Жамият | 18:00 / 09.04.2019
36015
10 дақиқада ўқилади

Ғузордаги шийпон-мактаб машмашаси. Директор нега икки хил гапирди?

Ўтган ойларда Қашқадарё вилояти, Ғузор туманидаги 21-умумий ўрта таълим мактаби филиалининг абгор ҳолати ва ўқувчиларнинг оғир шароитда таълим олаётгани ҳақида маълумотлар интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда тарқалганди.

Kun.uz таҳририятига ҳам шу мазмундаги мурожаат келганди. Таҳририят томонидан ушбу ҳолатни ўрганиш истаги билдирилганида, мурожаатчи бошқа интернет сайти масалани ўрганганини айтган, шу туфайли сайтда бу ҳолат юзасидан журналистик суриштирув олиб борилмаган эди. Аммо мурожаат Kun.uz’нинг Telegram’даги кундалик саҳифасида (@KundalikUZ) эълон қилинганди.

Бу мавзу Daryo.uz сайти мухбири томонидан ўрганилган. Март ойида нашр қилинган «Қашқадарёда 1972 йилда қурилган шийпон мактабда ўқиётган ўқувчилар илон ёки чаён чақишидан чўчимоқда» сарлавҳали биринчи мақолада мактаб филиалида кўп йиллардан буён ишлаб келаётган ўқитувчилар мавжуд аҳвол ҳақида маълумот беришганди.

Филиалда 12 йилдан буён ишлаб келаётган ўқитувчи Мўътабар Равшанова шундай деган: «Синфхоналаримизни ҳар йили таътил пайтида ўзимиз таъмирлаймиз. Лойсувоқ қилдирамиз, оҳаклаймиз. Барчаси ўз кучимиз ва маблағимиз эвазига бўлади. Баъзан уйдагиларга илтимос қиламиз, баъзан эса ойлигимиздан орттириб ишчи ёллаймиз. Синфхоналаримиз жуда тор ва ноқулай. Ёмғир ва қорли кунларда ҳатто синфхоналар ҳам лой бўлиб кетади. Ўқувчиларимиз оёғидан нам ўтмаслиги учун оёғи тагига тахта қўйиб ўтиришга мажбур бўлишади».

16 йилдан бери филиалда ишлаб келган бошқа бир ўқитувчи Чарос Назарова эса туман халқ таълими бошқармасидагилар вазиятдан хабардор бўлишсада, ўзгаришлар бўлмаётганини билдирганди: «2003 йилдан бери ушбу мактабда дарс бераман. Мутасаддилар келиб кўриб кетишган. Аммо ўзгариш йўқ. Лойгарчилик пайтида лойда юриб ҳам бўлмайди. Мактабга олиб келувчи йўлларнинг абгорлигини айтмасак ҳам бўлади. Ахийри халқ пул йиғиб қўлдан келганча мактаб ёнига келувчи кўчага шағал тўкди. Лекин синфхоналарга кириш жойи ва синфхоналарнинг ўзи эса абгор ҳолатда. Ҳолатдан туман халқ таълими бўлими мудири (туман халқ таълими бўлими мудири Рисолат Эшқобилова назарда тутилмоқда) яхшигина хабардор».

Апрель ойи бошида эса мавзу юзасидан иккинчи мақола берилди, унда Ғузордаги шийпон-мактабда ўқиётган ўқувчилар асосий бинога кўчирилгани, филиал учун янги мактаб қурилиши бошлангани маълум қилинди.

Бу орада мавзу юзасидан Kun.uz таҳририятига эътироз йўллаган ўқувчиларимиз ҳам бўлди.

«Мен айнан шу мактабда таҳсил олган собиқ ўқувчи сифатида шуни айтмоқчиманки, мактаб ҳозирги ўрта таълимга қўйиладиган талабларга бемалол жавоб бера олади. Сиз суратларда кўрган ҳолат сал узоқроқда жойлашган қишлоқ болалари қийналмаслиги учун маҳалла бирлашиб, аввалги дала шийпонини шу ҳолатга келтиришган, яъни ўқувчилар қишнинг совуқ кунлари узоққа бориб юрмасин, деб ўқитувчилар бориб дарс ўтишган», — дейилади эътирозлардан бирида.

Kun.uz мухбири вазиятни ўрганиш мақсадида Ғузор туманида бўлиб, маҳалла аҳли, мактаб директори ва бошқа мутасаддилар билан суҳбатлашди.

