Жаҳон | 11:59 / 11.04.2019
4881
2 дақиқада ўқилади

Boeing акциядорлари компания раҳбариятини судга беришди

Фото: EPA

Индонезия ва Эфиопияда Boeing 737 Max самолётлари қулагандан кейин Boeing акциядорлари компания раҳбарияти устидан хавфсизлик борасидаги муаммоларни атайин яширгани юзасидан судга даъво аризаси топширишди. 

Hagens Berman адвокатлик контораси вакилининг таъкидлашича, концерн сармоячилардан иккита самолётнинг ҳалокатига олиб келган муаммолар мавжудлигини яширишган.

Самолётларнинг қулаши компания акциялари нархининг кескин пасайишига олиб келган.

Адвокатларнинг айтишича, Boeing концерн раҳбарияти хавфсизликни таъминлашнинг муҳим тизимлари самолётнинг базавий жиҳозланишига киритилмай, қўшимча опция сифатида сотилгани ва шу сабабли кўплаб авиакомпаниялар уларни сотиб олишмагани ҳолатини яширганликда айбланмоқда.

Бундан ташқари, Boeing самолётларнинг сертификатлаштирилиши вақтида АҚШ федерал авиация бошқармаси хавфсизликни таъминлаш бўйича ваколатларнинг катта қисмини компания муҳандисларига ишониб топширганини маълум қилмаган.

Гап яққол манфаатлар ихтилофи ҳақида бормоқда, чунки компания янги модели билан бозорга тезкорлик билан чиқишни ва асосий рақобатдоши бўлган Airbus’дан ўзиб кетишни истаган.

Адвокат Рид Катрайннинг айтишича, “ҳалокатли хавфлар” атайин сармоячилардан яширилган. “Boeing даромад ва ўсишга интилишни парвозлар хавфсизлигидан устунроқ қўйган”, деб айтган адвокат.

Концернда акциядорлар аризаси бўйича ҳозирча изоҳ берилмаган. Айни вақтда Boeing устидан судга авиаҳалокатлар қурбонлари яқинлари ҳам даъво аризаси топширишган. Таъкидланишича, компания буни ҳал қилиш учун бир млрд долларга яқин компенсация тўлашига тўғри келиши мумкин.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид