Жаҳон | 23:04 / 12.04.2019
22182
2 дақиқада ўқилади

Индонезиядаги сайловларда Михаил Горбачёв иштирок этмоқда

Фото: AFP

Индонезияда 17 апрелда ўтадиган парламент сайловларида иштирок этувчи номзодлар орасида Михаил Горбачёв исмли номзод ҳам бор бўлиб, бироқ ростини айтганда, гап собиқ иттифоқ етакчиси ҳақида эмас, балки унинг индонезиялик адаши ҳақида бормоқда. Бу ҳақда France-Presse ахборот агентлиги хабар берди. 

Тўлиқ исми Михаил Горбачёв Дом бўлган 32 ёшли сиёсатчи Индонезия тарихида энг катта кўламли сайловларда иштирок этувчи 245 минг номзодлардан бири бўлди.

Собиқ эколог-тадқиқотчи унинг адаши, Нобель мукофоти совриндори Михаил Горбачёв собиқ иттифоқнинг парчаланишига олиб келган ислоҳотларни бошлаган 1986 йилда туғилган. 

Индонезиялик Горбачёв AFP’га берган интервьюсида ўз исмининг келиб чиқиши тарихи билан бўлишган.

Унинг таъкидлашича, ота-онаси қиз фарзанд кўришларига ишонишган ва ўғил фарзанд кўрганларида унга исм танлаб қўймаганликлари сабабли саросимага тушиб қолишган. Бола ота-онаси Горбачёвнинг исмига газетада кўзлари тушмагунча бир ҳафта исмсиз яшаган. 

“Отам бу исмни қизиқ деб ҳисоблаган, чунки у Совет иттифоқида обрўли етакчи бўлган ва отам мени унинг шарафига аташга қарор қилган”, деб тушунтириб ўтган Горбачёв.

Унинг айтишича, унга ўсмирлик вақтида бундай антиқа исм билан осон бўлмаган ва у ҳанузгача уни Горба деб чақиришларини маъқул кўради. Бироқ кейинчалик бу исм унга экология соҳасидаги кўп йиллик саъй-ҳаракатлари муваффақият келтирмагач, сиёсатга киришга жазм қилишида ёрдам берган.

“Мен ўз ғояларимни амалга ошириш учун сиёсат билан шуғулланишим кераклигини англаганман. Бугун бу исм менинг фойдамга ишламоқда. Одамлар юзимни эслаб қололмасалар ҳам, бундай исмни ҳеч қачон ёдларидан чиқармайдилар”, деб таъкидлаб ўтган индонезиялик Горбачёв. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид