Ўзбекистон | 17:04 / 11.04.2019
7619
2 дақиқада ўқилади

Вазирлар Маҳкамасининг ҳудудларда сайёр мажлислар ўтказиш тартиби тасдиқланди

Фото: KUN.UZ

Ҳукумат қарори (295-сон, 10.04.2019 й.) билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳудудларда мавзули сайёр мажлисларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги телеграм канали ёзмоқда.

Низомга мувофиқ, сайёр мажлислар жойларда аниқ соҳалар ва йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ўрганиш учун ўтказилади.

Қуйидагилар сайёр мажлисларнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:

Ҳаракатлар стратегиясидаги, давлат дастурларидаги вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг мақсадли ижросини таъминлаш;

ривожланишда орқада қолаётган қишлоқ туманлари ва шаҳарларни ривожлантириш ва бошқалар.

Сайёр мажлислар тизимли асосда ҳар чоракда ўтказилади. Сайёр мажлислар зарур ҳолларда видеоселектор йиғилиши шаклида ўтказилади.

Сайёр мажлисларга бош вазир бошчилик қилади. Президент ҳам мажлисларга бошчилик қилиши мумкин.

Сайёр мажлисларга Қонунчилик палатаси, Сенат, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари таклиф этилиши мумкин.

Сайёр мажлис якуни бўйича қарор қабул қилинади ҳамда унинг ижроси устидан назорат Ҳукумат аппарати томонидан амалга оширилади. 

Мавзуга оид