча йўналишда объектив тақриздан ўтказишга қанчалик имкониятли? Етакчи олим деб фан доктори илмий даражасига эга олимни тушунамизми, агар шундай бўлса талабгор бирорта шундай мутахассис тавсияси билан келса мақола нашр этилаверадими?

Хуллас, яна саволлар кўп. ЎзАнинг илмий нашр сифатида эътироф этилишини турли йўллар билан асослашга ҳаракат қилмайлик, илмий мақолалар ихтисослашган журналларда чоп этилгани маъқул кўринади. Балки, ахборот агентлигида илмий мақолалар нашр этилиши ва бу расмий тарзда тан олинишини йўлга қўйган жаҳондаги биринчи давлат бўлганимиз билан фахрланишимиз керакдир? Бу илмни оммалаштириш томон қўйилган муҳим қадам деб ҳисоблаш керакдир, балки. Мана бу скриншот бунга яққол мисол бўлади. Футбол хабарига қизиққан мухлиснинг кўзи беихтиёр филология фанлари бўйича диссертация ҳимоясига тушиб, бу жараёнда иштирок этгиси келиб қолар? Бунинг нимаси ёмон?

Диссертация ҳимояси ҳақидаги эълонни сайтларда нашр этишни балки қисқартириш керакдир. Диссертантга ортиқча 80 минг ёки 100 минг сўм ортиқча сарфлашдан нима маъно бор? Бу талабни ҳам ОАК олиб бораётган оптималлаштириш жараёнида олиб ташлаш мумкин бўлар.

8) Раддия охирида яна таклифларим бўлса илмий кенгашда муҳокама қилиш имконияти тақдим қилингани қувонарли ҳол, албатта. Айни пайтда Бельгиянинг Гент университетида илмий сафарда бўлганим боис, бу имкониятдан фойдалана олмайман. Шу ўринда, мен ҳам яна бир таклиф билан чиқмоқчиман. Илм-фан соҳасига масъул бўлганлардан соҳадаги реал вазиятни билиш, камчиликларни очиқлаш, соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган сабабларни аниқлаш учун тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда сўровнома тузилса ва бу сўровнома аноним тарзда ўтказилса, натижалар таҳлили учун турли мутасадди ташкилотлар (Инновация вазирлиги, Фанлар академияси, ОАК, олий таълим вазирлиги)нинг вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Соҳа одамлари ошкора айтолмаётган муаммоларини шундай сўровномада акс эттирган бўлишарди.

Полемикага айланиб кетган бу баҳсни шу ерда тўхтатиш ниятидаман. Илм соҳасидаги устоз, ҳамкасблардан соҳада ўтказилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмасликларини илтимос қилиб қоламан. Зеро, эртанги фаолиятимиз бугунги ислоҳотларга бевосита боғлиқдир.

Эркин Каримов,
Ўзбекистон Фанлар академияси математика институти катта илмий ходими

Мавзуга оид

Эълонлар

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти