13:00 / 10.04.2019
10765

Тошкент вилоятида қарздор ҳайдовчилар аниқланмоқда 

Тошкент вилоятининг М39 “Олмаота-Бишкек-Тошкент-Термиз” (Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятини боғловчи йўл) автомобиль йўли, А373 “Тошкент-Ўш” (Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятини боғловчи йўл) автомобиль йўли ва 4Р12 “Бектемир-Чирчиқ-Ғазалкент-Чорбоғ” (Тошкент шаҳри ва Бўстонлиқ  туманларини боғловчи йўл) автомобиль йўли, 4Р2 “Тошкент ш.-Тўйтепа ш.-А373 автойўли” (Тошкент ва Нурафшон шаҳарларини боғловчи йўл) автомобил йўлларида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари онлайн режимда ишламоқда. 

Фото: Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати

Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ Матбуот гуруҳи хабарига кўра, ушбу фоторадарлар орқали 2019 йил бошидан буён 17 242 та қоидабузарлик аниқланди. Ҳозирда ушбу қарздорларнинг 3 421 нафаридан қоидабузарлик бўйича белгиланган жарималар ундирилди. Ўтган давр мобайнида 60 кун муддат ичида қонунда белгиланган тартибда жарималарни ўз вақтида тўламасдан юрган 1 175 транспорт воситалари эгаларидан жарималарни ундириш чоралари кўрилмоқда.

Фото: Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати

Бугунги кунда, шакллантирилган рўйхат асосида айнан ушбу тоифадаги транспорт воситалари эгаларини аниқлаш, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини таъминлаш мақсадида “АUTO CON” мосламаси ёрдамида бир кунда 216 нафар белгиланган жаримани тўламаган қоидабузар ҳайдовчи аниқланиб, белгиланган жарима ундирилгунга қадар автомашина вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилмоқда. 

Фото: Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати

Хусусан, куни кеча Янгийўл шаҳрида ўтказилган рейдлар давомида “Ласетти” русумли автоулов “АUTO CON” мосламаси орқали олинган маълумотлар асосида тўхтатиб текширилганда, унинг ҳайдовчиси ўтган давр мобайнида махсус автоматлаштирилган фото қайд этиш техника воситалари орқали 6 марта тезликни ошириш қоидабузарлигини содир этиб, 5 миллион 59 минг 35 сўм миқдорида жаримани тўламасдан юрганлиги аниқланди. Ушбу автоулов жарима майдонига жойлаштирилди.

Фото: Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати

Ўз навбатида, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасида белгилаб берилган 60 кун муддат  ичида  жарималарни тўламаслик, жарима тўлагунга қадар транспорт воситасини жарима майдонига қўйишга асос бўлади.

Top