Мактаб жойлашган «Мўминобод» маҳалласи раиси Н.Раҳмонов ўз фикрларини билдириб ўтди:

— Маҳалламиздаги мактаб филиали ҳақида интернетда тарқалган хабарлардан хабаримиз бор. 21-умумий ўрта таълим мактаби замон талабларига жавоб беради. Фақат қиш кунлари фарзандлари узоқроқдан қатнайдиган аҳоли ўз ташаббуслари билан маҳалла гузарини вақтинчалик синфхоналарга айлантириб, совуқ кунларда таълим олишини ташкил қилган. Бу дегани — бутун маҳалла болалари шу шароитда таълим оляпти, дегани эмас. Фақатгина айрим ота-оналарнинг ташаббуси бўлган. Хоҳлаганлар фарзандларини мактабга ўзи олиб боришган.

Балким маҳаллақўм ҳақдир. Лекин бу ҳолат кеча ёки бугун кузатилган эмас, 16 йилдан бери давом этмоқда.

Маҳалладаги 21-умумтаълим мактабида бўлиб, уни кўздан кечирдик. Ҳақиқатан мактаб замонавий, таълим олиш талабларига жавоб беради.

Абгор ҳолатдаги филиали ҳақида мактаб директори Нигора Шерназарова шундай дейди:

— Аслида, мактабимизнинг ҳеч қандай филиали йўқ. «Мўминобод» қишлоғида 41 нафар ўқувчи бор. Ота-оналар ҳар йили фарзандлари совуқда мактабга қатнамаслиги учун қишлоқнинг ўзидаги маҳалла гузарини мослаштириб, ўша ерда ўқишни ташкил қилишган. Бу ҳолатни тўғри тушунган ҳолда ўқитувчиларимиз бориб дарс ўтиб келишган. Март ойида яна мактабимизнинг ўзида таълимни давом эттиришган.

Тўғриси, масалани интернетга нохолис олиб чиқишди. Бизнинг мактабда филиал йўқ. Кўриб турганингиз абгор ҳолатдаги маҳалла гузари биноси мактаб филиали эмас. Ота-оналарнинг илтимоси ва ташаббуслари билан шу ерда вақтинча ўқиш ташкил этилган.

Қолаверса, шу ернинг ўзида мактаб филиали қурилиши режалаштирилган. Аммо туман ҳокимлиги ва қишлоқ аҳолисининг маслаҳатлашуви билан бошқа жой танланди. Бу қоғозда қолиб кетган, дея берилган хулоса ҳам нотўғри, — деди мактаб директори биз билан суҳбатда.

Қизиқ вазият юзага келяпти: Мактаб директори Нигора Шерназарова Kun.uz мухбирига «ҳеч қандай филиал йўқ ва бўлмаган, энди қурилади», деяпти. Лекин ўқитувчилар бориб дарс ўтишган. 16 йил давомида. Бу филиал бўлмасдан нима эди унда?

Ҳолбуки Шерназарова март ойида Daryo.uz мухбирига берган интервьюсида «филиалда 41 нафар ўқувчи таҳсил олиши, 2018 йилнинг 28 март куни Ғузор туманининг собиқ ҳокими О.Боймиров 21-мактаб филиали биносини қайта реконструкция қилиш ҳақида қарор чиқаргани» ҳақида айтиб, яқин вақт ичида ишлар бошланишини (ҳоким қарори чиққанидан бир йил вақт ўтиб) маълум қилганди.

Фото: Нигора Шерназарова / Daryo

Шерназарованинг 5 апрель куни айтган гапларига эътибор беринг:

«Ўқувчилар асосий бино ва филиал ўртасидаги 2–3 километрлик масофадан келиб кетишда қийналиб қолмасликлари учун автобус ҳам ажратиб берилди. Филиал учун ҳудуддан 120 ўринли янги мактаб қурилиши бошланди».

Нигора Шерназаровага кўра, «1,018 миллиард сўм маблағ эвазига қурилиши бошланган янги мактаб биносида спорт зали ва болалар майдончаси ҳам бўлади».

Бояги абгор бинога «Мўминобод» маҳалла гузари деган ёзувлар туширилган яп-янги пешлавҳа ҳам илиб қўйилибди. Ҳолбуки, ҳамкасбларимиз томонидан тайёрланган илк материалларда у йўқ эди.

