Ўзбекистон | 14:53 / 12.04.2019
37495
4 дақиқада ўқилади

Президентнинг таълим соҳасига алоқадор янги қарори қабул қилинади

Фото: Виктор Толочко

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда “Ҳунарманд” уюшмасининг:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги уч йўналиш – техник ижодкорлик, бадиий ижодиёт, ўлкашунослик ва экология бўйича “Баркамол авлод” республика болалар марказлари негизида Республика “Ижодкор болалар” мактаби;

“Баркамол авлод” болалар марказлари негизида “Ижодкор болалар” мактаблари;

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари ҳузуридаги ахборот-ресурс марказлари негизида “Болалар кутубхоналари”ни ташкил этиш;

умумтаълим мактаблари ҳузуридаги ахборот-ресурс марказлари фаолиятини 2019 йил 1 августдан бошлаб тугатиш ҳамда уларнинг 400 нафар штат бирликларини туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига, мавжуд китоб фондини умумий ўрта таълим муассасалари балансига бериш;

2020–2023 йилларда Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида тизимли равишда болалар туризмини ривожлантириш мақсадида 100–150 ўринли “Болалар сайёҳлик базалари”ни “Ижодкор болалар” мактаблари ҳузурида ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг мактабдан ташқари таълимни ривожлантириш бўйича асосий вазифалари этиб белгиланади:

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш орқали болаларни индивидуал ривожлантиришга қаратилган дастурлар ва услубий материалларни доимий такомиллаштириб бориш;

робототехника, мехатроника, муҳандислик ва компьютер дастурий таъминоти йўналишларидаги тўгаракларни доимий ривожлантириб бориш;

болалар ва таълим туризмларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш;

ўқувчи-ёшларнинг ижодий ишларини оммалаштириш, шу жумладан дунё бозорига миллий анъаналаримиз асосида яратилган маҳсулотларни олиб чиқиш мақсадида “Art shop” электрон дўконларини ташкил этиш;

мактабдан ташқари таълим муассасаларига ўқувчилар қамровини ошириш, ўқувчилар қизиқишларига кўра тўгаракларни ташкил этиш ва доимий фаолият олиб боришини таъминлаш;

болаларда касб тайёргарлигининг дастлабки ўқув ва кўникмаларини шакллантириш, тармоқ тўгараклари фаолиятини методик таъминлаш, китобхонлик маданиятини ошириш учун мактабдан ташқари таълим муассасалари фаолиятини замонавий таълим дастурлари орқали такомиллаштириш;

етакчи ташкилотлар ва университетлар билан биргаликда “Ижодкор болалар” мактабларида робототехника ва техник ижодкорлик йўналишида фойдаланадиган хом-ашёлар рўйхатини шакллантириш ва янгилаб бориш;

болалар техник ижодкорлигини ривожлантириш учун хорижий давлатлар илғор тажрибалари асосида “Ижодкор болалар” мактабларида давлат хусусий шериклик шартлари асосида “Bolalar texnoparki” лойиҳаларини ташкил этиш;

“Ижодкор болалар” мактаблари ва “Болалар кутубхоналари”нинг халқаро ҳамда республика танловлари ғолибларини муносиб рағбатлантириш механизмларини йўлга қўйиш;

тизимда илмий ва амалий тажриба алмашиш ишларни олиб бориш мақсадида хорижий мамлакатларда ходимларнинг малака ошириши ҳамда мақсадли хизмат сафарларини ташкил этиш;

болалар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш, кўчма кутубхоналар фаолиятини йўлга қўйиш, болалар ва мактаб кутубхоналарини бадиий адабиётлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш;

мактабдан ташқари таълим муассасаларининг бўш турган бино ва ер майдонларидан самарали фойдаланишни таъминлаш учун давлат хусусий шериклик шартлари асосида мақсадли лойиҳаларни амалга ошириш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид