Ўзбекистон | 00:09 / 09.04.2019
8545
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон ва Бангладеш тадбиркорлари Ўзбекистоннинг икки вилоятида бўлишди

Фото: Ҳиндистондаги Ўзбекистон элчихонаси

Фармацевтика, соғлиқни сақлаш, логистика, текстиль ва бошқа соҳалар бўйича Ҳиндистон ва Бангладеш делегациялари Ўзбекистонга ташриф буюрди. 

Ҳиндистондаги Ўзбекистон элчихонаси матбуот хизматидан Kun.uz'га хабар берилишича, хорижий тадбиркорлар гуруҳи 5-6 апрель кунлари - Наманган вилоятида, 7-8 апрель кунлари Андижон вилоятида бўлишди. Хусусан, ташриф давомида хорижий ишбилармонлар Наманган ва Андижон вилоятлари ҳокимлари билан самарали музокаралар олиб боришди. Шунингдек, делегация аъзолари вилоятлардаги саноат корхоналарини кўздан кечиришди ва у ерларда яратилган шароитлар билан танишишди. 

Наманган вилоятида замонавий госпиталь қурилиши ҳамда тўқимачилик соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга доир келишувга эришилди. 

Андижон вилоятида "Андижон-фарм" Ўзбекистон-Ҳиндистон эркин иқтисодий зонасини яратишга оид қўшма лойиҳаларнинг ҳозирги ҳолати ва келажакдаги режалар муҳокама қилинди. 

Ҳиндистон ва Бангладеш тадбиркорларининг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда. Таъкидлаш жоизки, бир неча кундан сўнг ҳиндистонлик бошқа ишбилармонлар гуруҳининг Андижон ва Наманган вилоятларига ташрифи ҳам кутилмоқда.

Мавзуга оид