Ғузор туман прокурори, 2-сектор раҳбари Бегзод Суюнов ҳам мазкур масалада ўз фикрларини билдириб ўтди.

— Мана шу маҳалла гузари ўрнида 21-умумий ўрта таълим мактабининг филиали учун янги бино туманнинг 2019 йил инвестиция дастурига мувофиқ қурилиши режалаштирилган эди. Аммо қурилиш ишлари бошланаётганда қишлоқ аҳолисидан эътироз бўлди. Келдик, суҳбатлашдик, уларнинг эътирозларини тингладик, нуроний отахонлар билан маслаҳатлашдик. Уларнинг айтишича, филиал биносига бу ер торлик қилар экан. Спорт майдонларига жой бўлмайди. Албатта, қишлоқ аҳолисининг эътирозларини инобатга олиб, туман ҳокимига таклиф киритдик. Шундан кейин мактаб филиали биносини қуриш учун бошқа ер танланди. Аҳолига ҳам бу жой маъқул бўлди.

Маҳалла гузарида эса фақат совуқ кунларда ота-оналар илтимоси билан фарзандларига дарс ўтилган. Шахсан ўзим келиб бу жойни ёптириб ташлаган пайтларим бўлган, — дейди туман прокурори.

Маълум бўлишича, филиал учун бошқа ер танлангани боис, 2019 йил 6 март куни 21-умумий ўрта таълим мактабининг филиали учун 80 ўринли замонавий бино қуриш учун «Мўминобод» қишлоғидан ер ажратиш ҳақида Ғузор туман ҳокими С.Бобоқуловнинг Х-983/03-сонли қарори қабул қилинган. Айни вақтда қурилиш ишлари бошланиш арафасида.

Бу масала юзасидан қишлоқ аҳолиси билан ҳам суҳбатлашдик.

«Фарзандларимиз совуқ кунлари бир-икки километрга қатнамаслиги учун бир неча йиллардан бери шу маҳалла гузарини таъмирлаб, вақтинча мактабга айлантирамиз. Кунлар исиши билан яна асосий мактабга қатнай бошлайди. Бу ташаббуснинг бошида ҳамиша ўзим турганман. Қишлоқ одамлари билан доим маслаҳатлашганмиз. Бу маҳалла гузарининг ўрнида филиал қуриш режалаштирилган вақтида раҳбарлар ва қишлоқ аҳолиси бирга маслаҳатлашиб, филиал биноси бошқа жойда қурилишига келишдик», — дейди маҳалла фаоли Амир ота Маҳмудов.

Қишлоқ аҳолисининг бошқа фаолларидан ҳам асосан шу мазмундаги фикрларни эшитдик.

Ғузор туман ХТБ мудири ўринбосари Шокир Пардаевга кўра, мақола эълон қилингач, туман халқ таълими бўлими ходимлари филиалда бўлишиб, ҳолатни ўрганишган. Филиалдаги аҳвол жуда ёмонлиги тасдиқланиб, у ерда таҳсил олувчи 41 нафар ўқувчи 21-мактабнинг асосий биносига кўчирилган.

Фото: Шокир Пардаев / Daryo

Айни вақтда мактаб филиали учун янги замонавий бино қурилиш ишлари бошланмоқда. Янги ўқув йилида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

ТАҲРИРИЯТДАН: Абгор ҳолатдаги бинода ўқувчилар 16 йилдан буён ўқитиб келингани — факт. Қандай сабаблар ва мақсадларда эканлигидан қатъи назар.

Муаммо дунё юзини кўргач, мутасаддилар абгор бинога «Мўминобод» маҳалла гузари, деган пешлавҳа осиб қўйиб, «филиал ҳеч қачон бўлмаган», дея ўзларини оқлашга ҳаракат қилишмоқда.

Аслида эса мутасаддилар мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналарини қийнаётган масалага панжа орасидан қараб келган, масала очилгач мутасаддилар вазиятни ёритган журналистни нохолисликда айблашга ўтишибди (Тахмин қилиш қийин эмас, дастлабки мақолада интервью берган ўқитувчилар ва бошқа инсонларнинг бошида ҳам калтаклар синган).

Аммо, журналист айбдор эмас. У доимо ўзи кўрганини ёзади. Бу мутасаддиларга ёқиш-ёқмаслиги, ёзгани уларнинг манфаатларига тўғри келиш-келмаслиги бошқа масала. 

Мавзуга оид